O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ё Расулаллоҳ!

Ё Расулаллоҳ!
32 views
04 February 2014 - 10:19

tret

Одам Ато бошлаб берган манҳажни
Айлаган қабулсиз, ё Расулаллоҳ.
Тасдиқлаб шаҳодат калимасини,
Сиз сўнгги Расулсиз, ё Расулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Расулаллоҳ.

Меърожга «марҳаба» деб кўтарилган,
Йиғлаган Мусони овутиб кетган,
Ийсони энг яқин биродар тутган
Сиз сўнгги Расулсиз, ё Расулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Расулаллоҳ.

Ҳалилуллоҳ бўлмиш Иброҳимга ҳам
Саловат айтишга ундаган одам,
«Намоз – кўзим нури» деган сўнгги дам
Сиз сўнгги Расулсиз, ё Расулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Расулаллоҳ.

Оғир йўлларда ҳам босиб минг тикан
Ҳар лаҳза умматнинг қайғусин еган,
Сўнгги лаҳзада ҳам «Умматим» деган
Сиз сўнгги Расулсиз, ё Расулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Расулаллоҳ.

Баъзилар суннатдан воз кечиб кетмиш,
Сиз айтган фирқалар бўлдилар етмиш…
Башар гарчи турли йўллар кашф этмиш,
Сиз сўнгги Расулсиз, ё Расулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Расулаллоҳ.

Биламан, даҳшатдир тирилгувси Кун!
Сизга изн бўлгай шафоат учун,
Тавҳидни тутганлар саломат бутун…
Сиз сўнгги Расулсиз, ё Расулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Расулаллоҳ.

Тинмагай умматнинг тиловатлари
Қуръон таратмиш хуш тароватларин.
Аллоҳнинг саломи, саловатлари
Сиз сўнгги Расулсиз, ё Расулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Расулаллоҳ.

Хайрулло Ҳамидов