Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида янги телекенал очилиши эҳтимоли рус телевидениеси ташвиқотидан чарчаган ўзбекистонликларни хавотирга солмоқда. Аксариятнинг дунёқараши шундоқ ҳам Россия телевидениеси, ахборот воситалари орқали шаклланаётган бир пайтда ҳамкорликдаги янги лойиҳа ўзбекистонликларни Россия ташвиқоти домига батамом чўктириши мумкин, дейди улар.
Қўшма телеканал очилиши Россия Алоқа вазирлиги делегациясининг Ўзбекистонда ўтказган музокаралари давомида муҳокама қилинган. Россия Алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Алексей Волин бошлиқ делегация Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳамкорликни муҳокама қилган.
Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев билан ўтган музокараларда ОАВни ривожлантириш, интернет тармоқларини тартибга солиш, АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинган.
Таркибида Россиянинг бир қатор етакчи телеканаллари вакиллари бўлган делегациянинг Ўзбекистондаги музокаралари давомида Россиянинг “Биринчи канали” билан ҳамкорликда қўшма телеканал ташкил этиш масаласи ҳам кўрилган.
Россия телевидениеси билан режаланаётган қўшма лойиҳа ҳақида батафсил маълумотлар йўқ, аммо бу хабарнинг матбуотда пайдо бўлишини ўзиёқ жамоатчилик томонидан бир қадар мунозара билан кутиб олингани кузатилади.
Газета. уз нашрининг Россия билан ҳамкорликда янги телеканал ташкил этилаётгани ҳақидаги хабари ўқувчиларнинг фаол мунозарасига сабаб бўлган, аксарият Ўзбекистонда Россия телевидениеси ташвиқоти янада кенгайишидан хавотир изҳор этган.
Россия билан янги телеканал очилиши эҳтимоли ижтимоий тармоқлардаги мунозараларни ҳам четлаб ўтмаган, ўзбекистонлик айрим блоггерлар бу янгиликни ахборот майдонига тажовуз сифатида баҳолаган.
Блогер Аббос Асад Россия билан ҳамкорликда янги телеканал очилишини хавотир билан кутиб олган фаоллардан бири.
Унга кўра, аксарият аҳолининг дунёқараши шундоқ ҳам Россия ахборот воситалари орқали шаклланмоқда, ҳатто халқаро майдондаги воқеаларни муҳокама қилаётган зиёлилар ҳам айнан Россия телевидениесидаги ташвиқотлардан келиб чиқиб мулоҳаза юритади.
“Одамларнинг ижтимоий онги Россия позициясидан келиб чиқиб шаклланиб қолмоқда. Телевидение зоҳиран ахборот беришга ихтисослашган, аммо ботиндан ижтимоий онгга таъсир қилади. Бу нарса, айниқса, Россия телевидениеси ташвиқотида кучли. Бу ерда мақсад Ўзбекистонда россияпарастликни шакллантириш, бешинчи колонияга ўхшаш кучни юзага келтириш. Шу маънода Россия телевидениесининг Ўзбекистонда кенгайиб бораётганини тажовузга қиёслаш мумкин, бунинг оқибатлари нафақат ачинарли, балки даҳшатли бўлиши мумкин”, – дейди Аббос Асад.
Россия телеканаллари Ўзбекистонда, асосан, кабел каналлари орқали намойиш қилинади, бу каналларнинг асосий томошабинлари нафақат рус тилли аҳоли, балки янгиликлардан, дунё воқеаларидан хабардор бўлиш ниятидаги зиёлилар ҳам эканлиги таъкидланмоқда.
“Таассуф билан қайд этиш жоиз, Россия телевидениесининг қамрови кенг, айниқса, ўзини зиёли деб атайдиган, дунё воқеаларидан хабардор бўлиб туришни истайдиган одамлар, асосан, Россия телевидениесига уланишади. Масалан, менинг дўстларим орасида бундайлар 90 фоизгача бориши мумкин. Ҳаммасида кабел телевидение бор, қаердадир бирор муҳокама бўлиб қолса, Россия телевидениесидаги мавзулар ҳақида, Путин ҳақида гаплашилади. Россия каналларидан олинган янгиликлар муҳокама қилинади. Албатта, бундай вазият юзага келишида Ўзбекистон телевидениесининг ҳам айби бор. Маҳаллий телевидение рақобатбардош бўлиши керак, янгиликларни етказишда, халқаро воқеалар таҳлилида ўзгаришлар қилиши, халқаро стандартларга мос равишда кўрсатувлар қилиш даражасига чиқиши керак”, – дейди Аббос Асад.
Ўзбекистон телевидениесининг собиқ журналисти Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Россия телевидениеси азалдан ўзбек телевидениеси учун асосий ҳамкор бўлиб келган. Мамлакатда ҳокимият алмашар экан, бу ҳамкорлик янада кенгаяётгани кузатилади.
“Биласизми, Россия ёки бошқа ҳамдўстлик давлатлари телевидениесини кўриш имкониятлари кенгайиши барибир аҳоли дунёқараши кенгайишига хизмат қилади. Майли, бу кўрсатувлар Россия телевидениесидаги шовинистик руҳда бўлган тақдирда ҳам. Ҳамманинг ўз ақли, ўз хулосалари бор. Қолаверса, халқимизда бир ёмонни кўрмасдан, яхши қадрига етмайсан, деган гаплар ҳам бор. Менинг ўйлашимча, бу кўрсатув ёмон, буни яхши деб ажратиш керак эмас, фақат хулоса яратиш ҳуқуқи томошабиннинг ўзида қолдирилиши керак”, – деган фикрда Эшонқулова.
“Ўзбекистон 24” каналининг хабар беришича, Россия делегацияси Миллий телевидение раҳбарияти билан музокара ўтказган ва томонлар ўзаро ҳамкорликнинг йўл харитасини тузишган.
Манба: amerikaovozi.com