Eurasianet.org нашри хабарига кўра, АҚШ Конгресси Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари борасидаги ўта ёмон кўрсаткичларига қарамай, бу давлатга қурол-яроғ етказишга рухсат берди.
Аввалроқ Қўшма Штатлар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашгани боис 2004 йилда бу мамлакатга қурол-аслаҳа етказишни чеклаб қўйган эди. Оқибатда 2005 йил Андижон ҳодисалари ортидан АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари баттар ёмонлашди.
Аммо кейинроқ АҚШнинг Афғонистондаги урушида Ўзбекистон яна керак бўлиб қолди, ва 2011 йилда АҚШ Сенати Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамни таъқиқловчи инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилди. АҚШ қонунларига кўра, Конгресс қарорлари вақти-вақти билан такрор тасдиқланиб туриши керак, шунинг учун бу қарор ўтган ойда қайта кўриб чиқилган ва такрор тасдиқланган.
Конгресс вакилининг айтишича, бу Ўзбекистонга трансмиллий ва террористик таҳликаларга қарши курашда ёрдам беради, Ўзбекистонга етказиладиган ҳарбий анжомлар орасида дрон учоқлари, тунги кўриш мосламалари, GPS аппаратлари, индивидуал мудофаа воситалари бор. Бундан ташқари, Ўзбекистон АҚШнинг Афғонистондан кетиши асносида минадан ҳимояланган машиналар олишга уринмоқда.
Конгресс қарорининг навбатдаги тасдиқи 2015 йил 30 сентябрда имзоланиши керак.