O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллигидан “қиёмат куни” етиб келди

Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллигидан “қиёмат куни” етиб келди
172 views
28 November 2012 - 10:36

Ўзбекистонда қиш мавсуми кириши билан мамлакат аҳолиси газ йўқлиги ва электр таъминотида узилишлардан азоблана бошлаяпти. Қизиғи шундаки, илгари бу муаммолар ҳақида индалмас эди, аммо ҳозир маҳаллий ОАВ шу мавзуни кўтариб чиқадиган бўлди.

Мисол учун, кеча Жиззах вилояти телевидениеси Жиззахда 20-25 ноябрь кунлари аҳолига газ узилишлар билан етказилгани боис тўққиз кишининг заҳарлангани ҳақида хабар берди.

“Сангзор” маҳалласида истиқомат қилаётган одамлар сал бўлмаса ис газидан ҳалок бўлаёздилар: улар тунда печкаларини ёқиб қолдирганлар, аммо газ келмай қолиб бир оз ўтганидан сўнг яна кела бошлаган. Шунда ёнмай қолган газ хонадонларни тўлдира бошлаган. Одамлар ўз вақтида уйғониб ҳалокатнинг олдини олдилар, аммо уларни оғир аҳволда касалхонага етказилди. Ҳудди шу каби воқеалар бошқа маҳаллаларда ҳам содир бўлган. Бироқ бунақа воқеалар ҳақида Ўзбекистоннинг ҳар қандай бурчагида яшайдиган одамлар ҳам сўзлаб беришлари мумкин.

Жиззах вилоятидаги қишлоқларнинг 70 фоизида табиий газ баҳордаёқ ўчиб бўлган. Экспертларнинг тахминига кўра, бу йил Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисми уйларини ўтин ёки кўмир билан иситишга мажбур бўладилар. Экспертлар аҳолини арзон кўмир билан таъминлаш бўйича расмийлар тарафидан ишлаб чиқарилган комплекс чора-тадбирларни ўрганиб чиқиб, советлар даврида Ўзбекистонда газлаштирилган аҳоли пунктларининг сони йилдан йилга кўпайганидан фарқли ўлароқ, мустақиллик даврида бундай қишлоқларнинг сони камаяётганини қайд этдилар. Қизиғи шундаки, бу ишларнинг ҳаммаси маҳаллий матбуотда газлаштириш даражаси кўтарилаётгани ҳақидаги баландпарвоз хабарлар қабатида ўтаяпти.

Шу билан бирга, аҳолининг “газ таъминотида нега узилишлар бўлаяпти?” деган ҳақли саволига расмийлар аҳолининг дебитор қарзлари миқдори жуда катта бўлиб кетгани билан изоҳлаяптилар. Ҳолбуки, бир неча йилдан бери расмийлар коммунал хизматлар учун тўловларни мажбурий равишда ва ҳатто одамларнинг иш ҳақи ва пенсияларидан олдиндан ушлаб қолаяптилар.

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ўзининг блогида ёзишича, Самарқанд шаҳар аҳолисининг коммунал тўловлар бўйича қарздорлиги турли мажлисларда ўқиб эшиттирилган маълумотларга кўра, 75 миллиард сўмни ($38 млн) ташкил этар экан .

Мисол учун, биргина Самарқанд тумани Чармгори маҳалласидаги 80 та оиланинг қарзи 2 миллиондан 4 миллион сўмгача экан. Маҳалла фуқароси Ўлмас Юнусовга кўра, унга 2,8 миллион сўм қарз ёпиштириб қўйишган. “Аммо маҳалладан на мен ва на бошқа одам райгаз шунча қарзни қаердан олганини билмаймиз: бизда уч йилдан бери газ йўқ. Назоратчи бирор марта ё менинг уйимга ё қўшниларимникига келмаган. Шунча қарзни компьютер қаердан олди?” – дейди самарқандлик ака ҳайрон бўлиб.

Самарқанддан олинган хабарларга кўра, шаҳар четида ҳақиқатда газ йўқ, шаҳарнинг қолган қисмида босим жуда паст. Одамлар хавотир ила қиш келишини кутиб ўтиришибди, ахир одамлар газдан биргина овқат пишириш учун эмас, балки уйларни иситиш учун ҳам фойдаланадилар.

Газ таъминотидаги тақчилликлар боис ҳамма электр асбобларини ишга солгани учун электр узатиш линиялари юкланишни кўтара олмай трансформаторлар ёниб кетаяпти ва оқибатда Самарқанд аҳолиси бир-неча соатлар давомида светсиз ўтиришга мажбур бўлаяпти.

“Самарқандда “қиёмат куни” етиб келди дейдиган аҳвол юзага келган”. Свет ўчиб ёнаверганидан самарқандликларнинг электр асбоб ва жиҳозлари яроқсиз ҳолга келиб қолди.

Наманган маҳаллаларида назоратчлик қиладиган газ таъминоти идорасининг ходими айтишича, у ишлайдиган газ таъминоти корхонасининг директори Тошкентдан жуда тушкун кайфиятда қайтиб келган, негаки шу кунларда шаҳар газ қувурларидаги босим ўтган йилнинг қиш мавсумидаги босимнинг ярмига ҳам етмаган экан.

Тошкентда ҳам аҳвол жуда “зўр” эмас: мамлакат пойтахтининг микрорайонларида суткасига уч-беш соатдан электр узилишлари тартиби жорий этилган. Бунинг сабаби – СССР давридан бери фаолият юритаётган электр қуввати корхоналари шаҳар эҳтиёжини қоплай олмаётганидир. Ўзбекистонда мустақилликнинг 21 йили мобайнида бирорта янги иссиқлик ёки гидроэлектр станцияси қурилмади. Шунинг учун ҳам келаётган қиш мавсумида халқнинг аксарият қисми электр, газ, ёқилғи тақчиллигини бошидан кечириши муқаррар.

Юқорида санаб ўтилган барча қийинчиликлар қабатида Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатдан экспорт қилинаётган табиий газ ва электр энергияси улушини кўпайтираётгани кишини нафақат ажаблантиради, балки ғазаблантирмай иложи йўқ.

 

ЎХҲ хабар бўлими