O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда битта “лайк” 3 йиллик ҳибсга тенг…ми?!

Ўзбекистонда битта “лайк” 3 йиллик ҳибсга тенг…ми?!
136 views
12 July 2019 - 12:30

ЎЗБЕКИСТОНДА БИТТА “ЛАЙК” 3 ЙИЛЛИК ҲИБСГА ТЕНГ…МИ?!

Битта “лайк” учун Жиззахлик Толипов Комил 3 йиллик қамоқ жазосига хукм қилинди.

Ижтимоий тармокларда (Инстаграм, Телеграм) тарқатилган “Мирзиёевнинг эшаги лойдан ўтдими?” деган мақола учун “лайк” босган Комил, орадан ҳеч қанча қақт ўтмай, 2019 йилнинг феврал ойида ҳибсга олинади ва унга нисбатан Ўзбекистон жиноят кодексининг 244- моддасини 1 банди бўйича иш очилади.

40 ёшли Комил Толипов “Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” деб номланган бу жиноий моддага мос тушадиган иш қилганмиди ўзи?

Албатта йўқ.

Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси терговчиси Абдусалом Эргашев жиноий ишни 244 модда билан бошлаган бўлса, суриштирувни якунлаган терговчи Жамшид Исмоилов, Камол Толипов ишига 159 моддани ҳам қўшиб қўйган. 23 май, 11, 26 ва 27 июнь кунлари бўлиб ўтган Жиззах шахар жиноий суд мажлисларида терговчилар қўйган барча айбловлар “оқ иплар” билан тикилгани маълум бўлиб қолди.

27 июнь куни суд жараёнида прокурор алмаштирилди. Ва ўша кунни ўзидаёқ, янги прокурор, иш билан яқиндан танишмасдан туриб, Комил Толипов учун 6 йиллик қамоқ жазоси сўради.

Судда иштирок этаётган Жиззах туман имом хатиби Адхам Зулфиевнинг “Мен Комилнинг номоз ўқишида ёки харакатларида бирон бир зарарли оқимга тақлидни, харакатни кўрмаганман, у ҳамма қатори оддий намоз ўқирди. Махалла оқсақоллари ва биз уни (Комилни) ўз кафиллигимизга оламиз” деган сўзлари ҳам на судья ва на прокурорни эътиборига тушмади.

Имом Адҳам Зулфиев, президент Шавкат Мирзиёевнинг “Кимки ўзи билмаган ҳолда зарарли диний оқимларга аралашиб қолган бўлса, айбдор бўлса ҳам, агар уни имомлар кафилликка олса, ўша одамга имкон бериш лозим” деган сўзларини келтириши, фаолларга кўра, судья ва прокурорнинг заҳархандали тиржайишига сабаб бўлган холос.

Судда қатнашган жиззахлик фаолларнинг айтишларича, судланувчининг ҳимоячиси, терговчи Жамшид Имоиловдан, нима учун Комил Толиповга нисбатан 159 модда қўлланганини асослаб беришини бир неча маротаба сўраган.

Терговчи аввалига бу саволга “Экспертиза хулосасига кўра” дея жавоб берган. Бироқ ҳимояи унга, экспертлар терговчи тўплаган “далилларга” асосан хулоса беришини эслатиб, яна саволини такрорлаган: “Айбланувчи Толиповга нисбатан қайси асосларга кўра 159 модда қўлланилди?”

Бир нача марта такрорланган бу саволга терговчи Жамшид Исмоилов мана шундай жавоб берган:

“Комил Толипов ижтимоий тармоқларда “Мирзиёевнинг эшаги лойдан ўтдими?” деган файлга “лайк” босган ва уни тарқатган”

Яна бир гап. Жиззахда содир бўлган бу воқеа ҳақида жиззахлик таниқли фаол хабар тарқатган. Лекин, ҳеч қандай “реакция” содир бўлмаган. Ўзбекистон ичига киришга уринаётган ҳалқаро ташкилотлар ва ичкаридаги дипмиссиялар бу ишга мутлақо эътибор беришмаган.

Бу кетишда тез орада битта “лайк”нинг баҳоси 3 йилдан ортиб кетадиёв….

Улуғбек Ашур