O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда бензин нархи қимматлади

Ўзбекистонда бензин нархи қимматлади
160 views
15 November 2017 - 10:39

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда 15 ноябрдан бошлаб бензин нархи 1,5 баробарга қимматлаган. 14 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурслари билан ўз вақтида таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган. Нарх қимматлаши арафасида Ўзбекистоннинг барча вилоятларида бензин тақчиллиги кузатилди. Айрим жойларда бензин 5500 сўмгача сотилгани айтилмоқда.

Бироқ ҳозирча вазирлар Маҳкамасининг бензин ва дизель ёқилғиси нархларини кўтариш тўғрисидаги қарори расман эълон қилинмади.

Маҳаллий нашрлар ижтимоий тармоқларда ҳукумат қарори нусхаси тарқатилгани ва ўз манбалари, жумладан, “Ўзбекнефтгаз” ширкати берган маълумотларга асосланиб, бензин нархи қимматлаганини ёзмоқда.

Тошкентдаги қатор АЁҚШларнинг ходимлари ҳам 14 ноябрдан 15 ноябрга ўтар кечаси нархлар қимматлаши кутилаётганини маҳаллий матбуотга тасдиқлаган.

Sputnik нашрининг ёзишича, қарорга асосан шу кунгача 2800 сўм бўлган Аи-80 бензинига 3800 сўм, 3000 сўм бўлган Аи-91 бензинига 4300 сўм; Дизел ёқилғисига 4100 сўм; ЭКО дизель ёқилғисига 4200 сўм нарх белгиланди.

Podrobno.uz нашри эса вилоятларда бензин тақчиллиги юзага келганини, вилоятларда АИ-80 бензини чайқовчилар томонидан 4000-5500 сўмдан сотилаётганини маълум қилди.

Нашрнинг билдиришича, Ўзбекистонда 2010 йилдан 2016 йилгача бўлган давр мобайнида бензин ишлаб чиқариш 26,2 фоизга, дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 8,3 фоизга қисқарган. Айни пайтда углеводородларни ипорт қилиш ҳажми 1,3 фоизга кўпайган.

“Газета.uz” эса ўз хабарида Вазирлар маҳкамаси қарорида 2018 йилнинг 1 апрелидан табиий газ нархини 10 фоизга, электр қуввати нархини 12 фоизга кўтариш назарда тутилганини таъкидлади.

Нашр дизель ёқилғиси нархининг кескин кўтарилганига ҳам эътибор қаратади. Хабарда қайд этилишича, дизель ёқилғиси нархи 72,6 фоизга, ЭКО дизель ёқилғиси 71 фоизга қимматлади.

“Нархларнинг қимматлашига ёнилғи-энергетика ресусрларининг жаҳон баҳоси кўтарилгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда”, деб ёзади “Газета.uz”

Бензин нархи охирги марта бир йил муқаддам ўзгарган. 2016 йилнинг 23 октябрида Ўзбекистонда бензин нархи ўртача учдан бирга, 2075 сўмдан 2800 сўмга кўтарилган.

ЎХҲ хабарлар бўлими