Мамлакатдаги тиббиёт муассасалари раҳбарларининг касбий даражасини ва ўз лавозимига лойиқлигини аниқлаш мақсадида жорий йилнинг июль ойи бошидан август охирига қадар республиканинг барча вилоятларида аттестация тадбирлари бўлиб ўтади, деб хабар беради маҳаллий ОАВ.
Хабарда таъкидланишича ушбу аттестация соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 16 июндаги №904 сонли буйруғи асосида амалга оширилади. Ҳужжатда аттестацияни ўтказиш муддатлари ва баҳолаш мезонлари белгилаб берилган.
Хусусан, аттестация иккита босқичда бўлиб ўтади. Биринчи босқичда муассасанинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти ёритиб берилади. Бунда эришилган ютуқлар, фаолият йўналишлари, муассаса ходимлари фаолиятига баҳо, рейтинг кўрсаткичлари ва самарадорлик индикаторлари акс этиши лозим.
Иккинчи босқич соғлиқни сақлаш вазирлиги биносида бўлиб ўтади. Ушбу босқичда тақдим қилинган ҳужжатлар асосида тиббиёт муассаса раҳбари ва комиссия аъзолари ўртасида суҳбат ўтказилади, шахсан бош врач фаолиятига баҳо берилади.
Буйруқда таъкидланишича, республика миқиёсидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини баҳолаш учун 20 дан ортиқ мезонлар ишлаб чиқилган. Жумладан, кадрларнинг салоҳияти, техник база ҳолати, зарур дори-дармон воситалари билан таъминланганлиги, интизомнинг бажарилиши, санитар-эпидемиологик шароитлар ва ҳоказо.
Ўз навбатида вилоят тиббиёт муассасалари учун ҳам 20 дан ортиқ мезонлар ишлаб чиқилган бўлиб булар консультатив ташхис даражаси, даволаш профилактика фаолияти сифати, инвестицияларни жалб қилиш, вилоятдаги санитар-эпидемиологик ҳолат, турли касалликларга қарши курашиш, муассасанинг моддий техник базаси ва бошқалардан иборат.
Шу каби талаблар туман ва шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасалари учун ҳам ишлаб чиқилган.
Умумий аттестация жараёнлари 29 августда тиббий илмий тадқиқот институтлари ва республика марказлари текширувдан ўтказилганидан сўнг якунига етади.
Аттестациянинг ўтказилиши устидан назорат соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А. Худоёров зиммасига юклатилган.
ЎХҲ ахборот бўлими