O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ўзбекистонда дунё бўйича энг кам маҳбуслар бор”ми?

“Ўзбекистонда дунё бўйича энг кам маҳбуслар бор”ми?
243 views
19 February 2013 - 10:44

120105152950_jasliq_jaslik_famous_uzbek_prison_uzbek_prisoners_304x171_bbc_nocredit (1)Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳонда маҳбуслар сони бўйича энг кам кўрсаткичларга эга, деб айтади Ўзбекистон Олий маҳкамаси раиси Бўритош Мустафоев “Халқ сўзи” рўзномасига берган интервьюсида.

Унга кўра, Ўзбекистонда ўтказилган кенг миқёсдаги ислоҳотлар орқасидан шундай натижага эришилган.

“Жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги чоралар Ўзбекистонда қамоқдагилар сонини жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткичга олиб келди. Яъни ҳар 100 минг аҳолига 166 киши тўғри келади”,- дейди Бўритош Мустафоев.

Таққослаш учун, деб таъкидлайди жаноб Мустафоев Россияда бу 611, АҚШда эса 738 маҳбусни ташкил қилади.

“Кейинги пайтда иқтисодий жиноят содир қилганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ўрнига жарима тўлаш имкониятлари кенгайди. Бундан ташқари жиноий жавобгарлик тизимидан инсонпарварликка тўғри келмайдиган мол-мулкини мусодара қилиш каби жазо чоралари чиқариб ташланди”,- деб таъкидлайди Олий маҳкама раиси. Мустафоевга кўра, 23 минг жисмоний шахслар томонидан 246 миллиард сўм ундирилиши туфайли улар қамоқ жазосидан озод қилинганлар.

Иқтисодий жиноятларда айбланганларнинг жазо муддатини гаров эвазига енгиллатиш, озодликка чиқариш ҳақида гапирган Бўритош Мустафоев сохта айбловлар билан узоқ йиллар қамоқларда қолаётган сиёсий маҳкумлар ҳақида лом-мим демайди.

14 йилга қамалган кекса ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг жазо муддати 16 февралда тугаганига қарамасдан нега озодликка чиқмаётгани инсонпарварликка қанчалик тўғри келиши ҳақида гапирмайди.

Ўзбекистондаги айни пайтда қанча сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳбуслар борлиги ҳақида аниқ маълумот олишнинг иложиси йўқ. Бироқ таҳлилчиларнинг хулосаларига асосланган ҳисоб-китобларда ҳам уларнинг сони 15-20 мингга етиши мумкин.

Конституция куни муносабати билан Ўзбекистонда йирик амнистия бўлиши айтилсада, бу анъана диний ва сиёсий айбловлар билан қамалган маҳбусларга нисбатан ишлатилмайди.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматидан ўнлаб сиёсий ва диний маҳбусларни озод қилишни сўраб келади.

Улар орасида жазо муддати сунъий равишда чўзиб келинаётган Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжонов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саидов кабилар бор.

bbc.co.uk/uzbek