O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ МАЪЛУМ ва “МАШҲУР” ЖАСЛИҚ ҚАМОҚХОНАСИ ҲАЁТИДАН

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ МАЪЛУМ ва “МАШҲУР” ЖАСЛИҚ ҚАМОҚХОНАСИ ҲАЁТИДАН
204 views
10 June 2012 - 17:08

Гулмомо Аширматованинг ўзидан эшитганларим

Жаслиқ узоқ. Жаслиқ қамоқхонасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан қамалган маҳбуслар ётибди. У ерга поезддан бошқа нарса юрмайди. Мен бу гапни ўзимга ўхшаган бева-бечоралар ҳамёнини ҳисобга олиб айтаяпман. Тошкентдан ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан Жаслиққа таксида ёки ўзининг иномаркасида борадиганлар борлигини эшитганман.

Йўл узоқ. Ҳамсўҳбат бўлмаса зерикасан. Жаслиқдаги қамоқхонада ётишни ҳеч кимга Худо насиб этмасин. Охиратда Худо баъзи одамларни Ўзининг жаннатига киритар, баъзиларни эса Ўзи яратган дўзахига ташлар экан.

Жаслиққа тўққиз йилдан бери ўғлимни кўргани боравериб бир хулосага келдим: балки Худо Ислом Каримов қўли билан Жаслиқда дўзахнинг копиясини атайлаб бунёд этиб қўйганмикин, деб ўйлайман. Агар шундай бўлса, у ҳолда Парвардигорнинг режасини тушуниш қийин эмас: маҳбус Жаслиқ қамоқхонасида бир кун ётса ҳам уни жаннатимга доҳил қиламан, Жаслиқ қамоқхонасида ишлаганларнинг ҳаммасини, уни ташкил қилганларни, Ислом Каримовдан бошлаб, прокурорлар, миршаблар, хуфъя ташкилот ходимлари, судьяларни эса сўзсиз дўзахга гирифдор этаман, деган бўлса керак, Аллоҳим.

Чамаси, юртбоши ҳам, унинг юқорида айтилган итлари ҳам Жаслиқ қамоқхонасини ташкил қилаётганларида охиратдаги дўзах азобини бўйинларига олиб шу ишга қўл урган бўлсалар керак. Ё улар Худони умуман танимайдиган одамлармикин?

Алоҳимга шукр, узоқ йўлда, поездда ҳасратингга шерик одамлар учрайди. Гаплашиб кетамиз. Кўришаверганингиздан кейин одамлар бир-бири билан ака-ука, опа-сингилдай бўлиб қолар экан. Баъзан кутилмаган, қувонарли танишишлар ҳам бўлади. Бир жувон икки гўдагини етаклаб олти йилдан бери Жаслиққа қатнайди. Гапга ҳадеб аралашавермайди.

Бир марта гап “Озодлик”дан чиқди. Бир аёл: “Озодлик”дан муслимларни энг кўп ҳимоя қилган Толиб Ёқубов деган одам бор эди, негадир 2-3 йилдан бери овозлари эшитилмай қолди. Тинчмикинлар? – деб қолди. Шунда ўша жувон: “Толиб Ёқубов менинг дадам бўладилар” дейиши билан ҳамма хотинлар: “Вой, Толиб ака сизнинг дадангизмилар?” деб ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, жувонни бағримизга босиб, қайтадан кўришдик. Исми Озода экан. У “Дадамни танийсизларми?” деб сўради. Биримиз қўйиб биримиз: “Йўқ, танимаймиз, кўришмаганмиз, “Озодлик”да кўп чиқардилар, овозларини таниб қолганмиз” дедик.

Поезд Жаслиққа яқинлашган сари ҳамманинг дилини ғашлик боса бошлайди. Бизнинг ўғилларимиз, эрларимиз, ота ва ака-укаларимиз-ку йиллаб мисли дўзахда ўтиришибди. Уларнинг олдида ўтказган икки сутка кунимиз биз учун ҳам дўзахни кўргандай бўлади. Эй, Худо, Жаслиқ қамоқхонасида ётган бандаларингни Ўзинг қўлла, асра ва сабру-тоқат бер!

Бир хотиннинг эри ўн икки йилдан бери одам ўлдириш моддаси билан қамоқда экан. Суд уни отишга ҳукм қилган бўлиб, кейинчалик ҳукмни ўзгартириб, отишни 20 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирган экан. Бошида у бирнеча йил ҳар хил қамоқхоналарда ётгандан кейин, уни эркин қўнимли колонияга ўтказишган экан. Шу жойда колониянинг бошлиғи билан жанжаллашиб қолгандан кейин, уни судлаб Жаслиққа жўнатишган экан.

Ўша хотин айтиб қолди: “Мен кўп қамоқхоналарни кўрдим, эрим туфайли. Лекин Жаслиқ қамоқхонасидай дўзахни кўрмадим. Мен ишонч ҳосил қилдим-ки, бу қамоқхонани инсон қиёфасини йўқотган одамлар ташкил қилишган, ишга ҳам ўзларига ўхшаш инсон қиёфасига эга бўлмаган одамларни жалб қилишган. Ҳалиям инсонлар буердаги зулмга чидар экан. Ит зулмга чидамаганини кўрганман. Қўшнимиз итини урадиган, емак ва сув бермайдиган одат чиқарди. Ити қоқ суяк бўлиб қолди ва бир кун чиқиб кетибди. Икки йилдан кейин эгаси тасодифан узоқдаги бир хонадонга ошга кирса, ўша хонадонда итини кўриб қолибди, танибди. Отини айтиб чақирса, ити унга қараб ириллабди.

Жаслиққа етиб борганингдан кейин у ерда навбат кутиб икки суткадан бир ҳафтагача, баъзан ўн кунгача навбат кутиб молхонадан баттар “меҳмонхона”сида ётасан. Ёз кунлари олиб борилган маҳсулотларнинг кўп қисми айниб қолади, ва уни ташлаб юборишга тўғри келади. Навбат келган куни қамоқхона автобуси одамларни юку-юкчаги билан қамоқхонага қараб олиб жўнайди. Зона Жаслиқ марказидан 8 км нарида. Ҳамма маш-маша ярим йўлни ўтиб бўлгандан кейин бошланади. Биринчи пост ўша ерда.

Бу постда одамлару олиб борилган нарсалар ўбдон текширилади. Олиб борилган нарсаларнинг ҳаммасини қора юпқа целлофанга солдиришади. Кириб боргунингизча целлофанлар йиртилиб дабдала бўлади. Нарсаларни бирма-бир ипидан игнасигача текширишади. Аёлларни аёл милиционерлар, эркакларни эркак милиционерлар тўлиқ ечинтириб “шмон” қилишади. “Шмон” дегани “тўлиқ текшириш”ни билдирар экан. Уларнинг ўз тили бўлар экан.

Зонага кириш ва чиқишда ҳам қаттиқ шмон қилишади. Киришда ва чиқишда атрофга қарашга йўл қўйилмайди. Сабаби – анча нарида айланиб юришган махбусларга кўз тушмаслиги керак экан. Атрофга қарасанг кузатиб келаётган миршаб дарров бақиради. Учрашувга келганлар учрашув хоналарига киргунча бир жойда тўпланишади. “Фалонча билан учрашувга келганлар фалон хонага кирсин!” деб бақиради бир ходим. Кираётган одам махбуснинг исми-фамилияси, қайси модда билан неччи йилга қамалганлигини айтиши керак.

Зонанинг шароитлари жуда қаттиқ режимда. Ҳар қадамда текшира – текшир. Хонада ишлатишга пичоқ берилмайди – фақат ошхонага чиқиб ишлатиш мумкин. Учрашув хоналарида иссиқ сув йўқ. Хонадаги идиш – товоқларга қараб бўлмайди: синиб кетган пиёлалар, занглаб кетган тарелкалар ва қошиқлар, сири кўчиб кетган ва умуман сири қолмаган сопол товоқлар қўйиб қўйилган.

Матрас, ёстиқ, простина ва наволочкаларни айтмаса ҳам бўлади – қараб бўлмас даражада. Борган одамлар ноиложликдан шу ифлос идиш-товоқлардан фойдаланишади, шу исқирт кўрпа-ёстиқларни ишлатишадилар. Хуллас, кучукка ишлатиладиган идиш – товоқлару ва сасиб кетган матрас ва кўрпалар. Совет даврида чет эл мамлакатларидаги шароитни: “у мамлакатларда одам одамга бўри” деб таърифлашарди. Ҳозирги Ўзбекистонда шароит ундан-да баттар.

Хонада эса ҳаво кирадиган жой йўқ. Иккита хона, боши балкон, балконнинг усти тунука шифер билан ёпиб ташланган, ҳожатхона ҳаммом ичида. Маҳкумлар учрашувга киргандан кейин умуман коридорга чикарилмайди. Факат кун давомида уч марта текширув бўлгандагина қисқа муддатга чиқарилади. Бошқа пайти хона ичида.

Болалар ўйнаши учун умуман шароит йўқ. Коридорга чиқса милициялар “Хонангга кир!” деб бақиргани – бақирган. Илгари коридорда битта телевизор бўларди, болалар телевизор кўриб, бироз овора бўлиб ўтиришар эди. Икки йилдан бери телевизорни ҳам йўқ қилишибди – бузилган эмиш.

Мен икки ой илгари ўғлимнинг олдига бориб келдим. Ишлайдиганлардан Шавкат Вайсниёзов деган золим бор эди. Шу зулмкор ишдан ҳайдалибди. Ўғлимнинг айтишича, ҳамма хурсанд бўлган. Бултур ўша Шавкат Озоданинг эрини ўлгидай қилиб калтаклаган экан. Толиб аканинг қизи-да, Озода курашади. Бу воқеани у Шодиевга ёзган экан. Воқеани текширгани зонага Қорақалпоғистоннинг бош прокурорининг ўзи келган экан. Шавкатни кечирим сўраттирибди. Шавкат шундан ҳайдалган бўлса керак.

Жаслиқ қамоқхонаси бундан 14-15 йилларча чамаси илгари мусулмонларни қамаш учун ташкил қилинган экан. Мусулмонларнинг Ислом Каримовга нимаси ёқмай қолганини мен ҳеч тушунмайман. Ўйлаб ўйимга етмайман. Масалан, менинг ўғлим оддий номозхон эди. Қўйдай ювош, ҳаммага ёрдам бериб юрадиган, мискинларнинг ҳолидан хабар олиб турадиган бола эди. Биз конституция нималигини билмас эдик, ҳатто. Мен уни ўғлим қамалгандан кейин, қамоқхоналарга қатнашим давомида одамлардан эшитдим.

Менинг болам конституцияга қарши эмиш, нияти уни ағдарар эмиш. Аввал ўғлинг чумолига озор беришга қодирми, деб сўра аблаҳ! Мен аблаҳ деб қораловчи ва судьяни айтаяпман. Гулдай боламнинг умрини хазон қилишди, конституциянг бошингдан қолгурлар. Яна 8 йил қачон ўтади, ўтганича мен борманми-йўқманми? Умринг хазон бўлгурлар! Иккита болачаси қолган қўлимда. Келин икковимиз амал-тақал қилиб, ўзимиз емасак ҳам, ичмасак ҳам шу икки гўдакка едириб-ичириб, отасининг йўқлигини билдирмай ўстираяпмиз.

Махкумларни уч маҳал ер тептириб ошхонага олиб кетаётганда ва ошхонадан олиб келаётганда ушбу шеърни айтиб боришлари мажбурий экан:

Гуллаган бу бўстонда
Юртим Ўзбекистонда.
Шундай гўзал замонда
Соғ бўлайлик, соғ-омон.

Истиқлолинг нур сочиб
Ғам – алам биздан қочиб.
Дўстларга кўнгил очиб
Соғ бўлайлик, соғ-омон.

Мафтунингда армон йўқ
Бундай гўзал замон йўқ
Юртбошидан кўнгил тўқ
Соғ бўлайлик, соғ-омон.

Ичларида шоирлар ҳам бўлса керак-да, маҳкумлар уни мана бундай қилиб ўзгартириб олишибди:

Чўллаган бу бўстонда
Юртим Ўзбекистонда.
Шундай вахший замонда
Соғ бўлайлик, соғ-омон.

Истиқлолинг нур сочиб,
Иблисга кўнгил очиб,
Юртбоши кетса қочиб,
Соғ бўлайлик, соғ-омон.

Мафтунингда армон йўқ
Бундай вахший замон йўқ
Юртбошининг кўти бўқ
Соғ бўлайлик, соғ-омон.

Боламни ўйлайвериб, 9 йилдан бери қамоқхоналарга қатнайвериб менинг миям тамом бўлган. Илгари шеърга ўч эдим, мактабда яхши ўқиганман. Шу олти тўртликни зўрға бир йил давомида хотирамда иккитадан тўртлик қолдириб ташқарига олиб чиқдим. Жаслиқдан бирор нарсани ёзиб олиб чиқишнинг имконияти йўқ-да!

Гулмомо Аширматова билан суҳбатлашган ва бу онахоннинг илтимосига биноан унинг сўзларини тартибга тушириб мақола кўринишига келтирган, онахоннинг қўшниси

Ботир Турдиқулов, журналист.

2012 йил, июнь.