O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ёлғондур, ёлғон!

Ёлғондур, ёлғон!
175 views
15 December 2012 - 19:57

Келмиш замон Худо урғон — ҳар ён ғавғо – яғмо солғон,
Тирикчилик қайғусинда ёш-у қари ҳорғон – толғон,
Манманлар бошлара чиқиб, камтарларнинг пойин чалғон,
Эшшаклар отлардин ўзиб, совринни енгилғон олғон —
Бундай жойда калом ёлғон, Тангри қарзи – салом ёлғон!

Соҳибқирон салтанатин хароб – хомталаш этдилар,
Бойликларин ёппа тунаб, ганжларин хориж сотдилар,
Қанча тинч аҳолини отиб, кўпини зиндон элтдилар,
Оҳким, Темур авлодлари садақа сўраб тентирар —
Вовайло, ҳуррият ёлғондур, водариғ, истиқлол ёлғон!

Халқим аҳволотин кўрсанг: бемор, абгор, афтодалар,
Элбошилар элни авраб, қонини сўриб ёталар,
Ҳукмронлар роҳатин ўйлаб, пул – зар деб, мардумни талар,
Ё тамаъ, манфаат-чун қабоҳат қаърига боталар —
Ислоҳ-у қарорлар ёлғондур, онтлар-у қасамлар ёлғон!

Халқимни бир гала туллак маймунлар киби ўйнатди,
Қозонинда таом эрмас, пуч ваъдаларни қайнатди,
Оч – юпун гўдакларниям “бахтлимиз” дея “куйлатди”,
Ялтоқ – шалтоқлар тилиндин сохта санолар сўйлатди —
Мадҳлар – мақтовлар ёлғондур, китоблар – хитоблар ёлғон!

Бунда тўғрилар мағлуб-у эгрилар ғолиб – ғозилар,
Ўғрибоши – маъмур, миршаб; порабоз – нозир, қозилар,
Тулкиларнинг ўпишишган товоқдошлари – тозилар,
Жиноятчилар айш суриб, жазо айбсизлара ёзилар —
Адолат, қонун ёлғондур, ҳатто-ки, ҳақиқат ёлғон!

Нафс — мулла, эшоннинг коми, аксари саводсиз – оми,
Тилларинда Ҳақ номи-ю дилларинда дажжол доми,
Дуолари беижобат, ки, эслатарлар суллоҳни,
Дин-у диёнат ниқоби, алдарлар, илло, Оллоҳни —
Ондинму имон ёлғондур, бундинму виждон ёлғон!

Ҳаромхурлар есир – етим ризқин шилиб, дунё йиғар,
Мерос ҳам уй – жой дардинда ўғил падарини бўғар,
Арзимас нарса талошиб, ини оғо кўксин тиғлар,
Минг йил-ки, Яссавий бобом гўринда ётолмай йиғлар —
Меҳр-у мурувват ёлғондур, шафқат-у марҳамат ёлғон!

Юртнинг қоқ, суқ, тор бойлари наҳс ҳалқумин ўйлаб ўлди,
Оқибат: милёнлаб ўзбегим четлара чўри – қул бўлди,
Еб – ичғони оби – ёвғон, бўйниға кишан – ғул илди,
Нон излаб не йигитларнинг ёт ерларда умри сўлди —
Жондош – қондошлиғ ёлғондур, қавм-у қариндошлиғ ёлғон!

Саёқ сакка тош отсангам қаллоб ё каззобға теккай,
Алар турфа йўллар бирла ҳар кимнинг-да қаддин буккай,
Пайдо бўлди шум тоифа: низо – нифоқ тухмин эккай,
Бундайлар дўстни ёв айлаб, гардкамға Ватанни тиккай —
Паймонлар, асли, ёлғондур, оё энди аҳд ҳам ёлғон!

Аёлларимиз қисмати, тобакай, жафокаш меҳнат,
Оналар, нуқул, рўзғор деб, ўлгунча чеккайлар заҳмат,
Боёна қўш – қўш хотунлар, қашшоқа бириям “қиммат”,
Бузуқлиғ – фоҳишалиғ-да айниғон тузумдин “ҳиммат” —
Қайда-ки, номус ёлғондур, анда иффат – ҳаё ёлғон!

Ҳамдға очилғон оғизлар фожеъни фошларға битов,
Миллатнинг ижод аҳли “гунг”, зиёли қавми “соқов”,
Оқсоқол – кайвониларнинг сас йўлларинда недин ғов,
Ҳақни рўй – рост айтолмаслар, тафаккурларинда тушов —
Эвоҳким, эътиқод ёлғондур, ҳайҳотким, садоқат ёлғон!

* * *
Турон – Туркистон ёлғонму, наҳот, Ўзбекистон ёлғон?!

ТУРКЎҒЛОН