O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ё борингдек кўрин, ё кўринганингдек бўл”

“Ё борингдек кўрин, ё кўринганингдек бўл”
54 views
10 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(34-қисм)

Ўн учинчи шох: Бўёқчилик

Босмахоналар ҳали кампутирлашмаган паллалари – совет пайтида газет-жўрнолда босиладиган суратлар роса қайта ишланарди. Расмга қалам теккизмай мошинага тушириб юборилса, босмадан хира чиқиши мумкин эди-да.

Махсус қилқаламлар билан махсус бўёқларда одамнинг қоши бўялар, киприклари билинтирилар, юзлари текисланар, суратдаги жуссаси орқа томон оқлигидан ингичка ва юпқагина чизиқ билан ажратилар… бу ишлар ҳаммаси ўрисча орқали кирган ажнабийча “ретуш” сўзи билан ифодаланар эди.

Ҳодиса “ретуш” бўлганидан кейин шу иш билан шуғулланувчи “ретушчи” дейиларди. Ўзбекчаси у пайтда ўйлаб топилмаган, чунки илгарилари халқимизда ўзи йўқ нарсани бор қилиб кўрсатувчилик касби бўлмаган, бунақа ишга ҳаракат ҳам қилинмаган. Борига кўнилган. Қозонда бори чўмичга чиқади-да, дейилган.

Аптинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама, деган гаплар шунга далолат. Табиий чиройлар мақталган, ясамалари устидан кулинган. Ҳатто “Оллоҳ таоло берганига розимасмисан, аптингни ўзгартириб опсан?!” каби маломатлар қилинган.

Ҳодисанинг ўзи бўлмагани учун халқ унга от ҳам қўймаган. Бўяб-бежаб кўрсатишнинг оти ҳам тилимизга ўша бўяб-бежовчиларнинг ўзлари билан бирга кириб келди ва шундоғича қабул қилинди: “ретуш”. Лекин барибир катта бир миллат сифатида бунга ҳам ўхшатиб от қўйса бўлади. Яъни, “бўяма”, “бежама” ёки иккала сўзни қўшиб, “бўяма-бежама” деса бўлади.

Бу бўлимчада қаламга олаётганимиз мавзу жиддийдир. Ўта жиддийлиги – бир вақтнинг ўзида ҳам шахсий, ҳам ижтимоий, ҳам давлат аҳамиятига моликдир. Булар устига, озгина нозик ҳам: одамнинг жисмоний камчилиги тилга олинади.

Шунинг учун олдиндан узримизни билдирган ҳолда, жисмоний камчилик ҳеч бир ҳолда уят эмаслигини, одамга чинакам баҳо унга кўра берилмаслигини, унга қараб одам ҳеч қачон камситилмаслигини алоҳида таъкидлаймиз.

Халқимиз исломий тарбия кўрган халқ сифатида яқин-яқинларгача одамнинг жисмоний камчиликларига эътибор ҳам бермаган. Одобли киши бировнинг жисмоний камчилигини юзига солмайди. Чунки Яратувчимиз Оллоҳ таоло бизга шундай таълим берган:

“Эй мўминлар! Сизлардан бир қавм (бир киши бошқа) бир қавмни (кишини) калака қилмасин. Эҳтимол (калака қилинган киши) улардан яхшироқдир. Яна аёллар ҳам аёлларни (калака қилмасин)! Эҳтимол (калака қилинган аёл) улардан яхшироқдир. Ўзларингни (бир-бирларингни) мазах қилманглар ва бир-бирларингни лақаблар билан атаманглар! Имондан кейин фосиқ деган ном нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ иш билан ўзларига) зулм қилувчилардир” (Ҳужурот сураси 11-оят маъноси).

Буйруқнинг иккинчиси аёлга қаратилганидан биринчисида келган “қавм” (миллат) сўзини “эркак” ё “киши” деб ҳам тафсир қилишади. Чунки, балоғат илмига кўра, “Яна аёллар ҳам аёлларни” ифодаси тепароқда мантиқан “бир эркак бошқа бир эркакни” деган ифодани тақозо этади. Демак, умумий қилиб айтганда, бир одам бошқа бир одамни калака қилмасин!

Суюкли Пайғамбаримиз (у Зотга омонлик бўлсин) ҳам бу масалада қаттиқ гапирганлар. Буюк олим-саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (Оллоҳ у зотдан рози бўлсин) бир куни йўлдошларига мева узиб бериш ниятида дарахтга чиқадилар. Оёқлари ингичка эди. Шериклари уни қушнинг қилтириқ оёғига ўхшатиб кулишади. Шунда Расули Акрам: “Нега куласизлар? У (оёғи) қиёмат куни тарозида Уҳуддан ҳам оғир келади!” дейдилар (Ҳазрати Алидан Имом Аҳмад ривояти).

Бу танбеҳ билан, дунёдаги ҳолимиз эмас, охиратдаги ҳолимиз муҳим эканини таъкидлаганлар. Бу маънода яна бошқа ҳадислар ҳам бор. Сўфи Оллоҳёрда “Банданинг айби Оллоҳнинг айбидир” (“Саботул ожизин”дан) деган сатр келади. Бу гапни икки хил тушунса бўлади:

1. Бандадаги чиройу бошқа фазилатлар сингари камчиликларни ҳам унга Оллоҳ таоло берган.

2. Бирон камчилик туфайли бандани айблаш Оллоҳ таолони айблаш билан тенгдир.

Иккала хил тушуниш ҳам асли битта маънодадир: “Бандага фазилатни ҳам, камчиликни ҳам Оллоҳ таоло берган, бандани айбласанг, Оллоҳ таолони айблаган бўласан, шунинг учун ҳеч бир одам бошқасини бирон-бир жисмоний камчилиги учун калака қилмасин”.

Динимиздан шундай олижаноб тарбия олган мўмин-мусулмон бировнинг жисмоний камчилигини бетига солмайди. Оллоҳ ҳузурида балки у мендан яхшидир деган боқимдан қарайди.

Аммо кимсанинг ўзи ўзининг жисмоний камчилигига эътибор бераверса, камчилигини айб деб билаверса, юраги сиқилаверса-чи?

Масалан, юзида бир оз чўтири бўлса-да, одам суратларидан ҳеч қониқавермаса! Қозонда бори чўмичга чиқади, деган қоидага сира кўнмаса! Суратига алоҳида ишлов бердириб, ҳар куни бўятиб-бежатиб, у “камчилиги”ни “йўқотиш”га тиришаверса (Ажабтовур ҳодиса!)… энди айб бошқаларда эмас, ўша одамнинг ўзидадир.

Бу борада мулоҳаза билдирар эканмиз, ниятимиз бировнинг жисмоний айбини юзига солиш эмас. Диққатимиз кичиккина жисмоний камчилигини Оллоҳдан деб қарамаётган, ундан уялаётган, тарихда ва тасаввурларда табиий ҳоли билан қолишни истамаётган кишига қаратилган. Борингиздан уялманг ва ўзингиздаги жисмоний камчиликни айблаш билан Оллоҳ таолони ҳам айбламанг, деб насиҳат қилмоқчимиз, холос. Яъни:

Юзингиз чўтир бўлса ҳам, ишингиз чўтир бўлмасин. Ўзингиз хунук бўлсангиз ҳам, ишингиз хунук бўлмасин. Афтингиз қийшиқ бўлса ҳам, ҳаётингиз тўғри бўлсин. Ишингиз тўғри (силлиқ) ва чиройли бўлса, юзингизни ҳам тўғри (силлиқ) ва чиройли кўрсатаверади. Сизни оламга бежамачилар чиройли кўрсата олмайди, балки шафқатли юрагингиз, тўғри сиёсатингиз, халқингиз билан муҳаббатли муомалангиз… – бир сўз билан айтганда, ич гўзаллигингиз чиройли кўрсатади.

Бундан чиқадиган хулоса:

Агар ичингиз қора ва хунук, ишларингиз расво бўлса, мингта ретушчи суратингизни бўяб-бежамасин, барибир эл кўзига хунук кўринаверасиз. Сиёсатингиз чиройли бўлганида юзингиздаги чўтирлар ҳам ўзингизга ярашиб, қиёфангизни табиий безаб турган бўларди. Юзингизни бўяб-бежаб кўрсатаётганларидек, мамлакатда қилаётган ишларингизни ҳам зўр бериб бўяб-бежаб ётибдилар. Юзини бўятган одам албатта ишларини, қилмишларини, мамлакатнинг аҳволини ҳам бўяб-бежашларини истаб қолади.

Юзингизни зўр бериб бўятяпсизми, сизни элга “чиройли кўрсатиш” учун бўяб-бежашларига рози бўляпсизми, демак юзингизни хунук деб биласиз. Ишларингизни, сиёсатингизни, мамлакат аҳволини зўр бериб бўятяпсизми, оламга “чиройли кўрсатиш” учун тиришиб бўяб-бежашларига рози бўляпсизми, демак, ишларингиз ҳам, сиёсатингиз ҳам, мамлакат аҳволи ҳам аслида хунук ва ёмон эканини билиб турибсиз, тан оляпсиз ва уялиблар кетяпсиз.

Уялсангиз, қилган ишларингиздан уялинг. Айбласангиз, йигирма йилдан бери гапираётган ёлғонларингизни, халқ бошига солган зулмларингизни, сиёсатда йўл қўйган хатоларингизни… айбланг.

Булар олдида юзингизнинг озгина чўтирлиги нима деган гап. Чўтирлик ҳатто эркак одамга ярашиб туради, ундан асло ўксинманг. Ҳеч бир жисмоний камчилик одамни ўксинтиришга арзимайди. Аксинча, бундан баттар камчилик билан яратиб қўймагани учун Оллоҳ таолога шукр қилиш керак.

Қолаверса, сиз шу ҳолингизда ҳам кўркам бир инсонсиз! Ҳар ким табиий ҳолида гўзал бўлади. Шунинг учун бу дунёда эмас, газет-жўрнол саҳифаларида эмас, Қиёматда, Охиратда юзингизни ёритиш пайида бўлинг, етади.

Қайғурсангиз, шунга қайғуринг. Охиратда юзингизни порлоқ қиладиган ишлар қилинг…

Қизиқ бир ҳолат: суратингизни ‒ юзингизни, қошу кўзингизни фақат ўзбек матбуоти бўяб-бежайди, дунё матбуоти ҳеч буямайди, борингизни борича кўрсатади. Худди шунингдек, ишингизни, сиёсатингизни ва мамлакат аҳволини ҳам улар борича ёритади.

Демак, ўлиб-тирилиб бўяб-бежатишларингиз ичкари учун, ўз халқимизнинг кўзини бўяб туриш учундир, холос. Ташқарига ўтмайди. Шахсингиз ҳақида ҳам, Ўзбекистон аҳволи ҳақида ҳам ичкари билан ташқарининг баҳолари ҳархиллиги шундан.

Сиёсат бошига келган кишиларда озгина маърифат бўлса эди, масалан, Жалолиддин Румий ҳазратларининг: “Ya olduğun gibi görün, ya göründüğün gibi ol” – “Ё борингдек кўрин, ё кўринганингдек бўл” деган ҳикматларини билар, ўзининг табиий юзидан ҳам, ишларидан ҳам уялмас, юзинию ишларини бўятиб-бежатмас эди. Энг муҳими – одамни уялтирадиган ва бўяма-бежамаларга муҳтож этадиган ишларни қилмас эди.

Илгари ретуш рассомликнинг энг паст дааражаси ‒ қора иш ҳисобланар эди. Таҳририятларда бу иш билан рассомларнинг пачақлари шуғулланарди. Матбуот майдонида ҳам обрў-мартабалари шунга яраша бўларди – биров уларни танимасди ҳатто. Таниса-да, менсимасди.

Ҳозир Ўзбекистонда бу хил бўёқчилик энг обрўли касб бўлиб қолди. Машҳурликда ашулачи ва спортчиларни ҳам ортда қолдиради. Ҳамма ишини ташлаб, бежамачиликка ўтиб кетди: шоирлар, адиблар, журналистлар, имомлар, катта-кичик бошлиқлар… бир-бири билан мусобақа ўйнагандек, бир-биридан оширишга тиришиб, Ўзбекистон суратини бўяб-бежаб ётишибди!

Ҳамма мактаб, мадраса, коллеж, институт ва университетда бўяб-бежашга ўргатадиган махсус факулталар, кафедралар, йўналишлар, махсус курслар очилди, кечаю кундуз ишлаб турибди. Бу ўқув даргоҳларини ўқиб битирганлар, бугун қўлларида имтиёзли дипломлар билан, “бўёқчи”лик вазифасига ишга жойлашиб олишган.

Кўплар маош олмаса ҳам рози. Кунлари туққанига шод бўлиб, чўтир ҳаётларини бўяб-бежаб ётишибди.

“Бўёқчи”лик қора ишликдан чиқиб, оқ иш даражасига юксалди, “бўёқчи”нинг ўзи эса бугун энг обрўли шахсдир. Бунинг устига, бўямачилик ва бежамачилик осонлашиб, ҳозир ҳамма ишлар кампутирлашиб кетди. Илгаридагидек қилқаламлар, бўёқлар эскилик сарқитига айланди. Кампутир бир сонияда чолни йигит, кампирни қиз қилиб қўйяпти. Суратини, албатта. Аслини ўзгартиролмайди.

Аслини аслининг Эгаси – Яратган Зотгина ўзгартира олади.

Аммо У ўртага қўйган қонуниятга кўра, йигит чол, қиз кампир бўлади, асло тескариси бўлмайди.

Бунинг ҳеч бир ўксинадиган ери йўқ. Ҳар ҳолдан гўзаллик, ҳар ишдан ҳикмат ахтарилса, ҳар палланинг ўзига яраша тоти, завқи, гўзаллиги бор. Эсли одам қариётганидан, қариган сари аптини тиришлар қоплаб бораётганидан ўксинмайди, фақат севинади. Борига ҳамда шу кунларга етказганига шукр қилади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com