O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзаги айниган янги махлуқот

Ўзаги айниган янги махлуқот
369 views
06 June 2022 - 13:23

Бу икки мажмуанинг бири Ўзбекистонда, иккинчиси Туркияда қад ростлаган.
Биринчиси 1886-йили Тошкент епархиясининг авлиё Георгий ғолиб шарафига барпо этилган бутхонадир.
СССР пайтида “мўжиза” туфайли омон қолган қурилма, 2020-йили, яъни МУСТАҚИЛ бўлганимиздан 29йил ўтгач, миллат шаънига тупурган хойинлар томонидан қайта таъмирланиб, сайқаллаб, ярқиратиб қўйилди.
Бу ерга ташриф буюрувчилар бутхона нима сабабдан ва ким шарафига қурилганларини билишлари учун унинг деворига шундай сўзлар битилган:
“Тошкент шаҳрини ишғол қилиш пайтида халок бўлган рус аскарлари хотирасига(1865-йили Тошкент истилоси пайтида ўлган босқинчилар хотирасига)”
Иккинчи мажмуа Туркиянинг Адана шахрида, “Қўрбошилар боғи”да, Туркистондаги Миллий озодлик ҳаракати курашчиларидан бири, қаҳрамон Шер Муҳаммадбек ғозий шарафига қад ростлаган.
Ҳайкал пойида қуйидаги сўзларга кўзингиз тушади:
ШЕР МУҲАММАД БЕК ҒОЗИЙ
… 19-асрда Туркистонда рус босқини сабаб Қўқон, Буҳоро, Ҳивада турк ҳукмронлиги парчалана бошлади. Бу жараёнда пайдо бўлган миллий қаршиликларнинг энг самаралиси “КЎРБОШИ” деб номланган лидерлар томонидан бошқарилган “Туркистон Мустақиллик Ҳаракати” эди.
Қўрбошилардар бири Шер Муҳаммад Бек 1917- йили Миллий истиқлол ҳаракатининг етакчиси бўлди. 1920-йилда Фарғонада Туркистон ҳукуматини тузди…
Афғонистон ва Покистондан кейин 1955 йилда Аданага келган Шер Муҳаммад Бек 1970- йилнинг 10- март куни вафот этди.
Шер Муҳаммад Бек билан бир сафда Нур Муҳаммад Бек, Эргаш Бек, Муҳаммад Амин Бек , Ҳол Ҳожа Эшон , Жони Бек Хожи , Иброҳим Лақай ва Анвар Пошшо бошчилигидаги бу миллий ҳаракат Ўрта Осиё турк давлатларининг мустақиллигига катта ҳисса қўшган ”
Бевафо дунёнинг ишларига қаранг, бу тупроқлар озодлиги учун курашган миллий қаҳрамонларимиз чет элларда иззат топсаю, босқинчилар бостириб, қонга ботирган тупроғида эъзозланса?!
Тилимга фақат Шавкат Раҳмоннинг сатрлари келади:
Туркистон –
тарихи ҳарбистонларда,
тўкилиб битдими буюк қоматлар?
Руҳи дод солмасди қабристонларда
қаддини кўтарса агар номардлар.
Буюк руҳ чирқирар…
Мудҳиш саройда
зинодан тўралган неча даҳрий зот
урчитар малаклар туғилган жойда
ўзаги айниган янги махлуқот…
***
Муаззам Иброҳим