O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ёрдам рекламаси ёрдамга муҳтож

Ёрдам рекламаси ёрдамга муҳтож
159 views
12 October 2012 - 10:51

Ўзбекистон давлат телеканали кунига айлантираëтган рекламалардан бирида одам савдоси қурбонига айланганлар учун ëрдам ваъда қилинади¸ аммо ëрдам беради¸ дейилганларнинг бу ваъдадан хабари йўққа ўхшайди. 

Тунов куни телевизорда бир ижтимоий рекламага кўзим тушиб қолди.

Савоб иш

Жуда муҳим реклама. Шу қадар муҳимки, уни тўлалигича эшиттириш ортиқчалик қилмайди.

“Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси огоҳлантиради. Хорижий давлатларда иш таклиф қилаëтган фирма ëки шахсга розилик беришдан олдин унинг фаолияти қонунийлигига ишонч ҳосил қилинг. Ишга бораëтган давлатнинг қонунчилиги билан, албатта, танишинг. Танланган йўлингиз тўғри эканлигига, сизни хорижга юбораëтган идорада қонуний асослар мавжудлигига ишонч ҳосил қилинг. Ëдингизда бўлсин. Ҳеч қачон ва ҳеч кимга шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатларингизни берманг. Агар сиз чет элда оғир вазиятга тушиб қолсангиз, Ўзбекистон республикаси элчихонаси ëки консуллик идорасига мурожаат қилинг. Ҳушëр бўлинг. Чет элда пул топаман деб қул бўлиб қолманг.

Агар сиз одам савдоси жиноятидан жабрланган бўлсангиз, зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг. Президентимиз ташаббуслари билан жаҳон стандартларига мос, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги орасида ягона бўлган одам савдоси жабрдийдаларига ëрдам кўрсатиш бўйича республика Реабилитация маркази Тошкент шаҳрида барпо этилган. Ушбу марказ сизга тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ëрдам кўрсатади. Сизнинг кўрсатмаларингиз ва шахсингиз сир сақланади. Реабилитация маркази телефон рақамлари: 277-65-38, 277-65-83. Сизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларингиз ҳимоя қилинади”.

“Ўзбекистон” телеканалида намойиш қилиб туриладиган ижтимоий реклама эди.

Алло, алло

“Телевизор” эшиттириши доирасида рекламада тилга олинган Реабилитация маркази фаолияти тўғрисида ҳикоя қилиб бермоқчи бўлиб, эълон қилинган иккала телефонга камида 10 мартадан қўнғироқ қилдик.

Биров кўтармади.

Балки Тошкентдан қилишса, олишар гўшакни, дедик-да, инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили, мустақил журналист Абдураҳмон Ташановни ёрдамга чақирдик.

Абдураҳмон Реабилитация маркази билан боғланиб турсин, биз бошқа ишни қиламиз.

Рекламадаги тавсия

Ижтимоий рекламада мана бу гап ҳам бор эди.

“Агар сиз чет элда оғир вазиятга тушиб қолсангиз, Ўзбекистон республикаси элчихонаси ëки консуллик идорасига мурожаат қилинг”.

Бу тавсиядан келиб чиқиб, элчихоналар ва консулликлар билан боғланишга қарор қилдик. Қайсинисидан бошласак экан?

Ўзбекни қаерларда хафа қилишади?

Одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатишга бел боғлаган “Истиқболли авлод” нодавлат ташкилотининг ўзини таништирмаган ходимига кўра,

– Россия билан Қозоғистонда кўпроқ алданишаяпти. Кейин кўплар Тайландда, Малайзияда алданишаяпти. БААда жуда кўп қизлар, Туркияда кўп қизлар. Россия билан Қозоғистонда асосан эркаклар алданишаяпти, дейди “Истиқболли авлод” нодавлат ташкилотининг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистоннинг нодавлат ташкилоти вакили тилга олган мамлакатлардаги элчихоналари ва консулхоналари билан боғланишга уриндик.

Яна алло, алло

Лекин уларнинг сайтларида эълон қилинган номерлари бўйича етиб борган телефон чақириқларимиз мутлақо жавобсиз қолаверди.

Ва тахмин қилдик-ки, ўзбекларнинг бу мамлакатларда одам савдоси қурбони бўлишига телефон айбдор!

Туркия жавоб берди, лекин

Фақат биргина идора – Туркиядаги консуллик жавоб берди. Жавоб бердию… Мана ўзингиз эшитинг.

Озодлик: Ало, ассалому алайкум.

– Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Бу Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасими?

– Элчихона Анқарада жойлашган. Бу бош консулхона.

Озодлик: Ўзи шу керак эди. Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Одам савдосига қарши кураш масалалари бўйича эшиттириш қилаëтган эдик. Тошкентда Реабилитация маркази очилгани тўғрисида Ўзбекистон телевидениесида реклама кетаяпти ва ва рекламада элчихона, консулликларга мурожаат қилиш мумкинлиги айтилган. Кейинги бир йил ичида сизларга одам савдоси қурбонлари мурожаат қилган ҳоллар бўлдими йўқми?

– ……

Озодлик: Ало, ало, ало.

– … (телефон гўшагидан суҳбатдошнинг телефонни илиб қўйганлигини билдирувчи овоз эшитилди)

Қаранг, мен сўрайверибман кўнгли кетиб қолганини билмай. Телефоннинг кўнглини айтяпман.

Қайси ўзбек амалдори мухбир билан гаплашибдики, Туркиядаги консул гаплашсин?!

Балки, мен нотўғри иш тутгандирман? Дарҳол ўзимни одам савдоси қурбони, деб таништирсам, консул гаплашармиди?

Бу савол жавобсиз қолаверадиган бўлди, чунки кейинги қўнғироқларимиздан иш чиқмади – телефон гўшагини кўтармай қўйишди.

Ҳар ҳолда Туркиядаги консул одам савдоси қурбонига ёрдам бериши мумкин, деган заифгина умид қолди: ҳеч йўқ бир марта телефонни кўтарди-ку!

Бошқаларчи? Улар мутлақо жавоб бермади-ку?

Мухбирнинг 5-10 марта телефон қилиб боғланолмагани элчихоналар ва консулликлар ишламаяпти, дегани эмас, албатта.

“Москвадаги элчихона зудлик билан ёрдам беради, фақат…”

Шунинг учун ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг мутлақ кўпчилиги борадиган Россиядаги элчихона тўғрисида ўзбекистонлик ватандошлари ҳимояси билан шуғулланувчи Баҳром Ҳамроев билан гаплашдик.

– Ўзбекистон элчихонаси Ўзбекистон фуқароларига зудлик билан ëрдам берган жойлари бор. Ўшалар ҳар ҳолда Ўзбекистон ҳукуматининг маъмурий бир раҳбариятга алоқаси бор, яқин бўлган одамларга Ўзбекистон элчихонаси ëрдам берган.

Озодлик: Майли, мана Челябинск бўлмасин. Москванинг ўзида ҳуқуқи топталган, мажбурий ушлаб турилган ўзбекистонлик одам ишлаб турган жойидан мажбур қочиб элчихонага мурожаат қилса, консул билан учрашиши мумкинми?

– Ўша оддий йигит, ишхонасида қулликда сақланиб турган ўзбек Ўзбекистон элчихонасига борса, биринчидан, элчихонага кира олмайди. Ҳозирги вақтгача шундай. энди эртага ўзгариб қолса¸ билмадим. Ўзи шунақа ҳолатга энг кўп тушадиган Ўзбекистон фуқаролари. Лекин мен кўрмадим тезлик билан бориб айнан шу куннинг ўзида қандайдир бир ëрдам, ҳатто психологик ëрдамлар беришдан то ўша ҳужжатларни қилиб бериш, умуман ўзбекистонликлар ҳаëтига алоқаси бор нарсани Ўзбекистон элчихонаси зудлик билан ечиб берган эмас, дейди Баҳром Ҳамроев.

Россияда юрган ўзбекистонликларни ҳимоялаш билан профессионал тарзда шуғулланадиган Баҳром Ҳамроев гапларига далил сифатида конкрет мисолларни ҳам келтирди, лекин вақт зиқлиги учунгина уларни эшиттиришга қўймаяпмиз.

Москвадаги элчихона учун потенциал “клиент”

Россияда юрган кўпчилик бошига иш тушганда элчихонага мурожаат қилиш мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди.

Москвадаги қурилиш ташкилотларидан бирида ишлаб 3 ойдан бери маошини ололмаётган 52 яшар Акрамжон билан суҳбатни тингланг.

Озодлик: Мана Озодликка мурожаат қилдингиз. Яна кимларга мурожаат қилдингиз?

– Бошқа бир нимага чиқа олмадик. Чунки бизларда ҳеч қандай имконият йўқ эди у пулни олишга. Республикамиз томонидан бизлар билан ишлаëтган нималарга қандайдир бир ëрдам кўрсатадиган ëки шартнома асосида ишга нима қиладиган ташкилот бўлганда эди, унда ҳаққимизни талаб қилиб олсак бўларди. Ҳозир билмадим лекин.

Озодлик: Ўзбекистоннинг Москвада элчихонаси бор. Нима учун элчихонага мурожаат қилмадингиз ëки хаëлингизга келмадими?

– Бизлар энди у ерга шартнома асосида ишга кирмаган эдикда. Барибир у ерга борганимизда ҳам шунақа ҳолат кузатилармиди. Шунинг учун ҳам иккиландим. У ерда шартнома, қандайдир документ кўрсатиш керак бўлардида.

Озодлик: Ўзбекистон каналида “алданиб қолган бўлсанглар, элчихонага мурожаат қилинглар” деган реклама кетаяпти. Демак, бемалол борсангиз бўлаверади.

– Билмадим. Мен бундан бехабар эдим. Агар элчихонанинг бунга бевосита ëрдам қиладиган имконияти бўлса, албатта¸ мен бораман.

Озодлик: Неча йилдан бери Россияда юрибсиз.

– Анчадан бери келиб кетаман. 1996 йиллардан бери келиб ëзги сезонда ишлаб, кейин Ўзбекистонга қайтаман, дейди Акрамжон.

Агар Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллиги Акрамжоннинг мурожаатини кутиб ўтирмай, унга ва унинг шерикларига ёрдам бермоқчи бўлса, телефонини Озодликдан олиши мумкин.

Алло-алло-3

Яна ижтимоий рекламага қайтамиз? Унда одам савдоси қурбонлари учун очилган реабилитация маркази тўғрисида сўз боргани эсингиздадир?

“Президентимиз ташаббуслари билан жаҳон стандартларига мос, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги орасида ягона бўлган одам савдоси жабрдийдаларига ëрдам кўрсатиш бўйича республика реабилитация маркази Тошкент шаҳрида барпо этилган. Ушбу марказ сизга тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ëрдам кўрсатади. Сизнинг кўрсатмаларингиз ва шахсингиз сир сақланади. Реабилитация маркази телефон рақамлари: 277-65-38, 277-65-83”.

Айтилган рақамларни камида 10 мартадан терганимизни, биров жавоб бермаганини, шундан сўнг марказ билан боғланишни инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили, мустақил журналист Абдураҳмон Ташановдан илтимос қилганимизни боя айтган эдик.

Илтимос қилган вақтимиздан 4 соат ўтказиб, Абдураҳмон билан яна боғландик.

Озодлик: Реабилитация маркази билан боғлана олдингизми?

– Одам савдосига қарши Реабилитация марказининг телевизорда реклама қилинаëтган ниомерига кун давомида тўлиқ қўнғироқ қилдим, лекин нимагадир ҳеч ким жавоб бермади.

Озодлик: Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланасиз. У Реабилитация маркази очилганига анча бўлгандир. Бориб кўрганмисиз ўша марказни?

– Шахсан ўзим бориб кўрганим йўқ. Лекин ўша ерга бориб ундан ҳуқуқий, тиббий, психологик ëрдам олган фуқаролар ҳақиқатан бизларга келишган. Уларнинг айтиши бўйича шароитлар унча ëмон эмас. Айтишлари бўйича¸ мутахассислар кам. Биноси жуда муҳташам, замонавий талаблар даражасида қурилган дейишади.

Озодлик: Марказдан ëрдам олганлар нима дейишган марказ ҳақида?

– Уларни яхши кутиб олишганини, одам савдоси қурбонлари сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тавсиялари, уларнинг қарорлари билан боришган. Балки шунинг учун уларни яхши кутиб олишгандир. Лекин бевосита жабрланувчи бўлиб туриб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзи эмас балки шахсан ўзининг ташаббуси билан борган одамлар билан гаплашганим йўқ. Лекин воқеа бўлган. Кўпчилик Туркиядан одам савдоси қурбони сифатида қайтариб келинган ва уларнинг кўпчилиги реабилитация марказида ëтқизилган. Ўшаларнинг гаплари бўйича у ерда ҳамма шароитлар яхши, лекин мутахассислар етишмайди, дейди инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили, мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

“Ишламаётган” реклама

Хуллас, “Ўзбекистон” телеканали одам савдоси қурбони бўлиб қолишдан огоҳлантирувчи ижтимоий рекламани намойиш қилиш билан савобга ишлаяпти.

Биргина камчилик бор: элчихона ва консулликлар телефонлари ҳамда Реабилитация маркази телефонлари созлаб қўйилса бўлди – олам гулистон.

 

ozodlik.org