O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда пора берганликда гумонланаётган TeliaSonera бошқарув кенгаши ўзгаради

Ўзбекистонда пора берганликда гумонланаётган TeliaSonera бошқарув кенгаши ўзгаради
142 views
19 February 2013 - 11:37

images (44)Швециянинг TeliaSonera ширкати бошқарув кенгаши таркибида жиддий ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда. Ўзбекистонда катта пора берганликда гумон қилинаётган ширкатнинг номинация қўмитаси 8 кишидан иборат бошқарув кенгашига 6 янги номзод исмини эълон қилди.

Шу ой бошида Швециядаги Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси TeliaSonera ширкати буюртмасига кўра, ички текширув ўтказиб, ширкат Ўзбекистонда лицензияларни қўлга киритиш учун коррупцияга аралашгани ёки пора берганига оид айбловларни тасдиқловчи далилларни топа олмаганини эълон қилган эди. Лекин Mannheimer Swartling хулосаларида ширкат ижрочи мулозимлари Ўзбекистондаги ҳамкори кимлигини тегишли тарзда текшириб кўрмаганликда танқид қилинди.

Ҳисобот эълон қилиниши ортидан, 1 феврал куни TeliaSonera президенти Ларс Нюберг истеъфога кетган эди.

TeliaSonera номинация қўмитаси ўтган пайшанба куни эълон қилган баёнотида “TeliaSonera кўп жиҳатдан фаолиятини янгитдан бошлашига эҳтиёж борлиги”ни баён қилди. Мазкур хулоса жумладан Mannheimer Swartling ҳисоботига асослангани айтлди.

Ўзбекистон билан боғлиқ жанжал ортидан TeliaSonera бошқарув кенгашининг 8 аъзосидан 6 нафари қайта сайланишдан воз кечди. TeliaSonera бошқарув кенгаши янги аъзолари 3 апрел куни ўтказиладиган ширкатнинг йиллик мажлиси пайтида сайланиши кутилмоқда.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан унинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганликда гумон қилинмоқда.

ozodlik.org