Андижон вилоятида тижорат нархида сотилаётган бир килограмм кўмирнинг нархи 700 сўмга чиқди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик радиосига кўра, ҳукумат ваъда қилган арзон кўмир жуда чекланган миқдорда келтирилмоқда ва у билан ҳаммани таъминлашнинг имкони бўлмаяпти. Пахтаобод туманида 500 кило кўмир 65 минг сўмдан маҳаллаларга бериляпти. Ҳатто ҳукумат тарқатадиган ҳар тонна кўмирни маҳаллалар ўзлари истаган нрахда сотяпти, баъзи маҳалла 120 мингга, баъзилари 150 мингга, лекин бу кўмир ҳам ҳаммага эмас.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 23 октябрдаги 305-рақамли қарорига кўра, вилоятлар ва Тошкент шаҳри аҳолисини кўмир билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.
Бироқ бу қарорнинг Андижон вилояти туманларида бажарилиши, албатта даргумон.
Қишнинг эрта келиши ва ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши натижасида одамлар печка ёқишга қийналмоқда.
Ўзбекистонда ўтган йилда 3,84 миллион тонна кўмир қазиб олинган эди.
Ўзбекистон ҳукумати икки йилдан буён аҳолини кузги-қишки мавсумда газ бўлмаслиги ва қишлаш учун олдиндан ўтин-кўмирни ғамлаб қўйиш кераклиги тўғрисида огоҳлантириб келади.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги газ ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи қудратли давлатлардан бири ҳисобланса-да, қиш остонасида газ билан ишлайдиган барча хусусий корхоналар газ тармоғидан узилиб қўйилади, аҳолига бериладиган газ ҳажми сезиларли тарзда чекланади.
Айни пайтда, Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг “ГазПром”, Хитой ва Жанубий Кореянинг кўплаб ширкатларига ўзбек газини сотиш юзасидан кўплаб миллиард долларлик шартнома имзолаган.