Ўзбекистонда 1 апрелдан иссиқ ва совуқ сув, марказий иситиш тизими ҳақи ҳамда электр нархлари яна кўтарилади. Шу пайтгача 1 киловатт электр қуввати учун 91 сўм тўлаган оддий одамлар апрелдан 97 сўм тўлашади. Иссиқ сув ўртача 15 фоиз, совуқ сув 10 фоиз қимматлайди. Шу кунларда газ нархи ҳам ошади, деган гапларни одамлар эшитганлар.
Аммо, маҳаллий журналистларга кўра, масъуллар ўз даромадларининг манбаи бўлган аҳолини нарх-навонинг оширилиши юзасидан талаб қилинган шаклда огоҳлантиришни ўзларига эп кўришмайди. Ваҳоланки, одатий жамиятларда ҳокимият халқ олдида ҳисобот бериши керак. Уларнинг айтишларича, Ўзбекистон конституцияси бўйича ҳам халқ ҳокимият манбаи ҳисобланади, ҳукумат эмас.
Ўзбекистонда иш ҳақлари ва пенсиялар ўтган йили декабридан 10 фоиз оширилган, энг кам маош қарийб 63 минг, энг кам пенсия 123 минг этиб белгиланган. Мустақил ҳисоб-китобларга кўра, шу кеча-кундузда Тошкентда кичик бир оиланинг истеъмол савати 300 АҚШ доллари ёки 846 минг сўмни ташкил этмоқда.