ЎХҲ: Ислом Каримовнинг юрак хуружидан кейинги аҳвол ҳақида қисқа маълумот берсангиз.
М. СОЛИҲ: Икки кун олдин, 7 апрель куни, Миллий Хавфсизлик Хизмати муовини генерал Ҳаёт Шарафхўжаев ишдан олинган. Бу генерал МХХ Ички Хавфсизлик Бўлимини бошқариб келган. Шунинг учун ҳам унинг қўлида МХХ юқори офицерлари, юқори мансабдаги амалдорлар, ҳатто Бош Вазир, Президентнинг қизлари ва ҳатто Ислом Каримовнинг ўзига қарши ҳужжатлар (компромат) бўлган.
Бу генералнинг ишдан олиниши Америкапараст Рустам Азимов кланининг Каримовдан кейинги ҳокимият учун курашда ҳозирги босқичдаги мавқеини кучайтирганини билдиради. Шуниндек, бу Ўзбекистонга таъсир ўтказиш ҳаракатидаги Американинг Россиядан кўра мавқеи кучайганига ҳам ишоратдир.
Эшитишимизга қараганда, АҚШнинг Ўзбекистоннинг кейинги раҳбари Азимов бўлиши масаласига Каримовнинг ўзи ҳам рози бўлганга ўхшайди. Чунки Каримов Халқаро Валюта Фонди (IMF) ёрдамига ва Афғонистондан НАТО қўшинларини чиқариш босқичида АҚШнинг ёрдамига муҳтождир.
Генерал Ҳаёт Шарафхўжаев кланлар орасидаги энг кучли таъсирга эга бўлган шахслардан эди. У Шавкат Мирзиёевнинг гуруҳига яқин бўлиб кўрингани билан, келажакда олий раҳбар бўлиш умидида ўзининг мустақил ўйинини олиб борган.
Биз аввал ҳам тахмин қилганимиздек, диктатор Каримовдан кейинги тахт учун кураш диктаторнинг ўлимини кутмасдан бошланиб кетган.
ЎХҲ Ахборот Бўлими