O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ё заринг бўлсин, ё зўринг бўлсин”

“Ё заринг бўлсин, ё зўринг бўлсин”
149 views
04 January 2018 - 13:32

Араблар бежизга “подшоҳларни сўзи, сўзларни подшоҳи” деб айтмаган экан. Бизда нафақат подшоҳлар, балки, қўли узун бойлар ҳам шу мақолга тушаверади. Бойларни гапи, сўзларни жавоҳири ва тўппа тўғриси бўлади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурни “Ватангадо” деган бирор инсонни шу вақтга қадар учратмадим. Ваҳоланки, юртини ташлаб чиқиб кетган. Юртига сиғмаган. Ўзга юртда “соққага” ва тожу тахтга эга бўлганлиги учун дарров ўзимизга бобокалон қилиб олганмиз.

“Бу ўтмиш”, дерсиз. Бугунги кунга ҳам мисоллар етарли. Алишер Усмоновни “ватангадо”, “хоин” ликда айблаган бирорта ўзбекни учратмадим. Юртидан чиқиб кетган, Ўзга давлат фуқароси, Ўзбек тилида ҳеч қачон гапирмайдиган инсон билан ўзбеклар фаҳрланиб юрганини эса жуда кўп гувоҳи бўлдим. Қолаверса, Россия федерацияси учун бир неча миллионлик совғаларни ҳадя қилади. Ҳеч ким “Ўзбекистон учун қилсанг ўласанми? Ўзимизда ҳам муҳтожлар тўлиб ётибди-ку?”, дегани йўқ. Бойми? Демак, яхши инсон. Кумир қилишга ягона сабаб: миллиардер эканлиги. Бу мавқега қандай етиб борганлиги аҳамиятга эга эмас.

Юрт ичида ҳам Раҳимжон Турдиев ва у кабилар кимнидир “ҳақорат” қилса маҳкамага тортилади. Жазоланади. Дунёдаги жамийки ёмон сўзлар тиркаб қўйилади. Аммо бир йил аввал президент бўлган инсон йигирма беш йиллик эртакчини тизимини “чириган”, деса олқишланади. Орган ҳодимларини “каламушлар, ўғрилар, пораҳўрлар” деса, азбаройи ҳурсандчиликдан ҳуштак чалиб юборилади.

Ҳеч ким далил талаб қилмайди. Ҳеч ким қонуний чора кўрилишини сўрамайди. Каллани сарак, сарак қилиб қоил қолинади, бўлди, тамом! Нима учун? Чунки курси бақувват.

Хулоса шу бўлдики “ватангадо”, “хоин”, “қонунбузар”, “тинчликни кўра олмайди”, “ношукр” каби тамғалардан ҳалос бўлиш учун подшоҳ бўлиш ёки миллиардер бўлиш керак. Шунда ҳар бир сўзингиз олқишланади ва сўзсиз қабул қилинади. Қудрат, мавқе, мансабга эга бўлмай гапириш, жиноят ҳисобланади.

Хуллас, “ё заринг бўлсин, ё зўринг бўлсин” деб бежиз айтишмаган. Зари билан зўри борларни ҳар бир иши шариатга ҳам, шароитга ҳам мос келаверади.

Sayyid Islom

facebook.com