Муҳаммад Солиҳ
ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(11)
МУСТАҚИЛЛИГИМИЗГА ТАНҚИДИЙ ҚАРАШЛАР
(давоми)
Ўзбекистондаги ички сиёсат
Бу сиёсатни танқид қилар экан, мен Ўзбекистондаги барча эски жумҳуриятларга хос, умум муаммолар – иқтисодий қийинчиликларни бугунги ҳукуматнинг айби, деб асло айтмоқчи эмасман. Аксинча, бу ҳукумат айнан ўша ўтиш босқичининг машаққатларини баҳона қилиб, эски тоталитар тузумни қайтадан тирилтиришга уринаётгани учун биз уни танқид қиламиз.
Бошқа жумҳуриятлар бу машаққатларга қарамай, ўз халқлари келажаги учун тамал тошларини қўйишга баҳоли қудрат ҳаракат қилмоқдалар.
Агар тузум ўзгармаса, бир неча йилдан кейин Ўзбекистон ҳукумати устидан куладиган “демократик Русия” ва доим заҳарханда билан тилга олинадиган “демократик Қирғизистон” биздан олдин иқтисодий тараққиётга эришажак. Биз эса ўша пайтда ҳам ўз қашшоқлигимизни миршаблар билан қўриқлаб ўтирган бўламиз.
У пайтда бугунги ҳукуматга ҳеч нарса бўлмайди: ё истеъфога чиқади ёки уни халқ ҳокимиятдан қувади, аммо нима бўлса, халққа бўлади. Ва бу ғазабнок халқнинг калтаги ўша пайтда ҳокимиятга келадиган янги ҳукуматнинг бошида синади. Бу ҳукумат халққа “кечирасизлар, эски ҳукумат ишни расво қилиб кетган экан”, деб айтолмайди. Ва шўрлик халқ “ўтиш босқичи”ни қайтадан яшай бошлайди.
Мана, тўрт ярим йилдирки, бугунги ҳукумат бир гапни такрорлайди: “Янги уйни қурмай туриб, эскисини йиқиб бўлмайди”, дейди. Жуда тўғри гап. Биз бу ҳикматни тўрт ярим йил давомида маъқулладик, бироз кутайлик, юртда тинчлик бўлса, ҳаммаси бўлади, дея умид қилдик.
Лекин умидимиз пучга чиқди, ҳукуматимизнинг “янги уй” қуриш нияти умуман йўқлиги маълум бўлди. У совет империясидан қолган кулбани ремонт қилмоқчи эди, бунинг ҳам уддасидан чиқолмади. Бу кулбада биз тинчгина олдинга эмас, тинчгина орақага кетаяпмиз.
Орқага кетиш жараёни бугун бошлангани йўқ. Жараён Ўзбекистонда бутун ҳокимият бир кишининг қўлига ўтгандан кейин – президентлик сайловларидан кейин бошланди.
Сайловгача ҳукумат ўзини бир қадар либерал, халқ фикри билан ҳисоблашадигандай тутди. Сайловгача ҳукумат Олий Кенгашнинг, халқ депутатларининг фикрини тинглар эди, шунга қараб сиёсат юргизишга ҳаракат қилар эди. Миллат вакиллари мамлакатимизнинг иқтисодий-сиёсий аҳволи ҳақида ўз тавсияларини тортинмай ҳукуматга айта олар эди ва бу ҳолат жумҳурият ҳаётида жуда муҳим бир нарса эди.
Бу эркинлик муддати яна бир муддат давом этсайди, Олий Кенгаш, миллат вакиллари, сиёсий партиялар бир ёқадан бош чиқариб, машаққатларни енгишда ҳукуматга, шубҳасиз, ёрдам берган бўлардилар. Миллий бирлик лофи бугун ҳаётий ҳақиқатга айланган бўларди. Лекин бундай бўлмади.
Янги ҳукумат сайлангандан сўнг, ўзиникидан бошқа ҳар қандай фикрга душманлик назари билан қарай бошлади.
Унинг сайловдан кейинги биринчи иши қон тўкиш бўлди: 1992 йил 16 январда нон нархи ошганига норозилик билдириб, намойишга чиққан талабалар ўққа тутилди.
Кўп ўтмай, мухолифат партияларига ҳужум бошланди.
“Эрк”, “Бирлик” аъзоларини ва дин арбобларини ҳеч сабабсиз таъқиб қилиш, қамоққа олиш ҳодисалари юз бера бошлади.
1992 йил мухолифат учун оғир йил бўлди: “Бирлик” ҳаракати таъқиқланди, “Эрк” партиясининг ҳисобидаги пули, нашриёти қонунсиз тортиб олинди. Бу партиянинг бешта вилоят газетаси ва ниҳоят марказий “Эрк” газетаси ҳам ёпилди. Бу зўравонликлар ҳақида жумҳурият идораларига келган юзлаб шикоятлардан биттасига ҳам жавоб олинмади, чунки, зўравонлик қилаётган ўша идораларнинг ўзи эди.
Қамоққа олинмаган мухолифат аъзоларининг ҳаёти ҳам жаҳаннамга айланди. Улар сурункасига айғоқчиларнинг таъқиби ва фитнаси остида яшаяптилар.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон айғоқчилар, терговчилар ва прокурорлар мамлакатига айланди. Бугун, халқимиз қашшоқликдан инграётган бир пайтда, ҳукумат миллий бюджетнинг катта бир қисмини миршаблар ва КГБ ходимларини моддий таъминлаш учун сарфланаяпти.
Албатта, давлатимиз яхши таъминланган, кучли хавфсизлик органларига эга бўлиши керак. Мухолифат ҳам шуни истайди. Аммо бу таъминот ижтимоий адолатга қурилмаса, халқда бу органларга ҳурмат эмас, нафрат уйғонади.
Дунёнинг ҳеч бир шаҳрида, бизнинг шаҳарлардаги каби миршаблар тўдаси изғиб юрмайди. Чет эллик дўстларимдан бири “нега кўчада миршаб кўп, бирор воқеа бўлдими?”, деб сўраганида, мен жавоб беролмаганман. Чунки, ҳеч қандай воқеа йўқ эди, фақат воқеа бўлиши эҳтимолидан қўқув бор эди.
Миршаблар кўпаймоқда, чунки тузумдан норози одамлар кўпаймоқда. Таъқиб қилиниши керак бўлган, ҳибсга олиниши керак бўлган одамлар кўпаймоқда. Бунда миршабларнинг айби йўқ, ўз халқидан қўрқаётган ҳукумат айбдордир. Шундай қилиб, ҳукумат норозиликни назорат қиламан деб, норозиликни оширишга хизмат қилмоқда.
“Иштони йиртиқнинг чўпдан ҳадиги бор”, дейдилар. Бугунги режимнинг иштони йиртиқдир.