Америкада терроризмда айбланиб, ҳибсга олинган Ўзбекистонлик муҳожир Жамшид Мухторовнинг бундан 6 йил аввал “Хизбу-таҳрир” аъзоси эканлиги маълум бўлди.
У мухолифат лидери Мухаммад Солиҳга Қиргизистондан хат ёзиб, у ердаги “Хизбчи”ларнинг мухолифат ва Мухаммад Солиҳ ҳақида “кофир” деяётганини ва бунга муносабатларини сўраган.
Қуйида Мухаммад Солиҳнинг Ж.Мухторовга ёзган мактубини эълон қилиш билан, мактубда тилга олинган мавзунинг бугун хам долзарб эканлигига яна бир бор урғу бермоқчи бўлдик.
ЁШЛАРГА МАКТУБ
(Электрон почтадан келган бир мактубга жавоб)
Азиз укамиз Жамшидбек, мактубингиз учун ташаккур. Сиз мусулмон жамоасидан эканингизни ёзибсиз ва атрофингиздагилар каминани “американинг одами “ деяётганини билдирибсиз. “Ҳизб ут Таҳрир” ташкилоти аъзолари бизнинг куфр йўлида эканлигимиз ҳақида ташвиқот юритаётганини ёзибсиз. Жиҳод ҳақида фикримни сўрабсиз. Ҳокимиятга келсак, халқ референдумда Халифат истаса бунга қандай қарайсиз, деб сўрабсиз. Бу мавзуларга қисқа жавоб бераман.
Каминани Совет даврида “Москва одами” қилиш учун йилларча ҳаракат қилишди, коммунист партиясига олиш учун аввал яхши сўз билан, сўнгра таҳдид билан ундалдилар, аммо эплаёлмадилар. Мен бир Туркистонлик ўзбек мусулмони ўлароқ қолмоқ истадим ва, Яратганга шукр, мени шундай қолдирди.Оллоҳнинг изни ила мен яна у яратган қолипда – унга қуллиқ қилиш учун энг қулай қолипда – қолишни умид этмакдаман. Фитратимдаги бу қатъий чизгини руслар каби америкаликлар ҳам билганлари учун, каминани ўз одами қилиш учун уринаётганлари йўқ.
Албаттаки, биз билан кўришмоқ истаган ҳар ким билан кўришамиз ва муаммоларни тортишамиз. Аммо бизнинг Ҳизбчилардан фарқимиз шуки, бизнинг фикримизга қўшилмаган ҳар кимни кофир эълон этишдан қўрқамиз, чунки мусулмоннинг ҳақиқий мусулмон эканлиги ёки йўқлигини фақат Оллоҳ таоло белгилай олишини биламиз. Ва яна Унинг ғазабидан қўрққанимиз учун туҳмат қилиб қўймайлик дея, бу мавзуларда тилимизни тийишга ҳаракат қиламиз.
Бизни кофир дейдиганларнинг ёрдамига асло муҳтож эмасмиз, биз, аввало, Оллоҳ, сўнгра унинг халқ этгани суюкли халқимизнинг ёрдамига муҳтожмиз. Халифат эртаги билан халқимизни алдаб юрганларга ачинаман.
Алданган тоза ниятли ва шаффоф қалбли ёш биродарларимнинг беҳуда кетган вақт ва меҳнатларига ачинаман.Уларнинг турмада қийноқларга тобе тутилаётганига изтироб чекаман. Бу ёшларнинг ҳар бири битта муслимонга Қуръон ўқишни ўргатса, хайрли иш қилган бўлардилар. Афсус.
Албатта, улар ўзларининг тоза ниятлари учун афу этилар иншоллоҳ, аммо уларнинг софлигидан фойдаланиб, уларнинг белига бомба боғлаб, ўз-ўзини ўлдиришнинг жиҳод эканини ўргатаётган жоҳиллар ҳам бу қилган жиноятларига жавоб беришига шубҳамиз йўқ.
Чунки, Исломда ўз жонига қасд қилиш катта гуноҳдир.
Ўз жонига қасд қилибгина қолмай, бу портлатган бомбалари билан сиёсатга мутлақо алоқаси бўлмаган бегуноҳ ва масъум инсонларни қатл этиш иккинчи бир жиноятдир.
Бу – муқаддас динимиз Исломга душманликдир, уни дунёга ёмон кўрсатишдир, демак бу – яна бир карра жиноятдир.
Ҳизбчиларга бу сўзларимни айнан етказишингиз мумкин, сиёсатчи эмас, бир мусулмон биродарининг сўзи сифатида етказинг лутфан.
Ўз жонига қасд қилишнинг гунох эканлигига ҳадиси шарифдан бир хужжат: Пайғамбаримиз (САВ) бир жангда қаҳрамонлик кўрсатган бир аскарни “бу киши жаҳаннамлик” деганларида, саҳобалар бунинг сабабини сўрайдилар, Пайғамбаримиз (САВ) “уни кузатинглар, сабабини ўрганасизлар” , дея жавоб берадилар. Кузатишганида бу аскар қаҳрамонларча жанг қилади, аммо олган жароҳатлари оғриғига чидай олмай ўз-ўзини ўлдиради. Ва шу боис аскарни бутун қаҳрамонликларига қарамай, жаҳаннамга тушишини башорат қилганди 18 минг олам сарвари Пайғамбаримиз.
Бугунги жиҳодчилар эса бир эмас, бирданига икки жиноят қилмоқдалар, ўзини ўлдирар экан, атрофдаги бегуноҳ инсонларни ҳам ўлдирмоқда, ўз биродари бўлмиш мусулмонларни ҳам қатл этмоқда.
Бу жиноятни жиҳод, деб аҳли исломни йўлдан ураётганларнинг баҳонаси шу: “Фаластинлик мусулмонларни яҳудийлар ўлдираяпти, уларга қарши қўлимизда бошқа қуролимиз бўлмаса, нима қилайлик?” дейишади. Биз деймизки, сен ҳам қўлингга қурол ол ва уларга қарши машру услуб билан, ислом ҳаром қилмаган услуб билан кураш, исломнинг таъқиқлаган йўлига кирма!
Сенинг сиёсатингни билмаган, на яҳудий ва на-да американи танимаган масъум инсонларнинг нима гуноҳи бор, нега уларни ўлдирасан?
Нега бир муслимонни ўз жонига қасд қилишга, жиноятга ундайсан?
Ислом бегуноҳ инсонларни – у яҳудийми, кофирми, бундан қатъий назар, ўлдиришни қатъиян тақиқлагандир.
Хизбутчиларнинг яна бир хусусияти, Араб миллиятчилигини Марказий Осиёда ёймоқ истагидир. Булар Араб миллиятчилигини Умматчилик билан ниқоблайдилар. Масалан, улар қурмоқчи бўлган давлатда расмий тил Араб тили бўлар эмиш. Яъни улардан бошқа ўз миллатини айтса, бу дарҳол қавмчилик ҳисоблайдилар, лекин ўзлари Араб миллатиниинг устунлигини ҳар қадамда сездиришни қавмчилик ҳисобламайдилар.
Қавмчилик ирқчиликнинг кўринишидир. Аммо бир қишлоқлик муслимон – Ўзбек йигити Ҳизбга кирган заҳоти Каримовнинг қатл этаётгани ўз қариндошларини эмас, Фаластиндаги зулм ҳақида сизга нутқ ўқийди.
Албатта, биз Фаластиндаги биродарларимизни ҳам ўйлашимиз керак, аммо нега бу ўз онамизни унутиш эвазига бўлиши керак?
Агар икки хотин сувда чўкаётган бўлса, улардан бири сизнинг ҳурмат қилган бир қўшнингиз, икккинчиси онангиз бўлса, сиз биринчи бўлиб кимни қутқарган бўлардингиз? Албатта, онангизни қутқарардингиз ва буни ҳеч ким қавмчиликка йўймаган бўларди.
Мустабид Каримов 15 йилдан бери Ўзбек мусулмонларига шафқатсиз зулм ўтказмоқда, айтингчи, қайси мусулмон ўлкаси бунга қарши сас чиқарди? Қайси исломий сиёсий партия Ўзбекистонни Фаластин билан тенг қўйди?
Ҳизбчилар ўз партияларининг аъзолари сонини кўпайтириш учунгина қамалган Ўзбек аъзолари ҳимоясини қилишди. Улар мўътадил мусулмонлар, бошқа масҳабдан бўлган мусулманлар, ҳатто баъзи тариқат аъзоларини ҳам кофир, дея миш-миш тарқатмоқдалар. Ва ўзлари билмаган ҳолда буюк гуноҳга ботадилар.
Агар Ҳизб раҳномалари нифоқ ичида бўлмасалар, бу саволларга жавоб берсинлар аввал.
Бошқа бир хусус: Ҳар қандай миллатга айни ҳурматни кўрсатишимиз керак. Араб миллати ҳам биз учун азиз миллатдир, чунки уни ҳам бизнинг Раббимиз яратди. Бу миллат икки карра азиздир, чунки Оллоҳнинг сўнгги Расули ўша миллатдандир.
Аммо Раббим мени ҳам муайян бир қавмга мансуб яратди. Бу қавм Туркий қавмдир. Нега мен буни рад қилишим керак? Мусулмон учун фақат Уммат бор, Миллат йўқ, – деганлар Қуръони Каримдаги Оллоҳу таолонинг “Бир-бирингизни танишларингиз учун сизларни қавм-қавм қилиб яратдик”, деган ояти каримасини рад этганлардир.
Миллатни миллиятчилар эмас, Оллоҳу таоло яратди. Миллатни тан олмаганлар Оллоҳнинг муқаддас китобидаги келтирганимиз юқоридаги оятни танимаганлардир.
Миллиятчи демак ўз миллатини севиш дея тушунилиши керак. Аммо ўз миллатини бошқа бир миллатдан устун қўйиш бу – ирқчилик! Бунга исломда йўл йўқ.
Пайғамбаримиз инсоннинг ижтимоий, миллий келиб чиқиши Оллоҳ наздида ҳеч бир аҳамияти йўқлигини, инсон зоти фақат тақвоси билан азиз эканлигини билдирганлар. Демак, мусулмон ирқчи бўлишга ҳаққи йўқ. Ҳатто кофирларга қарши ҳам! Уларнинг кофирлиги ва бизнинг миллатдан бўлмагани учун азият бериш исломда таъқиқлангандир.
Оллоҳ бизга иқтидорни ёзган бўлса, биз мусулмон биродарларимизнинг бутун олинган ҳуқуқларини янгидан иншо этамиз, иншооллоҳ. Мазлумлар ўз ҳақларини қозонажаклар, золимлар ҳам лойиқ бўлган мукофотини олиши муқаррардир.
Бош мавзуга қайтсак, террор ғайриисломийдир. Чунки террорда ахлоқ йўқ. Ислом эса ахлоқнинг ўзидир.
Биз иқтидорга келсак, халифат эмас, тамали Юксак Ахлоққа таянган, одил ҳуқуққа асосланган, диний ва миллий анъаналарни қадрлайдиган, ҳамма миллатларга тенг қарайдиган бир давлат, ҳур инсонларнинг давлатини қурамиз, насиб этса.
Халифат ҳақида референдумда бу хаёл тарафдорлари юзда 1 фойиз ҳам овоз олаолмайди, чунки Туркистон халқи динда Пайғамбаримиз буюрган Ўрта Йўлни тутиб, юришда давом этмакдадир.
Исломнининг энг ноёб олимлари Туркистондан чиққандир. Фиқҳда ҳам, тасавуффда ҳам дунё мусулмонлари ўзларининг диний фаолиятларида Туркистонлик олимларнинг қарашлари билан ҳисоблашадилар. Шундай экан,асрлар давомида бўлганидек,Туркистон мусулмонларининг муаллими Оллоҳнинг китоби Қуръони Карим ва Пайғамбаримизнинг муборак суннатларидир.Ғайри муаллимларга эҳтиёжимиз йўқдир.
Муҳаммад Солиҳ
06.05.2006
“Муҳаммад Солиҳ. Публицистика” китобидан