O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда сиёсий мухолифат ва ҳокимият

Ўзбекистонда сиёсий мухолифат ва ҳокимият
322 views
19 January 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(21)

ЎЗБЕКИСТОНДА СИЁСИЙ МУХОЛИФАТ ВА ҲОКИМИЯТ

Барча собиқ совет жумҳуриятларидаги каби, Ўзбекистонда ҳам сиёсий мухолифат “қайта қуриш” йилларида пайдо бўлди.

Фақат ўзбек сиёсий мухолифати, бошқа жумҳуриятлардаги каби, умуман зиёлилар томонидан эмас, балки унинг муайян қатлами – ёзувчи ижодкорлар тарафидан ташкилотланди.

Бунинг сабабини халқимизнинг зеҳниятидан ахтариш лозим. Ўзбеклар ўртасида анъанавий ўлароқ, санъат ва адабиёт одамлари севилган, ардоқланган. Уларнинг сўзи, уларнинг санъатига бир ҳақиқат мезонига қарагандай қараганлар.

Халқ ёзувчи, шоир ёки хонандани ўзи айтолмаган гапларни айтишга йўл топган шахсиятлар сифатида кўрган.

Ёзувчиларимиз бу буюк ишончни доим оқлаб келди, деб айтолмаймиз, аммо қайта қуриш даврида, ҳатто ундан олдин ҳам улар кутган ҳақиқатни турли шаклларда айтишга уринган оқимлар бор эди. Буни халқ билар эди ва у саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган миллий уйғониш ҳаракатларини бошлаган ёзувчиларга киприк қоқмай ишонди ва уларга эргашди.

Ўзбекистон сиёсий мухолифати Ўрта Осиё минтақасидаги бошқа жумҳуриятлардаги мухолиф ҳаракатлардан анча олдин пайдо бўлди ва у бошланғичда кўпроқ ижтимоий ва миллий муаммоларни ўртага қўйди. Хусусан 85-чи йил бошида, Черненко замонида, ёш ёзувчиларнинг “Политбюро”га ёзган норозилик мактуби – амалда янги туғилган мухолифатнинг биринчи “манифест”и эди. Мактубга имзо тўпланар экан, Черненко ўлиб қолди ва мактуб Горбачев номига юборилди. Бу мактуб Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек тили ва миллий қадриятларини топтаётганига қарши ёзилган эди. Албатта, бу ҳаракат тазйиқ-таъқибга учради, аммо бу ҳаракат билан ижодкор ўзбек ёшлари Ўзбекистонда ҳокимиятга ҳам қарши сўз айтиш мумкинлигини исбот қилди, миллий масалаларни фақат раҳбарлар эмас, жамоат ҳам муҳокама қилиши лозимлигини кўрсатди.

Кейинчалик пайдо бўлган миллий ҳаракатлар – “Бирлик” ва “Эрк”нинг ҳам тамалини ёзувчи ижодкорлар қўйди. Шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда пайдо бўлган сиёсий мухолифат Ўрта Осиёда энг кучли ҳаракат эди ва, бугун ҳам, бутун тазйиқ-таъқибга қарамай, шундай бўлиб қолмоқда. Бунинг энг қисқа исботи – ҳеч бир Ўрта Осиё жумҳурияти Ўзбекистон каби мухолифатга қарши бутун структуралари билан ҳужумга ўтаётгани йўқ. Ҳеч бир жумҳуриятда Ўзбекистондаги каби сиёсий қарашлари учун юзлаб одамлар таъқиб қилинаётгани, қамалаётгани йўқ. Ҳеч бир жумҳурият Ўзбекистон каби сиёсий мухолифат юзасидан бошқа давлатлар билан алоқасини узгани йўқ, ҳеч бир жумҳурият ўз иқтисодини чўктириш эвазига бўлса ҳам, мухолифатни йўқ қилишга интилаётгани йўқ. Ва, ҳеч бир жумҳуриятнинг президенти бизнинг президентимиз каби мухолифатни парчалаш учун бирданига учта қўғирчоқ партия тузгани йўқ.

Ҳар қандай президент бошқа давлатга сафарга чиқар экан, ўз мамлакати учун фойдали шартномалар тузиш учун келади. Ва ҳеч бир президент бошқа давлатда сургунда яшаётган мухолифат лидерини қайтариб беришларини сўраш учунгина сафарга чиқмайди. 23-июнда Туркияга келаётган Ислом Каримов худди шу ният билан келаяпти. Унинг қўлида битта муҳим шарнома бор, бу:

“Давлатлар-аро жиноятчиларни алмашиш хусусида”ги шарномадир. Туркия бу шартномага имзо чекса, биз ўз ватанимизга қайтиб боришимиз ва Каримов кўрсатган турмага киришимиз лозим бўлади.

Мен бу гапларни “Ўзбекистонда сиёсий мухолифат синдирилди”, деган иддаоларга жавоб сифатида айтаяпман. Агар мухолифат синдирилганда эди Каримов худди Туркманбоши каби роҳат-фароғатда, ўз ҳайкаллари соясида чой ичиб ётган бўларди.

Каримов ҳузурсиз, безовта, чунки қаршисида соғлом ва миллиятчи мухолифат бор. У курашаяпти ва Каримов режими йиқилгунча курашаверади.

Ўзбекистондаги сиёсий мухолифат бугун тўлалигича “ер ости” фаолиятига ўтган. Чунки очиқ фаолият мухолифат учун таъқиқлангандир. Гарчанд, “Эрк” партияси расмий ўлароқ таъқиқланмаган бўлса ҳам, унинг фаолларига нафақат митинг қилиш, балки уч-тўрт киши бўлиб тўпланиш ҳам ман қилинган.

Шунингдек, мухолифат учун газета чиқариш, газета тарқатиш ҳам ман қилингандир. “Эрк” Демократик партияси аҳволнинг бу даражага келишини бироз олдинроқ кўрган эди ва 1993 йилнинг бошидаёқ партиянинг яширин фаолиятга ўтиш режаси тузилган эди. Бу режа эҳтиёткорлик юзасидан партия Маркази Кенгаши аъзолари орасида ҳам муҳокама қилинмади. Бу режа яширин фаолият учун махсус тайинланган гуруҳларнинг лидерларига тақдим этилди.

Бир йил ичида аввалги тизимлардан фарқли структуралар тузилди ва биз гизли партия ҳаётини ўргана бошладик.

Буни ўрганиш қийин бўлди, чунки, биз мутлақо бегуноҳ бўлган ҳолда, худди жиноятчилардек писиб юришга кўникмаган эдик, шивирлаб гаплашишга, ҳар бир нотаниш одамдан шубҳаланишга кўникмаган эдик. Шу сабаб, баъзи ҳолларда йигитларимиз очиқ ҳаракат қилиб, миршаблар қўлига тушди ва ҳибсга олиндилар.

“Эрк” партияси бугун нормал сиёсий муҳитдаги партиялар каби келажак сайловларга тайёрланаётгани йўқ. “Эрк” партияси бугун ўз фаолиятини тамомила демократик ғояларни халқ ўртасида ёйишга қаратган. Халқ билан муҳим алоқа воситаси – “Эрк” газетасидир. Газетанинг таъсир даражаси унинг биринчи сони тарқалгандаёқ маълум бўлди:

Ҳукумат бирданига партия аъзоларидан 17 кишини ҳибсга олди. Вилоятларда кўзга кўринган ҳар бир “Эрк”чининг уйи тинтув қилинди. Ҳукумат вилоятлараро йўллар ва Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон чегараларида юзлаб назоратчилар қўйди. Ҳатто бу жумҳуриятларга айғоқчиларини жўнатиб, газетанинг қолган сонлари тиражини ахтара бошлади. Бу ҳақда “Эрк” фаоли Юсуф Рўзимуродов “саргузаштлари”ни чет эл ахбороти ва Москов матбуот хабарларидан кўпчилик эшитган бўлса керак.

Партиянинг таъқиб қилинаётган фаоллари пропаганда ишида қатнашмайдилар, уларга имконлари даражасида бошқа вазифалар топширилган.

Маълумки, бугун Ўзбекистон ҳукумати мухолифат аъзоларининг телефонларини тинглаш, уларни кузатиш ва изоляция қилиш учун жуда катта харажатлар сарфламоқда. Бунинг учун жумҳурият миқёсида минглаб миршаб ва хавфсизлик ходимлари сафарбар қилинган. Лекин “ер ости” ҳаркатини назорат қилиш ҳар доим ҳам ҳар қандай мамлакатда қийин бўлган ва Ўзбекистонда ҳам бу осон кечаётгани йўқ. Шу маънода Каримов ҳукумати “Эрк” партиясини гизли фаолиятга ўтишга мажбур қилар экан, бундан асло ютгани йўқ, балки ютқазди.

Мухолифатнинг бугунги фаолияти ҳақида гапирар экан, бир нуқтага диққатингизни қаратмоқчиман. “Эрк” партиясининг нолегал ҳаракати давлатга қарши эмас, мажуд ҳукумат сиёсатига қарши йўналтирилган. Ҳаракат шу кунгача Ўзбекистон Конститутсиясининг бир моддасини ҳам бузгани йўқ, балки қатъий бир шаклда қонунларга амал қилмоқда. Бу нолегал ҳаракат учун парадоксал кўриниши мумкин, аммо бу ҳақиқатдир. Шу кунгача қонунларни биз эмас, ҳукумат бузиб келди ва бузишда давом этмоқда.

Ақлли ҳукуматлар ўз сиёсий спектрида “ер ости” ҳаракатларининг туғилишига имкон бермайди. Ақлли ҳукуматлар ҳар қандай сиёсий гуруҳга, у қанчалик радикал бўлмасин, легал фаолият имкони яратиб беради ва шу йўл билан уни назорат қилишга эришади. Лекин президент Каримов нафақат бу йўлдан бормади, балки, расмий ҳаракатларни ҳам норасмий ҳолатга келтирди. Оқибатда Ўзбекистонда янги нолегал ҳаракатлар тузиш тенденсияси кўзга ташлана бошлади. Бунинг ўрнаги сифатида май ойининг охирида эълон қилинган “Туркистон ёш демократлари”, қисқа оти “ТУРКЁД” ҳаракатини кўрсатиш мумкин.

Тахмин қилиш мумкин-ки, Каримов режими тазйиқ сиёсатини давом эттирар экан, бундай нолегал ҳаракатлар кўпая боради, чунки, жамият бугун сиёсий фаолият кўрсатишни истайди. Ҳа, иқтисодий бўҳрон инсонлар кайфиятида маҳзунлик яратди, улар келажакка ишончсизлик билан, сиёсий оқимларга шубҳа билан қарашга кўника бошладилар, шунга қарамай, эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам уларда масалаларни ҳал қилишда шахсан дахлдор бўлиш истаги ботиний равишда кучаймоқда. Бугун Ўзбекистонда кузатилаётган ижтимоий сассизлик ҳукумат сиёсатидан қаноатланиш эмас, балки ундан норозилик муждасидир.

Афсуски, бу таранг аҳволдан қутулиш йўлларини Ўзбекистон режими сиёсий ва ижтимоий реформаларда кўраётгани йўқ. Аксинча, бу реформаларни иложи борича кечиктиришга ва ислоҳот тарафдорларини жамиятдан изолация қилишга уринмоқда.

Бугун Ўзбекистонда мухолифат аъзоларининг қамоққа олинишига қарши 29та давлат Ўзбекистон ҳукуматига норозилик билдирди. Бу ҳукуматнинг зўравон сиёсати юзасидан жумҳуриятимизга бирор бир давлат иқтисодий ёрдам беришни истамаяпти. Каримовнинг сўнгги ойлар ичида қилган чет эл сафарлари Ўзбекистон иқтисодига ҳеч бир нарса қозонтирмади. Баъзи Ғарб давлатларининг расмий қабулига эришмоқ учун Каримов бу давлатларга ўзбек олтинини ўзи билан олиб боришга мажбур бўлди. У Японияга келганда эса, япон ҳукумати Каримовнинг “давлат таклифи билан эмас, хусусий ташаббус билан ташриф буюрганлиги” ҳақида матбуотга баёнот берди. Бундай ҳолат ўзбек халқи учун ҳам, Ўзбекистон давлати учун ҳам уятли нарсадир.

Ваҳоланки, ўзбек халқи ўз меҳнаткашлиги ва закоси билан уялишга эмас, ғурурланишга лойиқ миллатдир. Ўзбекистон эса ўзининг бой иқтисодий ва интеллектуал заҳираси билан бошқа эски совет жумҳуриятларига нисбатан тезроқ оёққа туриши, бўҳрондан эртароқ қутулиши мумкин эди. Ва замонавий шаклда сиёсат юргизилган тақдирда, дунё давлатлари томонидан ётирилиши мўлжалланган сармоялар, биринчи навбатда, Ўзбекистонга ётирилган бўларди, чунки Ўзбекситоннинг табиий бойликлари чет эл сармоясини жалб қилиш даражасида етарлидир.

Бизнинг асримиз эшикларни тамбалаш асри эмас, эшикларни очиш асридир. Чегараларга тиканли сим ўрнатиш замони эмас, улардан қутилиш замонидир. Изолятсия даври эмас, интегратсия давридир. Мавжуд тарихий воқеликни англамаган ҳар қандай давлат сиёсати муваффақиятсизликка маҳкумдир.

Бундай замонавий сиёсий иқлимда сиёсий мухолифат тобора кучлироқ аҳамият касб этмоқда. Хусусан, эски совет жумҳуриятлари ва Полшадаги кейинги сайловлар мухолифат муаммоларини ечишнинг алтернатив имкони сифатида янада мустаҳкамроқ ўрнашаётганини кўрсатмоқда.

Маълумки, совет империяси йиқилгандан сўнг бошланган демократлашув жараёни баъзи собиқ совет жумҳуриятлари каби, Шарқий Оврупо мамлакатларида ҳам ҳокимиятга демократлар келиши билан якунланди. Аммо демократик ҳокимиятлар ўз халқининг умидларини рўёбга чиқаролмади, чиқара олмас ҳам эди, чунки, бу ўтиш боқичидаги бўҳронни ҳеч ким, ҳатто комунистлар ҳам халқ истаганидек зудлик билан бартараф этолмас эди. Шунга қарамай, мазкур жумҳуриятларда ўтказилган сайловларда халқ яна коммунистларга овоз берди ва улар ҳокимиятга келдилар.

Бундан хафа бўлиш мумкин эмас, чунки, бу халқнинг иродасидир. Амалдаги демократия ҳам будир. Агар Ўзбекистонда ҳам шундай демократик сайлов бўлиб, коммунистлар ҳокимиятга келганда эди, бугун мухолифатнинг ҳукуматга қарши қилаётган мужодаласи нормал сиёсий рақобатга дўнган бўлар ва ҳукумат ташқи ва ички сиёсатда мухолифатнинг ёрдамини олар эди. Чунки, бунда ҳокимият мухолифат талаб қилаётган иқтисодий-сиёсий ислоҳотларни ўтказишга мойил бўлар ва шунинг учун ҳам демократик сайловларга изн берган бўларди.

Лекин Ўзбекистон ҳукумати бундай “таваккалчиликка” тайёр эмас, чунки, халқнинг овозини олишга ишонмайди. 1991 йилда ўтказилган президентлик сайловлари бу ишончсизликни янада орттирди. Бунга жавобан, Ўзбекистон раҳбарияти сайлов системасини деярли йўқ қилди, уни ҳукумат директивалари даражасига туширди ва энди шу йўл билан ўз ҳокимиятини халқ иродасидан ҳимоя қилишга тайёрланаяпти.

Иккинчи томондан, режим бўлажак сайловларнинг машрулигини (легитимлигини) тахминлаш мақсадида, изма-из янги қўғирчоқ партиялар тузишга мажбур бўлмоқда. Аммо бу ўйинга халқни ҳам, дунё жамоатчилигини ҳам ишонтириб бўлмаслигини тажриба кўрсатди.

Шу боис, Ўзбекистон ҳукумати бир тарафдан сиёсий мухолифатга тазйиқ ўтказаётган бўлса, иккинчи томондан, уни расмий таъқиқлашдан чўчиб турибди.

Ҳар ҳолда, шу йил декабр ойига мўлжалланаётган парламент сайлови Ўзбекистон учун сиёсий маҳактош вазифасини ўташи муқаррардир. Бу сайлов ҳукуматнинг ҳокимиятда нақадар узоқ қолиши ёки нақадар тез йиқилишини белгилайдиган сайлов бўлади. Ҳукумат демократик сайлов ўтказишга жасорат қилса, унинг яшаш эҳтимоли, шубҳасиз, юксалади, акс ҳолда, унинг дунё иқтисодидан изолятсияси тезлашаверади, бу ўз навбатида, мавжуд бўҳронни янада чуқурлаштиради, ижтимоий портлашлар юз беради ва ҳукумат йиқилади.

1994. Июн.

(давоми бор)