O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ёшлигимиз бирдан «таққа»тўхтади

Ёшлигимиз бирдан «таққа»тўхтади
318 views
02 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(8)

«ЁШЛИК»НИНГ ИНТИҲОСИ

70-йиллар ўрталарида янги дўстлар орттирдим. Бу ҳар хил характердаги одамларни бирлаштирган нарса нималигини белгилаш қийин. Ҳар ҳолда, улардан ҳеч бири расмий адабиёт ёки санъат вакили эмасдилар. Ҳеч маддоҳ эмас, нон учун санъатни восита қилмаган одамлар эди.

Энг муҳими, улар совет тузумида бир шахс нақадар эркин яшаши мумкин бўлса, у қадар эркин яшай билардилар. У пайтда «Гулистон» журнали чиқарди ва бизнинг «эркин» қарашларимиз кўпинча ўша журналда босиларди. Унинг муҳаррири Асқад Мухтор либерал тушунчали одам бўлгани учун бизнинг «изланиш»ларимизни кўриб, кўрмаганга оларди. Лекин керак бўлса, «тепа»нинг ҳам кўнглини олишни унутмасди. Асқад ака туғма шоиргина эмас, туғма муҳаррир ҳам эди. Битта сўз билан бутун бир матнни чаппа қилиб ташларди. Менинг бир шеъримда қаҳрамон намойишда ўз севгилисини кўриб қолгани тасвирланарди:

«Башара, қиёфа, юзлар ичидан
Сенинг чеҳранг сузиб чиқади».

Асқад ака буни: «Сенинг чеҳранг сузиб чиқади, Ленин!» деб ўзгартириб, ҳеч қачон «Ленин» сўзини ёзмаганман, деб ғурурланиб юрган каминани анча уялтирган эди. Барибир, «Гулистон» узоқ вақтгача бизнинг асосий минбаримиз бўлиб қолди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_08Биз ёш эдик, ёшлик бир имтиёз эди. Бизга ҳеч ким эътибор бермасди, бундан фойдаланиб хоҳлаган нарсамизни ёзар ва чоп қилдирардик ҳам. Албатта, тузумни ағдариб ташлашга даъват қилмасдик, лекин унга чўнтак ичида мушт кўрсатишимиз мумкин эди. Баъзи ҳушёр танқидчилар бундан хафа бўлиб, «чўнтагингиздагини тушунтириб беринг!», дея хитоб қилган пайтлар ҳам бўлди. Бу «навқирон» ёшлигимиз жуда узоқ, 1984 йилгача давом этди. Ўттиз беш ёшда ҳам ёш бўлиб юриш фақат бизнинг жамиятда мумкин эди ва бу имкониятдан биз тўла фойдаландик. Аммо саксон тўртинчи йил ёшлигимиз бирдан «таққа»тўхтади. Кремлда ҳокимият ўзгарди.

(давоми бор)