O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда дин эркинлиги ‘қонун ва амалиётда тан олинмаган’

Ўзбекистонда дин эркинлиги ‘қонун ва амалиётда тан олинмаган’
259 views
06 March 2018 - 17:20

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, БМТнинг Диний эркинликлар бўйича махсус маърузачисига кўра, ўзбекларнинг ўз динларига эркин амал қилишлари учун мавжуд қонунчиликка ўзгартишлар киритиш ва Шавкат Мирзиёев ҳукуматидан қатъий сиёсий иродани намоён этиш талаб қилинади.

Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг ҳисоботида айтилган.

БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг Женевада ўтаётган 37-сессиясида тақдим этилган ҳисобот БМТ маърузачисининг ўтган йил октябрида Ўзбекистонга ташрифи чоғида қўлга киритган далилларига асосланади.

Аҳмад Шаҳид Мирзиёев ҳукумати инсон ҳақларининг аҳволини яхшилаш юзасидан бошлаган ислоҳотларни эътироф этган.

Жумладан, у Ўзбекистон раҳбарини қийноқлар билан ном чиқарган “Жаслиқ” қамоқхонаси ва бошқа муассасаларга “тўсиқсиз кириш” имконини бергани учун мақтаган.

Аммо БМТ махсус маърузачисининг қайд этишича, “ҳар бир инсонга хос бўлган дин ёки эътиқод эркинлиги қонунда ва амалиётда тан олинмаган”.

Ахмад Шаҳидга кўра, ушбу ҳолат “Ўзбекистондаги эътиқод эркинлиги йўлида жиддий муаммо туғдиради”.

БМТ маърузачиси Ўзбекистон ҳукуматига 1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқишни тавсия қилган.

Унинг назарида ушбу қонун “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро конвенциянинг 18-бандига тўла мос бўлиши керак”.

Ахмад Шаҳид шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматини ота-оналарнинг ўз фарзандларига диний таълим беришдаги танлов ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган.

Нотўғри талқин

Айни пайтда Женевада бўлган Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати Аҳмад Шаҳиднинг ҳисоботини танқид қилган.

Ҳукумат тақдим этган ва БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши веб-сайтида жойлаштирилган расмий шарҳда айтилишича, Шаҳиднинг ҳисоботида “тўлиқ бўлмаган маълумотлар келтирилган ва нохолис ноҳукумат ташкилотларининг материалларидан фойдаланилган”.

Ўзбекистон ҳукумати шунингдек, БМТ маърузачисини вазиятга танқидий баҳо беришда “ўз ваколатлари доирасидан ташқарига чиқиш”да ҳам айблайди.

Ўзбек томонига кўра, БМТ эксперти ўз ҳисоботида Ўзбекистон жиноят кодексининг 216-бандини (“Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни ноқонуний ташкил этиш”) нотўғри талқин қилган.

Расмийларнинг айтишларича, ушбу банд ҳисоботда айтилгани каби дин уламоси бўлмаган фуқароларга диний либос кийишни тақиқламайди.

Ўзбекистон ҳукумати шунингдек, Аҳмад Шаҳид ўз ҳисоботида ишлатган “норасмий Ислом” ибораси билан ҳам келишмаслигини таъкидлаган.

Ўзбек томонининг фикрича, ушбу ибора “расмий Ислом”нинг ҳам мавжудлигини назарда тутади.

Мамлакат конституциясига мувофиқ эса, ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида тан олиниши мумкин эмас.

Ўзбекистон ҳукумати ўзининг расмий шарҳида жаъми 29 та эътирозини баён қилган.

ЎХҲ хабарлар бўлими