Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов 71 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ёзувчи кейинги вақтларда бироз бетоб эди. Марҳум бугун Чилонзор туманидаги Катта Қозиробод қабристонига дафн этилади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов 1941 йил, 5 августда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1964 йилда Ўзбекистон миллий университетининг (собиқ ТошДУ) филология факултети журналистика бўлимини тугатган. 1959 – 62 йиллари “Қизил Ўзбекистон”, 1963-66 й. “Тошкент ҳақиқати” 1966-82 йиллари “Тошкент оқшоми” газеталарида адабий ходим, бўлим мудири, Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир, 1985-95 й. “Шарқ юлдузи, 2005 йиллардан “Театр“ журналларида бош муҳаррир бўлиб ишлади.
Илк китоби 1962 йилда “Пўлат чавандоз” очерклар тўпламидир. Биринчи йирик насрий асари “Чўл ҳавоси”, “Одамлар нима деркин” (1965), ”Шамол эсаверади” (1966), “Қалбингга қулоқ сол” (1973) қиссалари эълон қилинган. “Баҳор қайтмайди” (1970), “Дунёнинг ишлари”(1982) қиссалари ёзувчига шуҳрат келтирган.
Ёзувчининг “Муҳаббат “, “Деҳқоннинг бир куни”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Ўзбек иши” каби новеллалари ўзбек ҳикоячилигида муҳим ҳодиса бўлди. Илк романи “Нур борки, соя бор” (1976) да ёзувчи ўзига замондош-тенгдош журналист Шерзоднинг кечинмалари орқали ҳаяжонли маънавий –ахлоқий масалалар билан бирга ўткир ижтимоий муаммоларни кўтарган. ”Икки эшик ораси “(1986), “Тушда кечган умрлар” (1994 ) романларида Ў.Ҳошимов замондош –асрдош одамлар тақдирини 20-асрнинг энг кескин фожиавий ҳодисалари 2-жаҳон уруши ҳамда мустабид тузумнинг жинояткорона сиёсати оқибатлари билан боғлиқ ҳолда таҳлил ва талқин этиш йўлидан борган.
Ў.Ҳошимовнинг бир қанча асарлари экранлаштирилган. “Ҳазон бўлган баҳор”, “Инсон садоқати” (1975), “Виждон дориси”, “Тўйлар муборак” (1979), “Қатағон” каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи. “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”(2001) китоби ижтимоий –маънавий ҳаётда муайян из қолдирган. Асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган.
1995-2004 йиллари 1-, 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Олий Мажлис Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси, 1986 йили Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, 1996 йили “Меҳнат шуҳрати”, 2001 йили “Буюк хизматлари учун орденлари билан мукофотланган.