Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси-Сенат жума куни президентлик сайловлари санасини 2014 йил декабридан 2015 йилнинг биринчи ярмига кўчириш ҳақидаги ўзгаришни маъқуллаган.
Қонунчилар ушбу қарорни президент сайловларининг парламент сайловлари билан тўқнаш келмаслиги ва сиёсий партияларга сайловларга тайёргарлик кўриш учун кўпроқ вақт бериш билан тушунтирганлар.
Хабарларга кўра, қонун лойиҳаси Президент Ислом Каримов томонидан тавсия қилинган ва уни Сенатнинг Қонунчилик ва Суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова тақдим этган.
Франс-пресс хабар агентлиги Ортиқова хонимнинг “сиёсий партиялар президентликка номзодларни илгари суришади, шунинг учун президентлик сайловларини парламент сайловларидан кейин ўтказиш мақсадга мувофиқдир”, деган сўзларини келтирган.
Президент Каримов 2010 йил ноябрида Конституцияга парламентга кўпроқ ваколатлар беришни назарда тутувчи ўзгартиришларни таклиф этган ва улар парламент томонидан маъқулланган эди.
“Концепция” дея тақдим этилган ўзгаришларга мувофиқ, жумладан, парламент мамлакат бош вазирига ишончсизлик билдириши мумкин.
2011 йил декабрида эса Сенат президент ваколатларини 7 йилдан 5 йилга қисқартириш ҳақидаги ўзгаришни маъқуллаган.
74 ёшли Президент Ислом Каримов Ўзбекистонни қарийб чорак асрдан буён бошқариб келади.
У охирги марта 2007 йил декабрида 7 йилга сайланган.
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўзбекистондаги сайловларни ҳеч қачон эркин ва адолатли деб тан олган эмас.
Охирги ўзгариш Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўри борасидаги фаразлар кучайган пайтга тўғри келмоқда.
Шу ҳафта интернетда Ўзбекистондаги турли сиёсий гуруҳ ва маҳаллий кланлар орасида ҳокимият учун пинҳона курашлар кучайгани ҳақидаги мақолалар пайдо бўлган.
BBC