Ўзбекистондаги интернет нашрларининг хабар беришича, Тошкентда Ориат телерадиокомпаниясининг уч ходими устидан маҳкама жараёни ниҳоясига етган.
Сирғали туман маҳкамаси Ориат компаниясининг раҳбари Алишер Холдоров солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа иқтимодий жиноятларда айбдор деб топиб, 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган. Ширкатнинг яна икки ходимига ҳам турли муддатли қамоқ жазолари берилган.
Хабарларга кўра, Ориат телерадиокомпаниясига қарши иш Қибрай прокуратураси томонидан очилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасида икки йил давом этган. Шу йилнинг май ойида иш судга оширилган.
Бу вақт мобайнида ходимлар ҳибсга олинмаган. Улар фаолиятларини давом эттириб юришган. Алишер Холдоров ва телерадиостанциянинг яна икки раҳбари суд залида ҳибсга олинган. Ширкатнинг бош ҳисобчиларига шартли жазолар тайинланган.
“Узметроном” интернет сайтининг ёзишича, Ориат компанияси фаолияти тугатилиб, Oriat FM ва Oriat Dono радиотўлқинлар Миллий телерадиокомпания ихтиёрига ўтқазилади.
Шу тариқа бу радиотўлқинлар Миллий электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси бошлиғи, Даракчи рўзномаси ва шахсий Пойтахт радиостанцияси эгаси Фирдавс Абдухолиқовнинг қўли остига бирлашиши айтилмоқда.
Манбаларга кўра, Ориат ширкати ўз фаолияти давомида диний эшиттиришлар ва кўрсатувларга ҳам ўрин ажратиб келган.
Ширкат раҳбарларига қарши иш очилишига бир томондан шу жиҳатлар ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин.
Шунингдек, ширкат ходимларига нисбатан очилган ишнинг икки йил давомида ошкор қилинмагани, бу жараёнга кенг жамоатчиликнинг айниқса журналистларнинг эътиборини тортмаслик мақсадида қилинган, деган фикрларни ҳам уйғотган.
“Узметроном” сайтига кўра, бу Ўзбекистон Оммавий ахборот воситалари бозорини босқичма-босқич монополиялаштириш жараёнининг фақат бошланиши бўлиши мумкин.