O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг 80 фоизи қардошларимиздир…

Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг 80 фоизи қардошларимиздир…
149 views
13 January 2020 - 21:56

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йил давомида Ўзбекистонга 6 миллион 748 минг 500 нафар сайёҳ ташриф буюрган. Бу 2018 йилдагидан 1 миллион 402 минг 300 нафар зиёд.

Энг кўп сайёҳ Марказий Осиё минтақасидан ташриф буюрган. Уларнинг сони 5 миллион 764 минг 500 кишига етган. МДҲ мамлакатларидан келганлар эса 495 600 кишини ташкил қилган. Узоқ хорижий мамлакатлардан 488 400 меҳмон ташриф буюрган.

Сайёҳларнинг аксарияти Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия Федерацияси, Туркия, Афғонистон, Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон каби давлатлардан келган. Мана шундан ҳам кўриниб турибдики, географияни кенгайтириш масаласида ҳали кўп иш қилиниши керак.

Ўзбекистонга ташриф буюрганлар орасида қариндош-уруғ ва дўстларини кўришга келганлар сони 81,8 фоиздан иборат бўлган бўлса, дам олиш учун ташриф буюрганлар 15,5 фоизни ташкил этган. Бу рақамлар ҳам кўп нарсани «гапиряпти».

Яъни аслида «Ўзбекистонни саёҳат қиламан, дунёга машҳур тарихий жойларини, албатта, бориб кўраман, мазза қилиб айланаман» деган ниятда келадиган сайёҳлар сафини кенгайтириш устидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозимлиги аён бўлиб қолмоқда. Чунки хорижлик туристнинг битта ҳудудда ҳеч бўлмаса бир кун тунаб қолишига (қариндоши ёки дўстиникидан кўра, меҳмонхонада қоладиганларининг фойдаси кўпроқ тегади) эришиш муҳим саналади.

Сабаби, меҳмонхона тўловидан ташқари, сайёҳ камида уч маҳал овқатланади, туристик хизматлардан фойдаланади, эсдалик учун совға-салом олади. Буларнинг ҳаммаси валюта келтиради, ҳудуддаги тадбиркорлар, ҳунармандлар бундан фойда кўради.

Умуман, туризмда сайёҳни «ушлаб» қола билиш тушунчаси катта роль ўйнайди. Бу валюта тушуми миқдорига катта таъсир қилади. Аммо «ушлаб» қолиш фақат меҳмонхона, тарихий иншоот ёки тамаддихоналаргагина боғлиқ эмас.

Қизиқарли туристик дастур ва йўналишлар кўпроқ бўлиши лозим. Масалан, Фарғона водийсига борадиган меҳмон одатда бир кунда Қўқон, Фарғона ва Андижонни кўриб қўйишга улгуради, йўл-йўлакай Наманганни ҳам кўриши мумкин. Яъни учта вилоятга нари борса бир ёки бир ярим кун сарфлайди. Кўпинча шундай. Лекин туристик нуқтаи назардан қараганда, бу жуда кам вақт. Агар меҳмонни «ушлаб» қола оладиган дастур таклиф қилинса, демак, водийдаги учта вилоятда унинг камида уч кун қолишига эришиш мумкин. Бу энди шунчаки жайдари бир мисол.

Қисқаси, умумий планда мамлакатимизга келаётган сайёҳлар сафи тобора кенгаяётгани бор гап ва бу қувонарли, албатта. Биз янада кўпроқ туристлар келишини хоҳлаймиз. Чунки биздаги имкониятлар ҳаммада ҳам бор эмас. Туризм мамлакатимиз иқтисодиётининг энг муҳим тармоғига айланган экан, шубҳасиз, жорий йилда, келгуси йилда ва ундан кейин ҳақиқий саёҳат учун келадиганлар сони фақат ошиб боради, деган умиддамиз.

Манба: azon.uz