O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда мурдани милиция дафн қилади…ми?

Ўзбекистонда мурдани милиция дафн қилади…ми?
153 views
18 April 2015 - 15:03

11Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳар Ички ишлар бошқармаси мулозимлари мурдаларга қабр қазиш ишларига мутасадди экан.

Бекобод шаҳар ИИБ ходимлари зиммасига гўрговликдек савобли “касб”ни қай бир вазирлик юклаганини билмадигу, аммо, айни кунларда Бекобод милицияси мурдаларга лаҳад қазиб, майитга жаноза ўқиётгани ҳақиқат.

Эндигина умрининг йигирма олтинчи баҳорини қарши олаётган кенжа ўғлони Камолиддиннинг алп қоматини қабрга қўйган онаизор Зайнаб она Қўзиева шундай дея бўзлайди:

– Болагинамнинг бошига милисалар етди. Шу йилнинг 7 апрел куни соат 18.00 ларга яқин участка нозири Бахтиёр уйимизга келиб, “Сени Бекобод шаҳар ИИБ бошлиғи чақиртирмоқда” дея фарзандим Камолиддинни уйдан олиб чиқиб кетганди. Ўша куни ўғилгинамни ИИБга ўзим тўрт мучаси бут, соғ-саломат кузатгандим. Аммо ҳа деганда қайтавермади. Кечқурун “Камолиддинни паспортини келтиринглар” деган буйруқ келган экан. Ўртанчи акаси тунги соат 22.00 ларда унинг паспортини элтиб бериб, “Нима гап ўзи?” деб сўраган экан, милиция ходимлари “Бир жанжалга аралашиб қолган экан. Калтакланганларни чақиртирамиз, агар улар “Камолиддинни танимаймиз, даъвойимиз йўқ” дейишса, укангизни қўйиб юборамиз, ҳадемай уйингизга қайтади” деган жавоб қилишган. Аммо 9 апрел куни соат 17.00 ларда ИИБ ходимлари Камолиддинимнинг жасадини келтиришди.

– Эшик олдига чиққанимизда Шаҳар ҳокимияти вакиллари, Шаҳар ИИБ ходимлари, Бекобод шаҳар Имом-Хатиби – Иброҳим, маҳалла оқсоқоллари укам Камолиддининг ўлигини “Тез ёрдам” машинасида келтиришганига гувоҳ бўлдик. Биз шок ҳолатида эдик, – дейди марҳумнинг катта акаси Бобомурод Қўзиев.

Гувоҳларга кўра марҳум Камолиддин Қўзиевнинг юз қисми – қовоқ усти ёрилган, ўнг томон мия қисми то қулоғига қадар қонталаш бўлиб қорайиб кетган. Суд тиббиёт экспертиза ходимлари томонидан жасаднинг бўйин қисми, қорин қисмлари кесилган ҳолатда бўлган.

– Болам шўрлик бу дунёга келиб кун кўрмай кетгани етмаганидек, уни ҳатто охирги манзилига ҳам одамлардек кузатиб қўя олмадик, – дея қон қақшайди марҳумнинг онаизори, – Негаки, милисалар ўғлимнинг жасади олдида узоқ қолишга изин беришмади. Ҳатто майитни мурдашўйга ҳам ювдиришмади. Болагинамнинг мурдасини милисаларнинг ўзлари қўл учида ювган бўлишди, ўзлари кафанлашди. “Лоақал бир кеча уйида меҳмон бўлсин” дея бўзлашларимизга ҳам қулоқ тутишмади. Ўша куни ИИБ ходимларининг ўзлари қабристонга гўрковларни эмас, икки нафар нотаниш йигитни мажбурий тарзда олиб боришган ва “Ҳозир бу ерга ўлик келади, кавлаларинг!” дея уларни қабр қазишга мажбур этишган. “Келадиган ўликнинг орқасида одами, ҳеч кими йўқми? Бизнинг хизмат ҳақимизни берадиган ота-онаси, ака-укалари бордир?” дея гўр кавлаш малол келган йигитлар норози тўнғиллашган. Кўрганлар айтишди, ўша икки нотаниш ёш йигит гўрков бўлмаганликлари сабабли ҳам қабрни рисоладагидек қазий олишмаган, шунчаки ўра қазиб қўя қолишган экан. 9 апрел куни кеч соат 20.00 ларда, тун қоронғусида, фонарнинг милт этган ёриғида Камолиддинимни ички ишлар ходимларининг ўзи қабристонга элитиб, кўмиб юборишди. Биз камбағаллар шўрликлар қақшаб, кўзксимизни тузлаб қолавердик. Қўлимиздан ҳеч нарса келмади.

Бир қушнинг ини бузилса, қанчалар чирқирайди. Ўзини тўрт томонга уриб, бўзлайди. Ҳали қаршимизда кўз ёшларини тия олмаётган аёл – одам-ку, она-ку….

Ҳеч замонда милиция ходимларининг мурдани қаристонга қўйиб қайтишганларини эшитганмисиз?

Тўғри, “Ўлим ҳақидаги гувоҳнома”да “марҳум ўзини ўзи осиб ўлдирган”лиги акс этган. ИИБ ходимларига кўра, “Камолиддин ИИБ ертўласида ўз жонига қасд қилган”миш… Бироқ…. Фикри ожизимизча, марҳумнинг қабрга қўйилиши билан боғлиқ юқоридаги ғаритабиий ҳодисотларнинг ўзиёқ 26 ёшли йигит ўз ажали билан ўлмаганлигидан, ўз жонига қасд қилмаганлигидан, аниқ кўриниб турган қоттиллик юзберганлигидан далолат эмасми?

Яна ким томонидан?…

Милиция қўли билан қотиллик содир этилган бўлса-я? Наҳотки?

Инкор этадиган бўлсак, жавобсиз жумбоқли саволлар тинчлик бермайди: “У ҳолда нега милиция майитни ота-она ихтиёрига топшириб, қайтиб қўя қолмади? Қўрқдими? Нимадан?

Айнан ИИБ ходимларининг ўзлари гўрковлик қилиши, қабристонда гўр қазиши, ўзлари жасадни кўмишга ишқибоз бўлишлари – буларнинг бари нимадан далолат? “Бу каби шубҳали ҳаракатларнинг бари қандайдир қабих жиноятни ҳаспўшлашга ошиқиш эмасмикин?” деган каби гумон ва тахминларнинг болалашига, илдиз отишига изин бермасдан қолмайди…

Марҳумнинг волидаси Ички ишлар идораси ертўласидан уч кун ичида ўлиги чиққан соғ-саломат ўғли Камолиддиннинг қотиллик қурбони эканлигини айтиб Бекобод шаҳар прокурорига арз этиб борди.

Бироқ прокурордан “Қаерга борсанг, боравер, ёзсанг, ёзавер, Худосига ёзган тақдирингда ҳам, шикоятинг барибир айланиб-айланиб ўзимнинг қўлимга келиб тушади!” дея айриликдан кўнгли пора бўлган онани қувиб солди.

Не ажабки, Қонун устивор бўлган Ўзбекистондек ажиб диёрда 61 ёшли Зайнаб Қўзиева мустақил мамлакатнинг мана-ман деган қонун идораларида – Бош прокуратура тизимларида, Миллий Хавфсизлик хизмати идораларида, Ички ишлар вазирлиги тасарруфида қорин тўйғизаётган, бола-чақа боқаётган юз минглаб нонхўр қонун ҳимоячилари турганида мустақил журналистларга, мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларига ножот сўраб, адолат истаб мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Негаки, қонун ҳимоячилари бўлган корчолонларнинг бирортаси 26 ёшида ИИБ ертўласидан жасади чиққан ёшгина йигитнинг тақдири билан қизиқмади, жабирдийдалар оҳига қулоқ тутай ҳам демади.

ИИБ ходимлари ўзларини оқлаш учун минг бир хил важ келтиришлари мумкиндир! Бироқ, шу нарса ҳақиқат, бир нарса фактки: Ўзбекистон қамоқхонасининг ертўласида уч кун ичида 26 ёшли соғлом йигит жон таслим қилди, ёшгина жон жисман йўқ этилди. Қотиллик рўй берди!

Бевақт хазон бўлган инсон умри бирор бир ҳукумат корчолонларини қизиқтирармикин?!

Барча ҳамкасбларимни ИИБ ертўласида умри бевақт хазон бўлган Камолиддин Қўзиевнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят юзасидан журналист суриштируви ўтказишга чақираман ва содир бўлган қотиллик жиноятини фош этилишида жонбозлик кўрсатишларини сўрайман.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист