ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
(30)
(давоми)
Ёлғончиликнинг қабоҳати
Ибн Масъуддан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Тўғри сўзлиликдан зинҳор айрилмангиз. Чунки тўғри сўзлилик инсонни яхшиликка, яхшилик эса Жаннатга олиб боради. Инсон тўғри сўз сўйлагани муддатча, тўғрилик йўлида юргунча, Аллоҳ қатида у тўғри ўлароқ ёзилади. Ёлғончиликдан эҳтиёт бўлинг. Чунки ёлғончилик инсонни ёмонликка, ёмонлик эса Жаҳаннамга судрайди. Инсон ёлғон сўйлаб–сўйлаб, ёлғон орқасидан чопа–чопа, Аллоҳ наздида ёлғончи ёзилади”.
Ибн Масъуд (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Мунофиқни шу уч нарсадан таниймиз: у гапирса, ёлғон гапиради, берган сўзини тутмайди, шартномасига содиқ қолмайди”.
Ҳолбуки, Аллоҳу Таолонинг шу оятлари мавжуд: “Улардан баъзилари “агар У бизга фазлидан эҳсон этса, ямин бўлсинки, садақа берамиз, солиҳлардан бўламиз”, дейдилар. Аммо Аллоҳ уларга эҳсон қилганда, Унга тескари буриладилар, бахиллик қиладилар. Сўнггида, Аллоҳга берган ваъдаларини бажармагани ва ёлғон сўйлаганлари учун Унинг ҳузурига чиқадиган Кунгача уларнинг қалблари нифоққа айлантирилди” (“Тавба”, 75–77).
Маликка кўра, Ҳазрат Луқмондан “сени бу даражага юксалтирган нарса нима?” деб сўралганида, у: “тўғри сўйламоқ, омонатни жойига бермоқ, беҳуда нарсалардан узоқ турмоқ” деб жавоб берди.
Сафвон бин Салимнинг айтишига кўра, бир киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Мўмин одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?” деб сўраганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ҳа, бўлиши мумкин” деб жавоб беради. Унинг “Мўмин хасис бўлиши мумкинми?” деган саволига ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Бўлиши мумкин” дейди.
Аммо одамнинг “Мўмин ёлғончи бўлиши мумкинми?” деган саволига Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Йўқ, мўмин ёлғончи бўла олмайди” деб жавоб берган.
Уббода бин Самитдан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Сизлар ўз номингиздан шу олти жиҳатга кафолат берсангизлар, мен ҳам сизларга Жаннатга кафолат бераман:
1.Гапирганда тўғри гапирингиз.
2.Берган сўзингизни тутингиз.
3.Олган омонатингизни жойига беринглар.
4.Адаб ерларингизни (зинодан) сақлангиз.
5.Нигоҳларингизни (боқишларингизни) эҳтиёт қилингиз
6.Қўлларингизга ҳоким бўлингиз”.
Кўриб турибсизки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бутун яхшиликларни бу олти жиҳатда тўплаган.
Ҳадиснинг илк моддаси бўлган “Гапирганда тўғри гапирингиз” моддасига Калимаи–тавҳид ва бошқа тўғри сўзлар киради. Яъни, инсон “ла илаҳа иллоллоҳ” шаҳодатини айтганда ҳам ўзига нисбатан, ҳамда инсонларга нисбатан тўғри сўйлаган бўлади.
Ҳадиснинг иккинчи моддаси “Берган сўзингизни тутингиз”дир. Яъни “Ҳам Аллоҳга, ҳам инсонларга берган сўзингизни тутинг” дейилмоқда. Қулнинг Аллоҳга берган сўзини тутиши – ўлимига қадар мўмин бўлиб қолишидир. Қулларга берган сўзларни тутиши ҳам берган бутун сўзларни тутишидир.
Ҳадиснинг учинчи моддаси бўлган “Олган омонатингизни жойига беринглар”нинг маъноси шу: инсонда икки хил омонат бор. Аллоҳга ва инсонларга бўлган омонатлардир. Қул билан Аллоҳ орасидаги омонат – Аллоҳнинг қулга юклагани фарзларидир. Қул буларни ўз вақтида адо этиши шарт.
Қул ва бошқа инсонлар орасидаги омонат, бу бир кишидан олгани ёки бировга бериши керак бўлган нарсалардир. Қул бу омонатларга содиқ қолиши шарт.
Ҳадиснинг тўртинчи моддаси бўлган “Адаб ерларингизни сақланг”га келсак, бу икки турлидир. Биринчиси, инсоннинг адаб жойларини ҳаромдан ва шубҳали ҳолатлардан сақлаши, иккинчиси адаб жойларини бошқаларнинг кўзидан сақлашидир. Зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу хусусда “Қараган ҳам, кўрсатган ҳам малъундир” дегандир.
Бунга кўра, мусулмон киши таҳоратини бузар экан, номаҳрам эркак ва хотинларнинг номаҳрам жойларини кўрмаслик учун диққат этишлари лозим.
Ҳадиснинг бешинчи моддаси “Нигоҳларингизни (боқишларингизни) эҳтиёт қилингиз”нинг маъноси: бошқаларнинг адаб жойлари каби, хотинларнинг ҳалол бўлмаган гўзал ерларига ҳам шаҳватли нигоҳ билан қарамасликдир. Шунингдек, дунёга ҳам шаҳват билан боқмаслик керак.
Аллоҳу Таоло шундай буюради: “Сиз кўзларингизни уларнинг (кофирларни) фитнага солиш учун берилган завжаларга ва дунёвий гўзалликдан иборат зийнатларга кўз тикманглар” (“То–ҳа”, 131).
Ҳадиснинг олтинчи моддаси бўлган “Қўлларингизга ҳоким бўлинглар”нинг маъноси, “мол–мулк бўлсин, бошқа нарса бўлсин–ҳаромга қўл теккизма” деганидир.
Ҳузайфа бин Яманий (ундан Аллоҳ рози бўлсин)дейдики: “Пайғамбаримиз замонида одам бир марта ёлғон сўйласа, У мунофиқ ҳисобланар эди. Энди эса, ҳар бирингиздан кунда ўн карра ёлғон сўз эшитаяпман”.
Самура бин Жундуб (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай ҳикоя қилади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бомдод намозидан кейин саҳобийларидан “орангизда бу кеча туш кўрган борми?” деб сўрар эди. Ва саҳобийларнинг тушларини ўзича йўримлар эди. Бир куни эрталаб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом биздан яна “орангизда туш кўрган борми?” деб сўради. Биз “йўқ” деб жавоб бердик. Шунда Пайғамбаримиз:
- Лекин мен бугун шундай туш кўрдим. Тушимда икки киши қўлимдан тутиб “қани, кетайлик!” дедилар. Улар билан бирга анча юргандан сўнгра тақир бир майдонга чиқдик. У ерда икки кишини кўрдик: биттаси ерда ётарди, иккинчиси унинг ёнида тик турарди. Ва қўлидаги бир тош парчаси билан ётган одамнинг бошига урарди, тош увалаб кетганда, у одам янги бир тош олиб келиб, ётган кимсанинг бошига уришда давом этарди. Мен “субҳаноллоҳ” бу не ҳолдир?” дедим. Аммо ёнимдагилар “қани, кетайлик” дейишди ва биз йўлимизда давом этдик. Бир оз сўнгра биттаси чалқанча ётган, иккинчиси устида туриб, қўлидаги чангални одамнинг оғзига солиб, уни лунжининг бир тарафини қулоғи орқасигача йиртар эди. Кейин лунжининг иккинчи тарафини айни шаклда қулоғигача йиртарди. Бу орада илк йиртилган лунжи битиб, янгиланар эди. Ва йиртиш янгидан бошланарди. Мен яна “субҳаноллоҳ, бу нимаси?” дедим. Аммо йўлдошларим “қани, бу ердан кетайлик” дейишди ва биз йўлда давом этдик. Бир оз сўнгра худди тандирга ўхшаган оғиз тарафи тор, туби кенг, катта хум кўрдик. Унинг оғзидан қарадик, ичида яланғоч эркак–хотинлар бор эди. Улар бу хумнинг тагидан ёқилган олов уларни ялай бошлаганида оловдан қочиб, бу хумнинг оғзига қараб тирмашардилар. Оташ уларнинг вужудларини қамраганида, улар овози борича фарёд этишарди. Мен яна “субҳаноллоҳ, бу нимаси?” дедим. Ёнимдагилар “қани, кетайлик” дейишди ва биз йўлимизда давом этдик. Бир оз сўнгра олдимизга кенг бир дарё чиқди. Суви қон каби қип–қизил эди. Дарёда бир одам сузарди, у қирғоққа етиб келганда, қўлига чағир тошларни тўплаган бир одам уни кутиб оларди. Ва сузаётган одам унга қараб оғзини очар, у ҳам унинг оғзига чағир тошлардан биттасини қўярди. Мен буни кўриб, “субҳаноллоҳ, бу не бўлди?” дедим. Ёнимдагилар эса “юр, бу ердан кетайлик” дедилар. Ва биз бироз юргандан сўнг, бир одамни кўрдик. У бир олов атрофида айланиб юрарди. Мен яна “субҳаноллоҳ, бу не ҳолдир?” дедим. Ёнимдагилар эса “қани, кетайлик” дейишди ва бир оз юргандан сўнг бир боғчага келдик. Боғчада баҳорнинг бутун манзаралари бор эди, боғча ўртасида узун бўйли бир одам турарди. У нинг атрофини бизлар ҳеч кўрмаган жуда кўп ёш болалар ўраб олишганди. Мен “субҳаноллоҳ, бу ким бўлди?” деб сўрадим. Йўлдошларим “юр кетайлик” дейишди. Ва биз бир оз сўнгра ҳеч қачон кўрмаганимиз бир улкан ва гўзал дарахт ёнига бордик. Дарахтга тирмашиб, деворлари олтин ва кумуш ғиштлардан ўрилган бир шаҳар дарвозаси олдида пайдо бўлдик. Дарвозани тақиллатдик, дарвоза очилиб, ичкарига олиндик. Мен бир уйга кирдим. Йўлдошларим мени бу уйдан чиқариб, ундан ҳам гўзалроқ бир уйга олиб бордилар. Бу уйни томоша қилар экан, кўзим осмонда булут каби кезиб юрган оппоқ бир кўшкка тушди. Йўлдошларим менга “бу сенинг уйинг” дедилар. Мен улардан “бу уйга кирайинми?” деб сўрадим. Йўлдошларим “йўқ, ҳозир эмас, келажакда кирасан” дейишди. Шунда мен улардан “жуда ғалати нарсалар кўрдим, нима булар?” деб сўрадим. Улар менга шундай дедилар: “Илк кўрганинг бошига тош билан урилаётган кимса, Қуръонни билгани ҳолда, уни ўқимаган, фарз намозларини қилмасдан уйқуга чўккан бир кимса эди. Лунжилари қулоқларигача йиртилган киши – ёлғончи одам эди. Уйидан чиқиб гапирган ёлғонлари, дарров дунёга ёйиларди. Тандирга ўхшаган улкан хум ичида кўрганинг кимсалар – зино ишлаган хотин ва эркаклар эди. Қизил сувли дарёда сузган одам – фоиз олган кимсадир. Оловнинг атрофида кезган киши – Жаҳаннам муҳофизи Малик эди. Боғчада кўрганинг узун бўйли киши Иброҳим алайҳиссалом эди. Пайғамбар атрофидаги болалар эса ҳали фитрий хусусиятларини йўқотмаган бутун болалардир. Сенинг шаҳарда кўрганинг илк уй мўминларнинг Жаннатдаги уйи эди. Иккинчи кўрганинг шаҳидларники эди. Биз эса, мен Жаброилман, дўстим эса Мекоилдир” дейишди менинг йўлдошларим” дея ҳикоясини битирди Расулоллоҳ алайҳиссалом.
Саҳобийлардан бири: “Мушрикларнинг болалари қаерда бўлди?” деб сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Иброҳим алайҳиссаломнинг атрофидаги болалар мушрикларнинг болаларидир” деб жавоб берди.
Бу хусусда турли ривоятлар бор. Баъзилар “мушрикларниннг болалари Жаннатликларнинг хизматкори бўлажак”, деса, баъзилари “улар Жаҳаннамлик бўлажак” дейишади.
Тўғрисини Аллоҳу Таоло билади.
Ибн Масъуд (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Энг тўғри сўз Аллоҳнинг каломидир. Энг қийматли сўз Аллоҳни зикр этмакдир. Энг ёмон кўрлик – қалб кўрлигидир. Оз бўлиб, етарли бўлган нарса, кўп бўлиб, йўлдан оздирган нарсадан афзалдир. Энг оғир пушаймонлик қиёмат куни пушаймонлигидар. Энг хайирли бойлик –кўнгил бойлигидир. Энг фойдали озиқ – тақводир. Ёшлик бир нави телбаликдир. Энг хайирсиз қозонч (ютуқ) – фоиз қозончидир. Тил билан ишланган гуноҳларнинг энг каттаси – ёлғончиликдир”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейди: “Ёлғон фақат шу ҳолатда мумкин:
1.Урушда. Уруш ҳийлага таянади.
2.Икки кишини яраштирмоқ учун.
3.Эр–хотиннинг орасини тузатмоқ учун”.
Тобииндан бир зот дейди: “Тўғрисўзлилик валийларнинг зийнати, ёлғончилик эса ёмонларнинг хусусиятидир. Зотан, Аллоҳу Таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп жойларида тўғриликни мадҳ этади: “Бу кун тўғриларга (уларнинг) тўғриликлари фойда келтирадиган кундир” (“Моида” сураси, 119).
“Эй, мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғрилар билан бирга бўлингиз” (“Тавба” сураси, 119).
“Тўғри хабар келтирган ва тўғри хабарни тасдиқ этган кишилар борку, тақво соҳиблари ана ўшалардир. Аллоҳ наздида не тиласалар уларга берилажак” (“Зумур” сураси, 33).
“Лаънат бўлсин ўша ёлғончиларга!” (“Зариёт” сураси, 10).
“Ўзи исломга даъват этилган ҳолда, Аллоҳга қарши ифтиро этади. Унинг номидан ёлғон уйдирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор? Аллоҳ золимларни ҳидоятга эриштирмас” (“Софф” сураси,7)”.
(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси