O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ёшларнинг Марказқўм қаршисида бўйин эгмагани зиёлиларга қаттиқ таъсир қилди

Ёшларнинг Марказқўм қаршисида бўйин эгмагани зиёлиларга қаттиқ таъсир қилди
299 views
14 July 2016 - 6:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(20)

Ёш ёзувчи пойтахтга учиб кетиши керак бўлган кун, менинг уйимга иккита носир ҳансираб етиб келишди. «Илтимос, шу имзомизни ўчириб қўйсангиз, биз эшитдик-ки, марказқўм ҳам бу муаммони билармиш, шошмай турар эканмиз», дейишди ҳансираб.

Мен мактуб ёш ёзувчи М. М. Дўстнинг қўлида эканлигини айтдим, учиб кетган бўлиши мумкин, дедим. Улар имзосини қайтариб олишга улгурмадилар. Лекин, биздаги ўзлари ҳақида туғдирган ишончни қайтариб олишган эди. Умуман, саксон бешинчи йил ёзилган бу мактуб бизнинг авлод учун бир маҳактош ролини ўйнади. Мактубга жавоб май ойида келди. У пайт Черненко ўлган, ўрнига Горбачев ўтирган эди. Жавоб унинг идорасидан келди.

Табиий-ки, бизга эмас, биз шикоят қилган одамнинг ўзига – Ўзбекистон Марказқўми котиби Раъно Абдуллаевага келди. Абдуллаева май ойининг гўзал бир кунида бизни марказқўм биносига чақирди. Мактубга қўл қўйган ҳаммани, ҳатто вилоятдан бўлса ҳам, чақиришган эди. Биз, элликдан ортиқ қаламкаш, эҳтимол, биринчи марта, шундай оломон бўлиб Тошкентда учрашаётган эдик. Лекин сарой олдидаги майдонда ёзувчилар сони имзочилардан кўпроқ эди. Кейин билсак, бизни сазойи қилиш мақсадида Абдуллаева яна бошқа ёзувчилар гуруҳини ҳам таклиф қилганди. Ичкари кирдик. Катта ва шинам зал тўла.

Ҳаммамимзда бир шанлик, бир ғаройиб қувноқлик бор эди. Аниқ эсимда, ҳеч биримизни бу коммунистик маҳобот ҳам, хўмрайиб ўтирган (қизил кийинганди, янглишмасам) идеология котиби хам заррача ҳаяжонлантирмади. Аксинча, биз «қора рўйхат»га тушаётганимиздан гўё хурсанд эдик. Биз унга «тушиш»нинг унчалик ҳам қўрқинчли эмаслигини ҳозир, шу ерда исбот қилиш завқи билан яшардик гўё.

Абдуллаева кириш нутқидан сўнгра биз ёзган мактубни қўлига олиб, бизга намойиш қилди. «Буни биз ёзганлигимиз»ни тасдиқладик. У Москвадан келган жавобни ўқимади, бизнинг мактубни «таҳлил» қилди. Бугун бу таҳлилдан ҳеч нарса эсимда йўқ. Фақат йигит-қизларимиз Марказқўм Котиби билан шундай мулоқот қилди-ки, бизга қарши қўйиш учун олиб келинган бошқа ёзувчилар гуруҳи ҳам «тўғри айтишаяпти, бу мактубга биз ҳам қўл қўярдик», деб юборишди. Абдуллаева «Темурни ҳимоя қиладиганлар, миллатчилар кўпайиб кетаяпти,» деди. Бу шикоятга ўхшаган бир таҳдид эди. Аммо котиб ўзининг енгилаётганини сезиб «суҳбат»ни қисқартиришга мажбур бўлди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_25Бу суҳбатдан кейин «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири Пирмат Шермуҳаммедов ишдан олинди. Ва бу бизнинг мактубимиз натижаси ўлароқ баҳоланди. Биз бундан қаттиқ ҳайратландик, мактубда Бош муҳаррирдан ҳеч қандай шикоят йўқ эди. аксинча, «Шарқ юлдузи»ни цензурадан ҳимоя қилиш кераклиги ёзилганди.

Кейин билсак, мактубни олиб борган ёш шахс мактубни Москвада ўзгартириб ёзиб топширган. У «Шарқ юлдузи» Бош муҳарририга хусусий адоватининг хусурини шундай чиқарган. Яна кейинроқ маълум бўлди-ки, бу одам Абдуллаевага асло мухолиф эмас, унинг оила дўсти экан. Астоғфуруллоҳ, дедик холос.

Ёшларнинг бу мактуби ҳеч бир ерда чоп қилинмади, аммо унинг акс-садоси жумҳурият бўйлаб ёйилди. Аввал бу хусусда кулиб – ҳикоя қилган қитмирлар ҳам жимиб қолди. Ёшларнинг Марказқўм қаршисида бўйин эгмагани зиёлиларга қаттиқ таъсир қилди. Қисқаси, бу кичик мактуб Ўзбекистондаги ижтимоий фикрнинг норасидалик давридан чиққанлигини кўрсатди.

(давоми бор)