Ўзбекистонда жорий йилнинг беш ойи давомида 5 мингга яқин рейд ўтказилиб, лицензиясиз таксичилик қилган 82 ҳайдовчига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда, дея хабар беради Озодлик радиоси. Суд қарорига кўра, 6049 кишига маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, уларга жами 3216 миллион сўм жарима солинган.
Озодлик келтирган расмий маълумотларда айтилишича, текширув натижасида 7843 нафар ҳайдовчи қонунга ҳилоф равишда киракашлик қилаётгани аниқланган ва улардан 6817 нафарининг иши судга оширилган. Суд қарорига кўра, 6049 кишига маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, уларга жами 3216 миллион сўм жарима солинган. Шунингдек, суд қарори билан 82 нафар ҳайдовчига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Ўзбекистонда 2012 йилнинг 1 январидан “Йўналишли такси фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори кучга кирди. Унга кўра, йўловчи ташиш билан шуғулланмоқчи бўлган ҳайдовчи лицензия олиши шарт.
Маълумотларга кўра, биргина Тошкентда 1200 дан ортиқ лицензияга эга йўналишли такси фаолият юритмоқда. Аммо бу бир неча миллион аҳоли яшайдиган шаҳар учун ниҳоятда кам. Норасмий маълумотларга кўра эса, қонун кучга киргунга қадар Ўзбекистон пойтахтида 35 минг атрофида лицензиясиз “киракаш” бўлган.
Иқтисодий ночор аҳволда қолган Ўзбекистон аҳолиси учун кундалик эҳтиёжларни қондиришнинг сўнгги чораларидан бири – бу хусусий автомашинада киракашлик қилиш. Аммо яшаш учун давлат тарафидан бирор шароит яратиб берилмагани каби, энг сўнгги чоралар устидан ҳам қаттиқ назорат ўрнатиш сиёсати йўлга қўйилган.
Озодлик хабарида яна келтирилишича, лицензиясиз кира қилган фуқаро энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жаримага тортилади (айни пайтда энг кам ойлик иш ҳақи – 62920 сўм). (Аслида бу жаримадан “қутқарувчи” ягона халоскор – яна ДАН ходимларининг ўзи, Ўзбекистонда давлат ходимлари орасидаги порахўрлик маълум ва машҳур – ЎХҲ). Ушбу ҳолат такроран рўй берса, транспорт воситаси мусодара қилиниб, ҳайдовчи жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.