O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда давлат тилида иш юрита олмайдиган яна бир вазир тайинланди

Ўзбекистонда давлат тилида иш юрита олмайдиган яна бир вазир тайинланди
163 views
21 October 2017 - 11:55

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, 19 октябрь куни президент Мирзиëев томонидан Мактабгача таълим вазири лавозимига тайинланган Агрепина Шин¸ ҳамкасбларининг айтишича¸ ўзбек тилини маиший даражада билгани ҳолда¸ давлат тилида иш юрита олмайди. Ўзбекистон Иқтисодиëт вазири Галина Саидова¸ Ўзбекнефтгаз раиси Алишер Султоновлар каби давлат тилида иш юрита олмайдиган давлат амалдорлари рўйхати “боғчалар” вазири билан яна биттага узайди.

​Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан Ўзбекистонда янги таъсис этилган Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарлигига 2000-йиллар бошидан бери Тошкент Ахборот Технологиялари касб-ҳунар коллежига директорлик қилиб келган 59 яшар Агрепина Шин тайинланди.

Сирдарë туманида туғилган Шин¸ президент Мирзиëев мансуб “Ўзбекистон Либерал демократик” партияси аъзоси¸ шу партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси¸ сўнгра Сенатга сайланган аëл. Бир фарзанднинг онаси¸ уч неваранинг бувиси.

“Агрепина Васильевна асли сирдарëлик корейслардан. Связь соҳасида мутахассис. Бизнинг коллеж олдин Алоқа техникуми бўлган¸ шу ерда мастер бўлиб иш бошлаган. 2001 йили Тошкент Ахборот Технологиялар Касб-Ҳунар Коллежига айланганидан бери¸ адашмасам¸ шу аëл бошлиқ бўлиб келаяпти”¸дейди янги вазир билан йиллардан бери айни коллежда ишлаб келаëтган ҳамскабларидан бири.

Шахси очиқланишини истамаган бу суҳбатдош Шин хонимнинг ўзбек тилини кўча-кўй даражасида билишини айта туриб¸ унинг иш юритиш даражасида эмаслигини таъкидлайди.

“Олдига бориб¸ ўзбекча гапирсангиз¸ тушунади¸ оз-моз жавоб ҳам қайтаради. Лекин коллеж иши билан боғлиқ ҳамма ҳужжатларни Агрепина Васильевна русча олиб боради. Коллежимизда ўқиш икки тилда¸ шунга унча билинмасди”¸ дейди бу суҳбатдош.

Давлат амалдори давлат тилини билиши шарт

1989 йилнинг 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасида:

Ўзбекистон Республикасида ишловчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун республика давлат тилини етарли даражада билишлари шарт¸

деб ëзиб қўйилган.

Бу қонун қабул қилинганидан роппа-роса 28 йил ўтиб ҳам¸ Ўзбекистон бошқарувида ўзбек тили давлат раҳбарлари иш юритадиган тилга айланмади.

Хусусан¸ мамлакат иқтисодий блокига оид тизимларнинг бирламчи тили рус тили бўлиб қолмоқда¸ давлат раҳбари қабул қиладиган аксар қарор ва қонунлар бирламчи матнининг ҳам рус тилида ëзилиб¸ баъзан кунлаб кечикиш билан¸ ўзбекчага ўгирилаëтгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги собиқ ходими¸ бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди:

“Биринчидан¸ иқтисодий блокни бошқараëтганларнинг аксарияти Вячеслав Голышев¸ Владимир Бронштейн¸ Татьяна Гуськова¸ Галина Саидоваларнинг бирортаси ўзбек тилида иш юритган ëки юритадиган амалдорлар эмас. Уларнинг иш услуби тўғридан-тўғри Россия иқтисодий блокига қарам¸ руслардан улги олади. Россияда чиққан қонунчилик бўладими¸ қарор бўладими¸ шуни кўчиришади¸ у ер бу ерини тўғирлашади ва қонун¸ қарор тайëрлаб беришади. Иккинчидан¸ Каримов ҳам¸ Мирзиëев ҳам бу соҳа бошқарувчиларининг давлат тилини “етарли даражада” билмаслигига кўп ҳам эътироз билдирмай келди”¸ дейди 19 октябрга қадар Ўзбекистонда ягона аëл вазир бўлиб келган Иқтисодиëт вазири Галина Саидова билан бевосита ишлаган мулозимлардан бири.

Айни пайтда¸ бу суҳбатдош¸ Ўзбекистонда туғилиб-ўсган Саидова хонимнинг ўзбек тили иш юритиш даражасига кўтарила олмаган бўлса-да¸ унинг инглиз тили ўзбекчасидан анча мукаммаллигини қўшимча қилади.

Вазирлар давлат тилида гапирмайди. Президент улар тилида гапиради

Ўзбекистон президенти Шавкат Миризëевнинг давлат телеканалларида тўлиқ кўрсатилмаган айрим видеоселекторларининг Интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқаган видео ва аудиоëзувларидан¸ Мирзиëевнинг иш юритиш тили давлат тилида бўлмаган вазирлари билан ўзбекча эмас¸ улар тушунсин учун¸ русча гапиришга ўтиши кўрилади.

Хусусан¸ жорий йил бошида ўтказилган ҳукумат йиғилишларидан бирида президент¸ газ ва нефть соҳасидаги аҳвол ҳақида гапира туриб¸ вазирлик даражасидаги “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси Алишер Султонов билан рус тилида гаплашишга ўтган эди.

Давлат тилини билмайдиган вазирларга бундай махсус имтиëзли ëндашув¸ президентнинг бошқа йиғилишларида ҳам кузатилган.

80-йиллар охирида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун курашган мутахассис ва фаоллар¸ айнан давлат бошқарувида ўтирганларнинг ўзбек тилини иш юритиш учун етарли даражада билмаслигини¸ орадан 30 йилга яқин вақт ўтиб ҳам¸ бу тилнинг қонунда белгиланган мақомга кўтарила олмаëтгани асосий сабабларидан бири сифатида танқид қиладилар.

Боғчалар вазири боғчалар билан қайси тилда иш юритади?

Агрепина Шиннинг Ўзбекистонда янги тузилган “боғчалар вазири” этиб тайинлангани¸ ижтимоий тармоқдаги ўзбекистонлик зиëлилар орасида мунозара уйғотмай қолмади.

Кимдир¸ Ўзбекистонда миллий кадрлар етиштириш ва танлаш тизими йўқлигини танқид қилган бўлса¸ айримлар¸ янги вазирнинг аксарияти қишлоқ ҳудудларида жойлашган боғчалар муаммоларини қайси тилда ўрганиб¸ улар ечими устида қайси тилда иш олиб бориши хусусида фикр билдирмоқда.

“Боғча вазирлиги”га эҳтиëж бормиди?

Ўзбекистонлик таниқли публицист Шароф Убайдуллаев¸ мамлакат таълим тизимини битта вазирликка бирлаштириб¸ боғчадан то олий ўқув юртини биритиш жараëни учун масъулиятни битта тизимга юклаш ўрнига¸ уни аксиснча¸ парчаларга бўлишни танқид қилади.

Бундай тармоқланишнинг пахтачилик соҳасини қандай ҳалокатли аҳволга олиб келганини кўриб туриб¸ таълим тизимини ҳам парчалаш¸ бу кузатувчи фикрича¸ унинг ривожи эмас¸ аксинча¸ таназуллига йўл очиши мумкин.

Шароф Убайдуллаев мулоҳазалари билан қуйида танишишингиз мумкин.

Расмий маълумотларга кўра¸ 2017 йилнинг иккинчи ярмига келиб¸ мамлакатда 700 мингга яқин боғча ëшидаги бола бўлгани ҳолда¸ 4893 та мактабгача таълим муассасаси қайдга олинган.

Халқ таълими вазирлиги сайтида қайд этилиши¸ ўзбекистонлик болаларнинг атиги 26 фоизи боғчага бориш имконига эга¸ холос.

ЎХҲ хабарлар бўлими