Қуйида келтириладиган ҳикояни, тақводор бир мусулмон оиласининг аянчли қисматини менга 86 ёшли Ноил ота гапириб берганди. Ўтган асрнинг 30-60 йилларида Россиянинг Қозон, Қирғизистоннинг Қоракўл ва Хитойнинг Қўлжа шаҳарларида бўлиб ўтган бу воқеалар бизнинг бугунги кунимизни, ҳижратдаги баъзи ватандошларимизнинг тақдирларини эслатади.
Қуйидаги ҳикояни ўқиб, узоқ ўтмишда ўзга мамлакатларда юз берган ва бугун ўз юртимиз Ўзбекистонда ва қўшни республикаларда юз бераётган жараёнлар ўртасидаги ўхшашликларни сиз, муҳтарам ўқувчилар ҳам кўришингиз мумкин. Воқеалар Ноил отанинг тилидан баён қилинган.
Ҳижрат учун кифоя сўзлар
Отамнинг исмлари Тойиб бўлиб, у киши Қозон шаҳрининг кўзга кўринган савдогарларидан эди. Мендан ташқари, Шомил ва Комил деган ўғиллари – менинг укаларим – бор эди. Мен 8 ёшлигимда большевиклар ҳукумати отамни қулоқ қилиб (бор мол-мулкини тортиб олиб, давлат тасарруфига ўтказиб) Қозондан Қирғизистоннинг Пржевальск (Қоракўл) шаҳрига сургун қилишди.
Пржевальскка келгач, отам ва онам колхозга ишга киришди. Отам ишдан келгач, валенка (кигиз этик) тўқир эди: бу кор унга раҳматли бобом Восил отадан мерос қолдирилган эди. Шу-шу, оиламиз тез орада ўзини ўнглаб олди, қаттиқ очарчиликни унчалик сезмади.
Ҳаммаси яхши кетаётган вақтда арзимаган туюлган (ўша пайтда арзимаган туюлган) бир воқеа туфайли отам зудлик билан Хитойга, Шарқий Туркистонга кўчишга қарор қилди. Бу воқеанинг асосий иштирокчиси 7 ёшли укам Шомил бўлганди.
Мен ва Шомил янгича, совет мактабидан уйга қайтаётгандик. Биз билан бирга отам ва онам ҳам келаётгандилар. Шунда ҳаммамиздан орқада келаётган укам Шомил: “Бизга Ленин худодир, Сталин эса – пайғамбар!”, – деб, шу куни мактабда ўрганган шеърининг икки қаторини баланд овозда айта бошлади.
Унинг бу гапларидан раҳматли отам тош қотиб қолди: “Нима дединг? Яна бир қайтар!”. Бечора укам бу куфр сўзларини шодиёна бир овозда яна қайтарди ва: “Ўқитувчимиз ўргатдилар. Эртага шу шеърни тўлиқ ёдлаб келишимизни буюрдилар”, – деб, мақтаниб ҳам қўйди.
Кайфияти тушиб кетган отам уйга келгач, ҳаммамизни йиғди-да: “Болаларим, бу ерда бошқа тура олмаймиз. Хитойга кўчамиз”, – деди. Онам раҳматли кутилмаган бу қарорнинг сабабини сўраганда отам: “Фарзандларимни худосизлик ва куфрга ўргатувчи жамиятда яшагандан кўра, Ислом дини эмин-эркин тарқалаётган диёрга хижрат қилганимиз яхши”, – дедилар. Ва оиламиз энди яхши яшай бошлаганда Хитойнинг Шинжон вилояти Қўлжа шаҳрига отландик.
Шинжондаги ҳаёт
Қўлжага келгач, отам валенка тўқиш билан машғул бўлиб, тез орада ўз ишини кенгайтирди, кўплаб шогирдлар орттирди. Отамдан кигиз этик тўқиш сирларини ўрганиш учун уйғур, татар, қозоқ ва бошқа мусулмонлар билан биргаликда мушрик хитойлар ҳам келарди. Буддавийлик эътиқодида бўлган хитойликларга отам: “Бу ишни ўрганишни истасанг, Исломни қабул қил. Шунда мен сенга этикдўзликни ҳам, Ислом таълимотини ҳам ўргатаман”, деб, шарт қўярдилар.
Баъзи чинлар бу шартга кўнишмасди, аммо аксарияти Исломни қабул қиларди. Кейинчалик отам ваъдасида туриб, уларга Исломни ҳам, этикдўзликни ҳам ўргатарди.
Отамнинг иши шунчалик ривож топиб кетдики, тез орада унинг кичик цехи улкан бир валенка фабрикасига айланди. Отамнинг Қўлжадаги топиши Қозондаги савдосидан олган даромадидан асло қолишмасди. Аммо тез орада оиламизнинг ишлари яна орқага кетди.
Чунки кутилмаганда коммунист Мао Дзе Дун устози Сталин бошлаб берган қулоқлаштириш, бойларнинг хусусий мулкини тортиб олиб, давлат тасарруфига ўтказиш ишларини Хитойда давом эттирди. Отам топган-тупганидан бир кунда айрилди: маочилар валенка фабрикамизни ҳам, уйимизни ҳам мусодара қилишди.
Бундан ташқари, Хитой ҳукумати Ислом динига, мусулмонларга қарши курашни ҳам шиддат билан бошлаб юборди. Эндиликда ҳудди Совет Иттифоқида каби, Хитойда ҳам Аллоҳга сиғиниш, намоз ўқиш катта жиноят бўлиб қолди.
Бу ҳол раҳматли отамнинг руҳиятини тушириб юборди. Тушкунликда қолган отам бечора: “Нима учун хижрат қилгандиму, нимага эришдим?! Наҳот-ки, Худога сиғиниш, намоз ўқиш дунёнинг ҳамма ерида таъқиб қилинса ва жазоланса?!” – деб нола қилардилар.
Хатоларни англаш ва сўнгги пушаймон
Олдинлари эмин-эркин ибодат қилиб, оиласини ва фарзандларини исломга очиқча даъват қилиб юрган отам эндиликда беш вақт намозини яширинча ўқир, динимиз асосларини ҳам бизларга қўрқа-писа ўргатардилар. “Қайси ишим хато бўлди? Қаерда адашдим?” деб ўзини кўп қийнардилар.
Бир куни отам раҳматли мени ёнларига чақириб, шундай дедилар: “Ноил, сен фарзандларимнинг каттасисан. Ҳозир мен шу пайтгача ўзим қилмаган, аммо сенга ўргатишим ва уқтиришим лозим бўлган, лоқайдлигим, балки бойлик тўплашга кўпроқ меҳр қўйиб юборганим сабабли ўзим ҳам қилмаган, сенга ҳам уқтира олмаган асосий ўгитни айтмоқчиман”.
Дадамнинг айтишича, у эътиқодли бир киши, намозхон ва бадавлат бир мусулмон бўлишига қарамасдан, ўз бойлигини фақат тадбиркорлигини кенгайтиришга, хайру-эхсон қилиш йўлида сарфлайверган. “Қанчадан қанча мол олиб сотдим, қанчадан қанча пулни цех ва фабрикалар очишга сарфладим. Аммо ўзимни, оиламни, фарзандларимни, эркинлигимни ва эътиқодимни ҳимоя қилиш учун арзимаган бир револьвер ҳам сотиб олмаган эканман. Вахоланки, менинг бойлигим минглаб милтиқлар, юзлаб пулемётлар олишга етарди. Қилган даъватларим эса фақат мусулмонларни намоз ўқишга чақириш хусусида бўлган экан. Шогирд ва биродарларимни бирор маротаба ҳам озодлик ва эътиқодни қўлларига қурол олиб ҳимоя қилишга чақирмаган эканман. Шундай буюк курашга имкониятим бўлатуриб, мен куфр ҳукуматидан қочишни, куфрдан пана излашни маъқул топган эканман”, – дедилар.
Дадамнинг айтишича, унинг давридаги мусулмонларнинг аксарияти Ислом деганда фақат Худога сиғиниш ва намоз ўқиш, рўза тутиш ва Ҳажга боришни тушунишар экан. “Динимизни ва ватанимизни кофир босқинчилардан қурол билан ҳимоя қилишга, бу муқаддас кураш йўлида қурол-аслаҳа сотиб олишга биронтамизнинг ақлимиз етмаган. Мободо кимнингдир бунга ақли етган бўлса ҳам, бойлигини ва жонини бу йўлда қурбон қилишдан қўрққан, тўплаган пулларини мусулмонларни қуроллантиришга ишлатиш ўрнига белига тугиб, ўзга юртларга олиб кетишни маъқул топган. Жони ширинлик қилиб, жонини омон сақлашни танлаганлар. Оқибатда барибир ҳаммамиз бойлигимиздан, базиларимиз эса жонларимиздан ҳам айрилдик. Қанчадан қанчамиз қамоқларда чириб, далаларда отилиб кетдик. Бунга ўзимиз, мусулмонлар, айбдормиз”, – деди отам раҳматли.
Ҳақиқатдан ҳам, отам ўз бойлигини муқаддас кураш йўлида, мусулмонларни қуроллантириш йўлида сарфлаганда ва кофир босқинчилар билан қўлда қурол билан курашганларида, балки, ўз эркини ҳам, ватанини ҳам, бойлигини ҳам, жонини ҳам душманларга бунчалик осон таслим қилмаган бўларди.
Отам менга қарата: “Болам, келажакда Аллоҳнинг хоҳиши билан сен ҳам мен каби бадавлат бўларсан. Ҳар ҳолда, кигиздан этик тўқишни биласан. Шу касб сенга асқотиши мумкин. Шу пайтлар келса, агар мен каби бойиб кетсанг, менинг айтганларимни эсингда тут: қанчалик бой бўлсанг ҳам, қанчалик ибодатли бир мусулмон бўлсанг ҳам, агарда қўлингда шу бойлигингни, эътиқодингни ва жонингни ҳимоя қиладиган қурол бўлмаса, сен ҳеч ким эмассан! Эътиқодингни, эркингни, ватанингни, бойлигингни ва жонингни қўлда қурол билан ҳимоя қилишдан қўрқсанг, ҳам эркингдан, ҳам бойлигиндан, ҳам ватанингдан, ҳам жонингдан айриласан! Ёнингда қуролинг бўлмаса, қуролланган кофир сени ҳудди товуқни олиб кетгандай олиб кетиб бўғизлайди. Фарзандларингга сен хоҳлагандай Ислом тарбиясинини эмас, ўзи хоҳлагандай куфр тарбиясини беради. Қуролланган кофир хотинингга ва қизларингга хўжайинлик қилади: уларни кўча-кўйда ялонғоч юришга мажбурлайди. Жоним болам, мен сизларни, сиздан кейинги авлодимни куфрга тобеъ бўлиб, шайтоннинг йўлида юришини истамайман” – деб, бирдан йиғлаб юбордилар.
Отамнинг кўз ёшлари менинг ҳам кўз ёшларимни чақирди. Ўзим билмайман, лекин нимагадир мен ҳам йиғлаб юбордим. Отам раҳматли мени бағрига босиб, қаттиқ қучоқлаб йиғладилар. Ўша пайтда, ўтган асрнинг ўрталарида Шинжоннинг Қўлжа шаҳридаги ғариб бир кулбада у кишининг нега қаттиқ йиғлаганини йиллар ўтиб янада теранроқ англаб етдим.
Ўтмишнинг ёшараётган ҳақиқати
Қўлжадаги молу-мулкимиздан айрилганимиздан бир йил ўтгач, маочилар отамни қамаб, отиб ташлашди. Отам одамларни Ислом динига ва намоз ўқишга даъват қилишда айбланди ва хитойлик даҳрийлар томонидан отиб ўлдирилди. Энг ачинарлиси шундаки, қуролли маочилар қуролсиз отамни бизнинг кўз ўнгимизда ҳудди товуқни олиб кетгандай олиб кетишганди. Бир йил олдин қуролсиз мусулмоннинг қуролланган кофирлар олдидаги ҳолатини ҳимоясиз товуққа қиёслаган отам ўзининг қисматини олдиндан башорат қилганига амин бўлдим.
Ўтган асрнинг 60-йилларида онам Совет Иттифоқига қайтишга қарор қилиб, оиламиз билан Ўзбекистонга, сургун қилинган татарлар кўп тўпланган Чирчиқ шаҳрига кўчиб келдик.
Ўзбекистондаги ҳаётимиз давомида отамизнинг бошқа башоратлари ҳам рўёбга чиқа бошлади: менинг, укаларим Шомил ва Комилнинг фарзандлари даҳрий бўлмаса ҳам, ноисломий тарбия кўришди. Айниқса, қизларимиз гапларимизга кирмасдан очиқ-сочиқ юришни одат қилишди. Ҳар уччаламиз фарзандларимизнинг бизга нисбатан итоатсизлигидан эзилардик. Ана шу кезларда раҳматли отам томонидан Шинжоннинг Қўлжа шаҳридаги эски кулбада айтилган гаплар эсимга тушарди. Ана шу вақтда отам нега кўз ёш тўкканини, кўз ёш тўкиб туриб нималарни ҳис қилганини мана энди, орадан 30-40 йил ўтиб чин маънода сезардим.
Бир замонлар отам айтган ҳақиқатлар кун-сайин ёшариб ва долзарб бўлиб борарди. Отамдан мерос қолган ўгитлар бугунги кунда ҳам менга тинчлик бермаяпти. Чунки невараларим ҳам Исломдан йироқ бўлиб вояга етишдилар, Ислом деганда ваҳҳобийликни ва қўпорувчиликни тасаввур қилишади, “Исломга ва намозга берилсак, биз ҳам қамалиб қолишимиз мумкин”, деган қўрқинч билан яшамоқдалар. Менинг айтганларим улар учун қариянинг алаҳсираши, эскилик сарқити ва хом-ҳаёлдек туюлади. Раҳматли отамдан менга фақат аччиқ ҳақиқатлар эмас, балки аччиқ йиғи ҳам мерос бўлиб қолди.
Тегишли хулосалар
Юқорида келтирилган воқеа ва фикрлар 86 ёшли қўшним Ноил отанинг сўзларидан баён этилганини эслатиб, бу ҳикоя менга қаттиқ таъсир қилганини ва мени чуқур ўйга ботирганини таъкидламоқчиман. Бундан ташқари, кекса отахоннинг айтганларидан ўзим учун тегишли хулосалар чиқарганимни ҳам билдирмоқчиман.
Дарҳақиқат, бугунги мусулмон биродарлар бир пайтлар ота-боболаримиз қилган хатоларни такрорламаяптимилар? Улар зулм ва золимларга қарши молу жони билан курашиш ўрнига, зулмдан ва золимлардан бекиниб яшашни, нидо чиқармасдан кун кечиришни маъқул кўрмаяптимилар? Эътиқодли ва ибодатли биродарларимиздан бадавлатлари эса ҳудди Тойиб отадек ўз молларини янада кўпайтириш, нари борса фақат хайру эҳсонлар қилиш билан машғул бўлиб қолмаганларми?
Зулмга ва куфрга қарши курашга сарфланмаган қозонч, мол-мулк уларга буюрармикан? Бугунги кунда сон саноқсиз “заправкалар”, дўконлар, савдо “точка”лари, катта-катта цех ва фабрикалар, кўчмас мулк сотиб олаётган баъзи намозхон тадбиркорларимизнинг ўз мулкини, жонини, эътиқодини ҳимоя қилиш учун ҳеч бўлмаса бир пистолети бормикан? Қуролсиз ушбу биродарларимиз қуроллаган золимлар олдида кичкина бир товуқ каби ҳимоясиз эканликларини англаяптимилар?
Уларнинг даъватлари ҳам фақат намоз ўқиш ва рўза тутиш хусусида эмасми? Ёки ватандошларимиз ичида зулмга ва золимларга қарши молу жони билан курашиш намоз ўқиш ва рўза тутиш каби фарз эканлигини англатаётган мусулмон биродарларимиз ҳам борми? Бугунги золимлар эътиқодли ва ибодатли тадбиркорларнинг молларини ҳам тортиб олаётганига мисоллар йўқми? Агарда бугунги куфр аҳли томонидан талон-тарож қилинмаган намозхон тадбиркорлар бор бўлса, уларнинг ўзларини ҳам, молларини ҳам Тойиб отанинг тақдири кутмаётганлигига кафолат борми?
Ноил отанинг дадалари Тойиб ота мурғак фарзандининг тушунмасдан айтган: “Бизга Ленин худодир, Сталин эса – пайғамбар!”, деган бир оғиз сўзи учун ҳижрат қилганлар. Бизнинг замондошларимиз ва ватандошларимиз-чи?! Бугунги кунда бошқа элларга ҳижрат қилаётганларнинг ҳаммаси ҳам эътиқодий эркинлик учун, эмин-эркин ибодат қилиш учун таркиватан бўлишмоқдами? Уларнинг аксарияти ватанида қорни оч қолгани учун, бошқа юртларда моддий жиҳатдан яхши яшаш учун кетмаяптими?
Афсуски, Ноил отанинг ҳикоясида келтирилган аламли ҳолатлар бизнинг замонимизда ҳам учраб турибди. Узоққа бормайлик, 2005 йил май ойида содир бўлган Андижон қатлиомни бир эслайлик. Оммавий норозиликларга айланиб кетган ўша воқеалар андижонлик бир гуруҳ намозхон тадбиркорларнинг ноҳақ қамалиши ва судланишидан бошланиб кетганди.
Ҳукумат томонидан “акромийлар” ва “диний экстремистлар” деб қораланган бу гуруҳ диний жамоат ва байтулмол тузганликда, ушбу байтулмолдан камбағал оилаларга моддий ёрдам кўрсатиб келганликда айблангандилар. Ҳақиқатдан ҳам, ушбу гуруҳ жуда катта миқёсдаги хайру-эҳсон ишларини амалга оширган, ҳаттоки уйсиз бечораларга уйлар ҳам олиб берган. Хуллас, тинч-тотув кун кечириб, мол-мулкини тинч ҳаёт йўлида сарфлаб келганлар.
Лекин куфр ва зулм ҳукумати бунинг қадрига етдими, инобатга олдими? Йўқ! Кофир ва золимлар барибир эътиқодли тадбиркорларни “террорчи” ва “экстремист” деб айбладилар. Молини ва ғайратини фақат қурилиш фирмалари, савдо ва хизмат кўрсатиш “точка”лари очишга ҳамда хайру эҳсон қилишга сарфлайвермасдан қозончларининг бир қисмини молини, эътиқодини, озодлигини ва жонини ҳимоя қилиш учун қурол сотиб олишга сарфласа бўлмасмиди? Ахир, ҳукумат барибир уларни “қуролланган террорчилар” деб, қириб ташладику! Қуролланмасдан туриб, “қуролланган жангари” тамғасини олиш, қамалиш ва товуқдай отилиб кетиш алам қилмайдими? Ундан кўра, ростдан ҳам қуролланиб, зулмга қарши амалий курашган афзал эмасми?
Бошқа мисол. 2010 йил июнь ойида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида этник ўзбекларнинг оммавий қирғин қилинишини олайлик. Ана шу воқеаларгача Ўш шаҳрининг бутун инфратузилмасига ўзбек тадбиркорлари хўжайинлик қилишган. Айниқса, шаҳарнинг савдо тизими намозхон ўзбек тадбиркорларининг тасарруфида бўлган. Аммо улар ҳам ўзларининг омилигига, зулмга қарши курашиш ҳам фарз эканлигидан, умуман минтақа ва дунё сиёсатидан бехабарлигига бориб, бор пулларини янги дўкон ва кафелар очишга, хулласи калом, бойлигини кўпайтиришга сарфлаб юраверганлар.
Қирғизистон ҳукумати ва Ўш вилоят ҳокимиятининг миллатчилик сиёсати авжига чиқа бошлаганда ҳам ўшлик тинчликсевар ўзбек тадбиркорлари ҳар эҳтимолга қарши қурол олиб қўйишни, қирғиз фашистларининг ҳамлаларига сал бўлса ҳам тайёр туришни ҳаёлига ҳам келтиришмаган. Чунки уларнинг ҳаёллари тинч-тотув яшашда, ибодат қилишда ва бойлик орттиришда бўлган. Натижада, ҳикоямиз қаҳрамони Тойиб отадек мол-мулкидан ҳам, фарзандларидан ҳам, жонларидан ҳам бир кечада айрилганлар. Қирғизлар уларни ҳудди товуқларни ўлдиргандай отиб чиқишган. Ҳа, “Тинч яшашни истасанг, доим урушга тайёрлан!” деб бежизга айтишмайди.
Ўшлик ўзбек тадбиркорларнинг умумий бойлиги қанчадан-қанча Калашников автомати сотиб олишга етарди?! Агар ҳар бир бадавлат ўзбек оиласида ҳеч бўлмаса биттадан ўқотар қурол бўлганида, тун ярмида бостириб келган қирғиз фашистларининг ҳамласини қайтаришда шу автоматлар сал бўлса ҳам ёрдам бермасмиди? Афсуски, улар бу ишни қилишмади, қилишни ҳаёлларига ҳам келтиришмади. Ва ўзларининг ўзбекона тинчликсеварлиги ва тўйсеварлиги, яҳудиёна пулсеварлиги ва қўрқоқлиги туфайли Аллоҳ томонидан жазоланишди. Қирғизларнинг қўли билан жазоланишди.
Қозонлик Тойиб ота, андижонлик бир гуруҳ намозхон тадбиркорлар ва Ўшлик бадавлат ўзбекларнинг аянчли қисматлари ҳозирда бизларга сабоқ бўлиши керак. Айниқса, озодликда юриб, зулмга қарши амалий курашдан четда, панада юрган тинчликсевар ватандошларимиз бундан тегишли хулосалар чиқариб олишлари керак.
Ўйлаб кўринг: қуролланган бир ҳовуч қўрқоқ золим олдида қуролланмаган миллион-миллион жасур одам ким? Ҳеч ким эмас! Қуролсиз марднинг мардлигидан ва кўплигидан нима фойда, агар оз сонли қўрқоқнинг қўлида қурол бўлса?! Ўша қуролланган золимлар бир ҳовуч бўлса ҳам, қўрқоқ бўлса ҳам, сон-саноқсиз ва жасур халқни товуқни отгандай отиб ташлайверади. Бунга Андижон қатлиоми яққол исботдир. Чунки бир ҳовуч қўрқоқнинг қўлида қуроли бор эди, миллион ва мард аҳолида эса қурол йўқ эди!
Ўйлаб кўринг: нима учун бутун дунёда куфр ва зулм ўзининг бор ғайратини ва энг ашадддий курашини қуролланган гуруҳларга қарши олиб боради? Чунки қуролланган гуруҳлар улар учун реал куч ва ҳавфли душмандир.
Нима учун катта-катта давлатлар арзимаган 1000-2000 минг кишилик жангари гуруҳларга, уларнинг раҳбарларига серилтифот бўлиб, уларни қуролсизлантиришга интилишади? Чунки ўша бир ҳовуч одамнинг қўлида қуроли бор, чунки ўша бир ҳовуч одамни товуқни ўлдиргандай осонгина отиб ташлаб бўлмайди!
Нима учун шундай жангариларга қуролни топшириш эвазига катта пул, амал ва имтиёзлар таклиф қилинса ҳам, жангарилар пул, амал ва имтиёзларни рад этиб, қурол билан қолишни афзал кўришади? Чунки ўша пул, амал ва имтиёз қуролсиз одам учун ҳеч нарса эмас: қуролланган душман керак бўлса ўзи берган пулини ҳам, амалини ҳам, имтиёзини ҳам бир пасда қайтариб олиши мумкин. Керак бўлса, берган пули, амали ва имтиёзига қўшиб, қуролсиз одамнинг жонини ҳам олиши мумкин. Товуқнинг жонини олгандай олиши мумкин!
Каримов зулмига қарши амалда курашаётганлар учун хулосалар
Мана, бугунги кунда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати мазлум ўзбек халқининг олдига тушиб, золим Каримов диктатурасига қарши амалий кураш олиб бормоқда. Бу курашнинг самарасини биз, Ўзбекистонда яшаётган ўзбеклар, кўриб турибмиз.
Мисол учун, ўтган йили давлат телевидениеси бир неча маротаба ЎХҲга қарши хужжатли фильм намойиш этиб, унда Ҳаракатни ҳам, унинг раҳбариятини ҳам, фаолларини ҳам бузғунчиликда айблади. Эътибор берган бўлсангиз, золим Каримовнинг маддоҳлари фақат ЎХҲ ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳга қарши “тош” отишмоқда. Бошқа “мухолифатчилар” билан уларнинг ишлари йўқ.
Каримов ҳукумати фақат ЎХҲдан қўрқаётганини шундан ҳам билса бўлади. Бошқа тарафдан эса, ўзини мухолифат деб жар солаётган бошқа гуруҳчалар Каримов диктатурасига қарши ҳеч нарса қилмаётганини, Каримов диктатураси ҳам бундай сохта ва ишламаётган “ҳаваскорлик тўгаракларини” бир тийинга олмаслигини ҳам шундан билса бўлади.
Бу борада мен, оилам ва бутун қариндош-уруғимиз ЎХҲ тарафдори эканимизни билдириб, Ҳаракат раҳбариятига баъзи тавсияларни бермоқчи эдим. Бу тавсиялар юқорида келтирилган Тойиб ота ҳикояси ва ундан келиб чиқадиган хулосаларга асосланади.
ЎХҲнинг Низомида Ҳаракат Каримов диктатурасига қарши курашда фақат халқнинг кўмагига таянишини, халқни оммавий норозилик акцияларига олиб чиқиб, зулм ҳукуматини ағдаришни режалаётгани очиқ ёзилган. Бу ҳам ЎХҲнинг бир ютуғи: “Мақсадимиз – Каримов режимини ағдариб, Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни бошлаш”, деб қўрқмасдан ва очиқча ёзаётган бошқа бир мухолиф гуруҳ йўқ Ўзбекистонда!
Шундай эзгу мақсад ва вазифаларни қўйган ЎХҲ халқни оммавий норозилик акцияларига олиб чиқиш йўлида бу йилдан бошлаб “Зулмга қарши 7 кун” тадбирини бошлаб, унда ҳар ҳафта янги варақалар эълон қилиб бораётгани, юртдошларимиз эса шу варақаларни мамлакатимизда тарқата бошлагани бизни қувонтирмоқда. Чунки тарқоқ, пассив ва инерт халқни реал кучга айлантиришга, унинг норозилик потенциалини бир жойга тўплашга бел боғлаган сиёсий ҳаракат учун бу жуда катта ютуқ!
Аммо мана шу вазифани, яъни халқнинг норозилик потенциалини бир жойга тўплаб, мамлакат аҳолисини оммавий норозилик акцияларига олиб чиқишда ЎХҲ баъзи хусусларга эътибор бериши керак, деб ҳисоблайман.
Бу хусуслардан энг асосийси – халқни кўчага олиб чиқишдан олдин халқни Каримовнинг қуролланган жаллодларидан ҳимоя қила оладиган қуролли кучга эга бўлишдир. Яъни, халқни кўчага олиб чиқишдан олдин ЎХҲ шу халқни қуролли хужумдан ҳимоя қила оладиган бир катта кучнинг ёрдамига таяниши керак. Бу куч ё Мудофаа вазирлиги армияси, ё ИИВ қўшинлари, хуллас, бугунги кунда Каримовга хизмат қилаётган қуролли гуруҳлардан бири бўлиши керак.
Акс ҳолда, Каримов диктатураси ЎХҲ бошлаб берадиган норозилик акцияларига чиққан минглаб одамларни ҳам 2005 йилда Андижон аҳолисини қиргани каби, қириб ташлайди. Товуқларни отгандай отиб ташлайди. Ва оқибатда минглаб одамларнинг қурбон бўлишида Каримов ўзини ва ўзининг қуролланган жаллодларини эмас, балки халқни эзгу ниятлар билан кўчага олиб чиққан ЎХҲни айблайди. Бу ҳолатнинг олдини олиш учун ЎХҲ жуда эҳтиёткор, сиёсий ва амалий жиҳатдан пухта ўйланган ҳаракатларни амалга ошириши керак.
Авваламбор, ЎХҲ раҳбарияти бугунги кунда Каримов диктатурасига хизмат қилаётган қуролли гуруҳлардан бирини ўз томонига оғдириши, халқ кўчага чиққан пайтда халқни Каримовнинг қуролланган одамхўрларидан ҳимоя қилишга кўндириши керак. Албатта, бу жуда қийин иш, лекин шуни қилмасдан халқни кўчага чорлаб бўлмайди.
Аслини олганда халқни кўчага олиб чиқиш анави қуролланган гумроҳларни ўз тарафига оғдиришга қараганда анча енгил иш. Чунки ҳозирги кунда ўзбек халқи Каримовнинг зулмидан тўйиб бўлган. Бундай вазиятда халқни ҳимоя қила оладиган қуролли куч топилса, халқни кўчаларга сафарбар қилиш арзимаган ишга айланади. Энг қийини – бугун Каримов хизматида юрган ҳарбийларни халқ ҳимоясига чорлаш ва кўндириш.
Мана, араб “баҳори” ҳақида кўп гапириляпти. Бугунги кунда араб мамлакатларида юз берган инқилобларда ҳам диктатор режимларига муҳолиф бўлган гуруҳлар аввалига мамлакат армияси ёки махсус қўшинларини халқ тарафига оғдириб, кейинчалик халқни кўчага сарфарбар қила бошладилар. Улар қуролланмаган халқни қуролланган жаллодларнинг олдига олиб чиқишмади, халқни ҳимоя қила оладиган қуролли куч топгачгина оммани майдонларга чақира бошладилар.
Бу араб муҳолифатчиларининг сиёсий жиҳатдан оқиллигидан ва пухта тайёргарлик кўрганидан далолат беради. Шундай экан, ЎХҲ ҳам бу борада пухта тайёргарликка эга бўлиши лозим. Сиёсий хатоларга ва бегуноҳ одамларнинг қуролланган вахшийлар томонидан отиб ташланишига йўл қўймаслиги керак.
Шуни ҳам олдиндан эътиборга олиш керакки, ҳамма ишлар рисоладагидек кетиб (халқни ҳимоя қила оладиган ҳарбийлар топилгач, халқ кўчаларга чиққач), ўзбек “баҳори” бошлангудек бўлса, Ўзбекистонинг қўшнилари Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон, қолаверса Россия Федерацияси ва АҚШ ҳукуматлари Каримов режимига ёрдамга келишини ҳам ҳисобга олиш керак.
Бу вазиятда Марказий Осиёда геостратегик жиҳатдан энг қулай жойлашган Ўзбекистонда демократия қарор топишига улар ҳам тиш-тирноғи билан қарши бўлишади. Чунки Ўзбекистонда Каримов диктатураси қулади дегани Қозоғистонда Назарбоев ва Туркманистонда Бердимуҳаммедов яккаҳокимлиги қулади деганидир.
Ҳозирги Қирғизистон ҳукумати эса Ўзбекистон тепасига халқпарвар ва демократик ҳукумат келишини нега хоҳламаслигини пайқаш қийин эмас: қирғиз фашистлари 2010 йил Ўшда этник ўзбекларни қирғин қилганликлари учун улардан қасос олинишини яхши билишади. Кейинчалик қулаш жараёни Озарбайжонда Алиев, Россияда Путин диктатурасигача ҳам етиб бориши мумкин. Буни англаган қўшни давлатлар Ўзбекистонда адолат ва демократия қарор топишини истамайдилар.
Ўзбекистонда демократик муҳолифатнинг сиёсий ҳокимиятга келиши АҚШга ҳам ёқмайди, чунки Оқ уйга демократик ўзбек ҳукуматидан кўра, яккаҳоким Ислом Каримов диктатураси билан ҳамкорлик қилган қулайроқдир. Оддий мисол: АҚШ ҳарбийларини ва ҳарбий техникасини Ўзбекистондан транзит қилиш учун АҚШ маъмурияти битта Каримовга пул бериб, масалани бир зумда ҳал қилди-қўйди. Унинг ўрнида халқпарвар раҳбарият бўлса, АҚШнинг ишлари анчалик қийинлашиши турган гап эди: транзит қарорини олдин парламент муҳокама қилиши ва тасдиқлаши керак, кейин Сенат муҳокама қилиши ва имзолаши керак, шундан кейингина президент қарор бериши мумкин. Америкаликларга бундай демократик жараёнлар фақат ҳалақит қилади. Шунинг учун Марказий Осиёда ўз геостратегик мақсадларига эга америкаликлар ҳам Ўзбекистонда Каримов диктатураси иложи борича кўпроқ умр кўришини исташади.
Шуларни эътиборга олган ҳолда, қўшни республикалар, Россия ва АҚШ ҳам ўзбек “баҳори”га қаршилик кўрсатишига ЎХҲ тайёр туриши керак. Яъни, бу ишга Ҳаракат ўзи режа қилган кучдан 3-4 баравар кўпроқ куч билан, ортиқча имкониятлар билан киришиши керак.
Балки, ЎХҲ Ўзбекистонда ўзбек “баҳори” амалга ошишига хайрихоҳ бўлган бошқа давлатлар ва ҳукуматлар билан ҳозирданоқ ҳамкорликни бошлаши керакдир. Яъни, ўзбек “баҳори” бошланганда Каримов диктатурасини ҳимоя қиладиган давлатлар ва ҳукуматларга қарши ўзбек халқини ҳимоя қиладиган давлатлар ва ҳукуматлар ҳам бўлиши керак.
Акс ҳолда, ўзбек халқининг навбатдаги уриниши ҳам 2005 йил Андижондаги уриниши каби фожиали мағлубият билан якун топиши мумкин. Худо кўрсатмасин, бундай интиҳо ўзбек халқининг зулмга қарши курашиш иштиёқини яна 10-15 йил орқага суриб юбориши аниқ.
Сўнгсўз
Сўзим сўнгида Ўзбекистонда Каримов диктатурасига қарши бўлган ҳар бир ватандошни зулмга қарши курашда асло сусаймасликка, бу йўлда молини ҳам, жонини аямасликка, ЎХҲни эса мазлум халқимизнинг ана шу курашига сиёсий ва амалий донолик билан етакчилик қилишга чақирмоқчиман.
Агар Каримовнинг куфри ва зулмига қарши курашда молимизни ва жонимизни аясак, бир кун келиб Аллоҳ бизни ҳам қозонлик Тойиб отанинг, андижонлик юртдошларимиз ва ўшлик миллатдошларимиз қисматига дучор қилиши аниқ.
Худо кўрсатмасин, шунда биз молимиздан ҳам, жонимиздан ҳам барибир айриламиз. Бундай интиҳода молимизни ҳам, жонимизни ҳам осонгина, товуқлардай таслим этишимиз, золимларга “совға” қилишимиз кундек равшан.
Зулмга қарши курашда молимизни ҳам, жонимизни ҳам аямасдан курашсак, ҳеч бўлмаса Худо берган шу неъматларни курашиб, талашиб қурбон қиламиз.
Бу эскилардан қолган, аммо тобора ёшариб бораётган оддий ҳақиқат.
Дунё қозончлари ва неъматларига берилиб, ана шу ҳақиқатни ва зулмга қарши амалий курашиш шартлигини унутмайлик!
Facebook даги “Karimov, KET!” гуруҳи аъзоси