O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда кўплаб прокси-серверларга йўл тўсиб қўйилди

Ўзбекистонда кўплаб прокси-серверларга йўл тўсиб қўйилди
247 views
26 March 2013 - 14:31

best-proxy1Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг инфаркт бўлиб қолгани тўғрисидаги миш-мишлар республика қўшимча ахборот изоляциясига олинаётгани билан тасдиқланаётганга ўхшайди: “Фарғона”сайтининг ўқувчилари маълум қилишича, “кечадан бери сайтга киришнинг иложи бўлмаяпти, барча прокси-серверларга йўл тўсиб қўйилган”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2005 йил Андижон фожиасидан сўнг “Фарғона” сайти блокировка қилиб қўйилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда юзлаб сайтларга йўл доимий тарзда тўсиб қўйилган. Бу сайтларнинг аксарияти мухолифатга қарашли ёки ҳуқуқ ҳимоя мавзуси бўйича фаолият юритадилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Ўрта Осиёдаги янгиликларни ёритишга ихтисослашган (Fergananews.com, Uznews.net, Uzmetronom.com ва бошқа) сайтлар ҳам блокировка қилинган. Ўзбекистон расмийларининг жиғига тегадиган, мисол учун, коррупция ёки ҳукумат мулозимлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, сиёсий репрессиялар, мажбурий болалар меҳнати, қийноқлар қўлланиши, иқтисодиётнинг ночор аҳволга тушиб қолгани, аҳолининг тобора қашшоқлашиб бораётгани ҳақида мақола ёки хабарларни чоп этган бошқа оммавий ахборот воситаларининг сайтлари ҳам вақти-вақти билан блокироква қилиб турилади.

Вақт ўтиб кўплаб интернет фойдаланувчилар мазкур тўсиқларни прокси серверлар воситасида айланиб ўтишни ўрганиб олдилар. Энди бўлса, расмийлар ўша прокси серверларга ҳам йўлни тўса бошладилар. Бунга “Фарғона” ўқувчиларининг хабарлари гувоҳлик бераяпти.

Бошқа тарафдан олиб қараганда, Ўзбекистондан туриб сайтимизга тўғридан-тўғри (проксидан фойдаланмай) кираётган фойдаланувчиларнинг сони мунтазам равишда ошиб бораяпти. Булар ким бўлиши мумкин? “Фарғона” маълумотига кўра, булар элчихоналар, ҳамда хорижий давлатларнинг Тошкентдаги ваколатхоналари ходимлари ҳамда ўзбекистонлик дипломатлар ва ахборот мониторинги билан шуғулланувчи, қидирув ва блокировка қўювчи махсус хизмат ходимларидир. Улар оддий одамлардан фарқли ўлароқ тақиқланган сайтларга тўғридан-тўғри кириш имкониятига эга.

Шу билан бирга, Ислом Каримовнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар тўғрисидаги миш-мишлар интернетда майдонини фаол эгаллаб бормоқда. Мисол учун, Ўзбекистонда давлатга қарашли оммавий ахборот воситаларидан биридаги номи маҳфий қолган манба Росбалт ахборот агентлигига президентнинг инфаркт бўлиб қолгани тўғрисидаги ахборотни тасдиқлади.

Ҳар қалай, ҳеч ким ҳеч қандай тафсилотларни билмайди, бу миш-мишларни тасдиқловчи ёки инкор этувчи расмий маълумотлар йўқ. Ўзбекистон умуман олиб қараганда тинч, Тошкенда тартиб кучайтирилгани сезилмаяпти, вилоятларда ҳаёт илгаригидек маромида кечиб бораяпти.

Ўзбекистон президенти сўнгги бор Наврўз байрами муносабати билан ўтказилган тадбирда кўринган (19 март).

uzbek.fergananews.com