Шу йилнинг 22 март куни Пахтакор туманига қарашли “Чаманзор” қишлоқ фуқаролар йиғини олдига чиқдим. Ёш йигит маҳалла биносини видео тасмага олаётганди. Маҳалламиз раиси Товбой Солиев оқсоқоллари билан ниманидир муҳокама қилиб турганди. Қизиқиб кузатиб турдим.
Маҳалла биносини видеотасмага олиб бўлгач, маҳалла биноси ичкарисига кириб кетишди. Ичкарида кимлар, қанча ёлғон гапиришган, нималар деб мақтанишгани бизга ноъмалум.
Бироқ яқингинада пайдо бўлиб қолган, деярли ишламаётган, пешонасига “ТИКУВ ЦЕХИ” деб ёзиб қўйилган хонага қўшнимизнинг уйидан тикув машинасини кўтариб чиқишиб олиб киришди. Қўшнимизнинг қизини тикув цехига олиб кириб, шу тикув машинаси олдига ўтказиб,
маҳаллада гуё ёш қизлар тикувчилик билан шуғулланаётгандек, иш билан банддек қилиб видео тасмага олишганлигини кўриб турдим.
Бу кўзбуямачиликни ҳамманинг кўз ўнгида бажаришди. Кўпчилик кузатди, баъзилар афсусланди, баъзилар кулди. Эртаси куни эса тикув цехи ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолди. “Бундай кўзбуямачилик, ёлғон гапириш қачонгача давом этаркин?”, дейди иш тополмай юрган чевар аёлларимиз.
Шундай ёлғонларнинг гувоҳи бўлган Шарофат қуйидагиларни гапириб берди:
2011 йили ёғингарчилик кўп бўлганлиги сабабли ҳовлимнинг деворлари қулаб, нураб, бузилиб кетди. Тузатиб олишга имконим йўқ эди. Чунки ёлғизгина болам тузатишга ҳали ёшлик қилади. Мардикор солай десам, чўнтагим кўтармайди. Май ойининг бошлари эди, ўшанда. Маҳалла ходимлари келишиб: “Сизга товуқ берамиз. Фақат қўшнингизнинг ҳовлисини ва товуқларини ўзингизники қилиб кўрсатасиз. Биз Сизга кейинчалик товуқ ва моддий ёрдам берамиз, дейишди. Мен уларга ишондим ва рози бўлдим.
Орадан бир-икки кун ўтгач, маҳалладан одам келиб мени қўшнимнинг уйига ўтиб туришимни тайинлади. Мен қўшнимникига ўтиб турдим. Бир группа одамларни маҳалла раиси Товбой Солиев бошлаб келди.
Бу киши Вазирликдан келган ходим, маҳаллани айланиб, аҳолининг яшаш шароитини ўрганиб юрибди – деди маҳалла раиси Т.Солиев ўзи билан бирга келган кишини кўрсатиб. Кейин мени қўшнимнинг ҳовлисида қўшнимнинг товуқлари билан суратга олди. Қўшнимнинг уйилигини, қўшнимнинг товуқлари эканлигини маҳалламиз раиси Т.Солиев яхши биларди. Ўшанда бу ёлғон эканлигини, мени алдашаётганлигини билмагандим. Анча пайт товуқ олиб келиб беришларини кутиб юрдим. Бироқ на товуқ олиб келишди, на ҳовлимни тузатишга ёрдам беришди. 80.000 сўм пулни бўлиб-бўлиб беришди, холос.
Қўшнимга ўхшаб алданиб қолганлар, фақат қоғоздагина товуқ ёки мол олганлар қишлоғимизда кўпчиликни ташкил қилишса керак. Бу алдашлар қачонгача давом этаркин? Нега ёлғон гапиришимиз керак? Бир ёлғон иккинчисини, иккинчи ёлғон кейингисини етаклаб келаверади-ку? КИМНИ АЛДАЯПМИЗ? НЕГА АЛДАШИМИЗ КЕРАК? Маҳалла ёлғон гапирса туман, туман ёлғон гапирса вилоят, вилоят ёлғон гапирса давлат ёлғон гапирмайдими?
Саида Қурбон
Жиззах вилояти, Пахтакор тумани.
02.05.2013 й.