O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда давлат нотариуслари йўқ қилинади

Ўзбекистонда давлат нотариуслари йўқ қилинади
206 views
07 November 2017 - 9:11

Sputnik ахборот агентлигининг хабар беришича, келаси йилнинг 1 январидан бошлаб давлат нотариал идоралари нодавлат идораларга айлантириб борилади.

Ўзбекистонда ўз-ўзини молиялаштиришга асосланган нодавлат бюджетдан ташқари нотариусларни жорий этиш режалаштирилмоқда. 2018 йил 1 январдан бошлаб давлат нотариал идоралари нодавлат идораларга айлантириб борилади, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Бу ҳақдаги тегишли қарор Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва лойиҳа муҳокама учун эълон қилинган.

Ҳужжатга кўра, нотариал идораларни молиялаштиришнинг адолатли шароитларини яратиш орқали нотариусларнинг ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатишларига эришиш режалаштирилган.

Баҳссиз даъволар бўйича суд қарорларини чиқариш амалиётини қисқартириш ҳисобига қарздордан пул маблағлари ва мол-мулкни ундириш тўғрисидаги нотариуслар ижро қайдларини жорий этишни кенгайтириш белгиланган. Бу суд тизимида иш ҳажмининг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.

Ўзбекистон Нотариал палатасини таъсис этиш ва барча нотариусларнинг унга мажбурий равишда аъзо бўлишини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Нодавлат палата нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Фармон лойиҳасида 2018 йил 1 июлидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида электр энергияси, табиий газ, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва канализация бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида қоғоз кўринишидаги маълумотномаларни тақдим этиш ҳақидаги талаб бекор қилинади. Зарур маълумотлар фақатгина идоралараро электрон алоқани қўллаш ёки коммунал қарздорликни қоплаш тўғрисида томонларнинг ёзма хатини олиш йўли билан амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2008-2010 йиллар давомида турли қоидабузарликларга йўл қўйган 110 та хусусий нотариуслар жавобгарликка тортилганди. Шунингдек, 49 та хусусий нотариал идоралар лицензияси амал қилиш муддати тўхтатиб қўйилиб, 61 та нотариал идоралар интизомий ва жиноий жавобгарликка тортилган эди.

Бироқ ушбу йўналишда вазият ўзгармади. 2017 йилнинг ўзида 67 нафар ходимларга нисбатан турли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилди. Жумладан, 5 нафар нотариал идора ходимлари бўшатилган ва 27 нафар жиноий жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, яқинда аҳоли ўртасида ўтказилган сўров ижобий натижаларни бермади. Сўровда қатнашган одамлар нотариал идораларда узоқ вақт ва кўп маблағ йўқотилиши, нотариус ходимларининг камлиги, сифатсиз хизмат кўрсатилиши ва етарли малакаси йўқлигини маълум қилишган.

Сўровда қатнашганларнинг 60 фоизи нотариал идоралар ноқонуний фаолият кўрсатишлари ва прейскурантда белгиланган нархлардан кўп маблағ олинишини баён қилишган.

ЎХҲ хабарлар бўлими