Шу мақсадда республика телевидениеси намойиш этган қатор кўрсатувларда интернет тармоқлари орқали экстремистик диний мафкура тарқатилаётгани қораланган.
Кўрсатувда иштирок этган диний экспертлар ҳозирги пайтда интернетни тўлиқ назорат қилиб бўлмаслигини айтиб, ота-оналарни фарзандлари қандай веб саҳифаларга кираётганини назорат қилишларини уқтиришади.

“Агар ота-она ўз боласини нималарга қизиқишини билиб тўғри йўналтира олса, Ўзбекистон хавфсизлигини сақлашга катта хизмат қилган бўладилар”, деб таъкидлайди Исломий тадқиқотлар маркази илмий ходими Илҳом Бекмирзаев.
“Жарга туташ йўл” кўрсатувида қатнашган Вазирлар маҳкамаси қошидаги диний ишлар бўйича қўмита ходими Шавкат Ҳамдамов эса Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиққан пайтларида ҳам фақат мамлакатда чоп этилган диний адабиётлардан фойдаланишларини маслаҳат беради.
Хабарларга кўра, айни пайтда уйларида диний китоб ва шу мавзудаги аудио-видеолар сақлаган фуқаролар махсус хизмат ходимлари томонидан таъқиб қилина бошланган.
Жумладан, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги тўрт хонадон милиция ва маҳалла оқсоқоллари томонидан текширилиб, диний адабиётлар олиб кетилган, деб хабар беради Forum18сайти.
Насроний динига оид юздан ортиқ китоблар Тошкентдаги диний ишлар бўйича қўмитага жўнатилгани, у ерда мусодара қилинган китоблар “миссионерлик фаолияти”ва “экстремизм”ни тарғиб қилади, деб топилгани хабар қилинади.
Диний қўмитага кўра, Ўзбекистонда ўзбек тилидаги миссионерлик адабиётлари бугунги ёшлар онгига энг кўп хавф солади.
Ўртачирчиқ туман жиноят маҳкамаси диний адабиётлар мусодара қилинган фуқароларни “жамоат тартибини бузиш”да айбдор деб топиб, 18,4миллион сўм (9000 минг доллар) жарима белгилаган.
Бундан олдинроқ, Ўзбекистонда “Вояга етмаганларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир этувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Таҳлилчилар ушбу қонун билан ҳукумат Ўзбекистонда ахборот олиш ва тарқатишни янада назорат остига олишини таъкидлайдилар.
Информацион оқимнинг давлат назоратида бўлмаётгани ва фуқароларнинг ижтимоий тармоқларда фаоллашиши ҳукуматни кўпроқ хавотирга солиши мумкин.