O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ёш шоир ижодидан намуналар

Ёш шоир ижодидан намуналар
767 views
15 July 2021 - 13:14

ФОКУС

Лаққа илинтирмоқ мумкин ёлғонга –
Гўё Аршга чиқиб тушиб келгандай:
«Йигирма олти йил Ўзбекистонга,
Аллоҳ барокати ёғди» дегандай.

Мансаб, обрў ёхуд унвон ишқида,
Айтажак сўзларин ютворса эрлар.
Ортиқ инонмайман Ватан ҳақида,
Муштга қалам тугиб ёзса шоирлар.

Иснод аталмасми номусдан ўлсам,
Ёки силлам қуриб, узилса рангим?!
Уларга айт, ёлғон гапирмасинлар,
Сўйламасин сенинг номингдан, Тангрим!

ЎЗБЕК

Бу эл – содда, бу халқ – хокисор,
«Меҳнат қилса ўлиб қолмайди».
Кенгфел, танти, софдил, беозор,
Қўй оғзидан чўп ҳам олмайди.

Кеч кузгача елкаси пишиб,
Бош кўтармай… тергани пахта!
(О, юрагим кетар увишиб,
Мафкурасин қилишган ахта!)

Бор газини Хитойга сотиб,
Қишда тезак ёқиб кун кўрган.
Ҳалол ризқчун қора тер ботиб,
Мақтанишни ўзбекдан ўрган!

Ачинсамда ич-этимни еб,
Тушунаман, қилсамда гина.
Ахир бу халқ – бола-чақа деб,
Ўтиб кетар, индамайгина…

Раҳмиддин АБРАЕВ