O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЁҒЛАНГ, СУВЛАНГ АММО ТУЗЛАМАНГ!

Туркманистоннинг янги “сайланган” Президенти диктатор Қ.Бердимуҳамедов шу кунларда Туркияга сафар қилмоқда.

ЁҒЛАНГ, СУВЛАНГ АММО ТУЗЛАМАНГ!
334 views
02 March 2012 - 17:32

Туркманистоннинг янги “сайланган” Президенти диктатор Қ.Бердимуҳамедов шу кунларда Туркияга сафар қилмоқда.
Сафар расмий бўлгандан кейин ҳамма нарса расмият шаклини олади. Яъни, вазият йиғлашни тақоза қилса ҳам ҳамма бир бирига жилмаяди. Диктаторга ҳеч ким Сиз нима қилааяпсиз, ахир диктатуралар замони орқада қолди, демайди. Золимга олим, зўровонга меҳрибон, дейишни тақоза қилади бундай расмиятчилик…
Хуллас, Туркманистон Президентининг Анқарада кайфи жойида. Ҳамма унинг пойига “ёғ” сурмоқда, юрган йўллари ялтирасин, деб. Яъни, унинг шаънига айтилаётган мақтовларнинг на чегараси на да маъноси бор. Зотан, золимни мақташнинг маъносизлигини ҳамма билади, шу диктаторнинг ўзидан бошқа. Яна Туркиялик мезбонлар бу диктаторни “сувламоқдалар”, яъни уни кўтар кўтар қилиш билан Бердимуҳамедовнинг Туркманистонда ўтказаётган зулмларини “поклашга” уринмоқдалар…
Диктаторни бундай “сувлаш ва ёғлаш” маросимларидан бири Туркиянинг машҳур Фотиҳ Университитетида бўлиб ўтди. Бу Универститетда диктаторга фахрий докторлик унвони берилди. Яъни, у бир маънода ўз халқига зулм қилиш профессори, дея тан олинди. Фотиҳ Университети бугунги Туркиянинг белининг қуввати ҳисобланадиган Фатҳулла Гулан жамоатига оиддир. Бу жамоат аъзоларининг сони ҳозирда 7 миллиондан 10 миллионгача эканлиги тахмин қилинади. Бу жамоат ўзининг қаршисида ким бўлишидан қатъий назар, олимми, золимми, муроса ва мулоқот қилиш йўлини танлаши билан машҳурдир. Яъни, улар ҳақсизлик қилганни “ҳақсизсиз”, дея тузламайдилар, танқид қилмайдилар. Бунинг ўрнига золим билан бўлса ҳам мулоқот қилиб, унинг қўлтиғига кириб олишни, кейин кутилмаганда уни қўлтиғидан кўтариб ерга уриш йўлини танлаганлар. Уларга бундай кураш йўлини ким ўргатган, буни ҳам ўзларидан бошқа ҳеч ким билмайди.Уларга нега золимларни тузламайсизлар, дейилса, бунинг нима кераги бор? Золимлар зотан чириган нарсага ўхшайди. Уларни тузласак, туз уларнинг чиришини секинлаштиради, қабилида жавоб берадилар.
Албатта, бундай “ёғлаш ва сувлаш”дан диктатор Бердимуҳамедовнинг эриб кетгани ҳам рост. Бундай кўтар кўтардан илҳомланган бу диктатор Туркманистон ва Туркия халқларининг икки давлат, бир миллат, эканлигини “эътироф” қилди. Бу қип қизил ёлғондир. Чунки туркий халқларнинг ҳақиқий ҳамкорлигига тўсиқлик қилиб келаётганлар Ислом Каримов, ота ва бола Алиевлар, эски ва янги Туркманбоши каби диктаторлардир. Аммо начора тентакка тентак дейиш билан бирон нарса ўзгармайди, дея ўйлаётган бўлишлари мумкин Туркиялик дўстларимиз. Мана Каримовга ҳеч нарса демасак ҳам, бизни Ўзбекистондан қувди…На сармоямиз қолди, на да лицейларимиз!
Хуллас, Каримовдай “сутдан” оғзи куйган Туркиялик расмий ва норасмийлар, Бердимуҳамедов каби “қатиқни” пуфлаб ичмоқдалар. Чунки турк биродарларимизнинг сармояси ва мактаблари Ўзбекистонга қараганда Туркманистонда бир неча марта кўпдир…
Шундай экан, диктатор Бердимуҳамедовни ёғланглар, сувланглар, аммо тузламанглар. Зеро, унинг учун туз сарфлаш ҳам исроф ҳисобланади…
Фарҳодбек.