Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 221
(давоми)
ҚИРҚ БЕШИНЧИ МЎЖИЗА
Абу Ҳурайра ривоят қилур:
«Садақа, закотга келган бир қанча хурмо йиғилмиш эди. Расулуллоҳ мени унга қоровул қилиб қўйдилар. Қараб ўлтирсам, кечаси бир киши келиб, хурмодан ўғирлагани турди. Уни ушлаб олиб, Расулуллоҳга келтирмоқчи бўлдим.
— Муҳтожлигимдан бу ишни қилдим, энди иккинчи қилмайман, — деб кўп ёлворди.
Раҳмим келиб, қўйиб юбордим. Эрталаб Расулуллоҳ қошларига келдим эрса, саломдин сўнгра:
— Эй Абу Ҳурайра, бу кеча тутмиш асиринг қани, уни нима қилдинг? — дедилар.
Худо ҳаққи, ўзимдан бошқа бу ишни ҳеч ким билмаган эди.
— Отам-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, у кўп ёлворди, иккинчи қилмасга аҳд қилгач, раҳмим келиб қўйвордим, — дедим.
Анда Расулуллоҳ:
— Ул ёлғон айтадур, бу кеча яна келгусидур, — дедилар.
Муни англаб ўлтирдим. Расулуллоҳ айтқонларидек у яна келди. Уни тутиб олиб келдим, кўп ялинди, иккинчи қилмасга аҳд бериб қўлимдан яна бўшанди.
Эрталаб Расулуллоҳ олдиларига келдим. Мени кўргач:
— Эй Абу Ҳурайра, у ёлғончи сени алдаб, бу гал ҳам қутилиб кетибдур. Қараб тургил, бу кеча яна келур, — дедилар.
Ани пойлаб ўлтириб, яна ушлаб олдим.
— Энди сени Расулуллоҳ олдиға олиб боргайман, бошқа ҳеч иложи йўқдур, — деб қаттиқ турдим эрса, ул айтди:
— Мени бўшатур эрсанг, сенга бир нарса ўргатайким, ундан кўп фойда кўргайсан.
— Қани айтгил-чи, кўрайин, — дедим.
— Ҳар кечаси ётар чоғингда «Оятал курси»ни бир йўла ўқир бўлсанг, тонг отгунча бир фаришта сени сақлар. Шайтонни сенга яқинлаштирмагай, — деди.
Уни бўшатиб юбориб, Расулуллоҳ ҳузурига келдим эрса, уни сўрадилар.
Анинг айтган сўзини айтиб эдим:
— У ёлғончидур, лекин «Оятал курси» тўғрисида тўғри сўзламишдур, у шайтон эрди, — дедилар».



ИИВ Мубашшир Аҳмадга қидирув эълон қилингани хақидаги ахборотни жойлашда техник хатога йўл қўйилганини билдирди
НЕГА ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ ЎЗ АСАРИДА “АЛЛОҲ” ИСМИНИ ҚЎЛЛАМАГАН?
Ўзбекистондаги “диний маҳкумлар” кимлар?
Иймон ва симуляция
Диний эркинликлар: “Ҳафсалани пир қилган” янги қонун