O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда тазйиқлар, қийноқлар бор ва у давом этаяпти

Ўзбекистонда тазйиқлар, қийноқлар бор ва у давом этаяпти
155 views
03 October 2013 - 14:08

3AF23F14-39AC-4B2D-8BF5-3AB48AF1CAF1_w300_cy15_cw68_r1_sСурхондарёлик Наргис Жалолова 2004 йили диний эътиқоди учун ҳуқуқ– тартибот идоралари таъқибига учраб, Ўзбекистондан қочиб чиққан.

Орадан кўп ўтмай БМТнинг Қозоғистондаги Қочқинлар билан ишлаш идораси Наргис ва унинг турмуш ўртоғига (турмуш ўртоғининг исм-фамилияси ошкор этилмади. Таҳр,.) қочқинлик мақоми берди. Ёш оилани Швеция қабул қилди.

Қарши ва Шаҳрисабз туман миллий хавфсизлик ходимлари “элаги” дан ўтган сурхондарёлик Наргис орадан шунча йил ўтиб ҳам тергов жараёнида бошдан кечирганларини унута олмаётганини айтди.

“Исломда бўлганимиз учун бир ой давомида Қарши ва Шаҳрисабз туман тергов изоляторларига қамаб, тергов қилишган. Хўжайиним милиция таъқиби ва тазйиқларидан қочиб кетганидан кейин, “сен эрингга яқин одамсан, уни топиб берасан”, деб роса қийнашганда мени. Милициялар қўлимдан қайириб, оғзимдан ароқ қуйишган, қийнашган. “Сен диндорлар калбаса емайсизлар”, деб оғзимга чўчқа гўштидан бўлган колбасаларни тиқишган, йиғлаганаман. Ишқилиб   қўлидан келгунча қийнаган. Тергов изоляторида у хонадан  бу хонага, бу хонадан унисига олиб юриб тергов қиларди. Узун   коридордан милиция билан кетаверсам эримнинг жўраларини кўрардим, кўзим тушарди. Калтакнинг зарбидан чўлоқ бўлиб, футболкалари қон бўлиб кетарди уларнинг. Ўша ерда ҳамма қийноққа солинганларни кўрганман, битта деворнинг ортидан овозлари эшитилиб турарди. Уларни кабел билан уришарди, кабелнинг “шуввиллагани, йигитларнинг жон аччиғидан бақирганларини эшитиб ўтирардим,- дейди Наргис Жалолова.

Тергов жараёни тугагандан кейин Наргис деворлари “ваҳҳобий” йигитлар қонга бўялган хоналарни тозалашга мажбурланган.

“У икки кечами, учми уларга фарқи йўқ эди. Улар мени турғизиб, сўкиб хоналарни тозалашга мажбурларди,- дея эслайди ҳаётининг ўша мудҳиш кунларини эслаб ўзбекистонлик 31 ёшли қочқин Наргис Жалилова.

Эслатсак, шу йилнинг сентябр ойида БМТга Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқларига оид даврий ҳисоботини тақдим қилган Акмал Саидов ўз давлати Қийноқларга қарши халқаро ҳужжатни 1995 йилдаёқ имзолаганини уқтирганди.  Бу билан ўзбек расмийси ўз мамлакатида қийноқлар йўқлигига шаъма қилди, демоқдалар таҳлилчилар.

Мустақил кузатувчилар¸ Ўзбекистонда ҳукуматга ëқмайдиган диний оқимларга эргашган мусулмонларга нисбатан мунтазам тазйиқ бўлаëтгани ва ҳозирда ўн мингдан ошиқ мусулмон диний эътиқоди боис қамоқда қолаëтганини айтадилар.

Судланган мусулмонлар қамоқда тез-тез ақл бовар қилмас қийноқларга дучор қилинади.  Ўзбекистон расмийлари турли халқаро давраларда БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқидан бўлган ҳамкорларни авраб, мамлакатда диний ҳуқуқ ва эркинликларга риоя қилинаётганини урғулашдан чарчамайдилар.

Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар оқибатида ўлиши ҳоллари кўп марта қайд этилган.

Бир неча йилдан буён диний ва сиёсий мотивлар билан қамалаётган ўзбекистонликлар тақдирига оид маълумотларни йиғиш, ўрганиш ва тарқатиш билан шуғулланиб келаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, мамлакат қамоқхонларидан ҳар йили камида 200 маҳбус жасади чиқади.

Бугун Европанинг тараққий этган мамлакатилардан бирида яшаб Ўзбекистон ичкарисида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни мунтазам кузатиб турган Наргис “Ўзбекистонда тазйиқлар ва қийноқлар ҳамиша бўлган ва бу унсур репрессив мамлакат деб тан олинган Ўзбекистонда йил сайин кучайиб бораётир”, – дейди.

“Мана шу кунларда республиканинг барча вилоят, туманларида ёшу қарининг оммавий равишда пахта даласига ҳайдалиши фикримизга мисол. Қарши шаҳридаги 61 ёшли холам нафақада бўлишига қарамай пахта теришга мажбурланмоқда. Кеча телефонда гаплашдим холам билан, агар пахта теримига чиқмаса ўғиллари ишдан ҳайдалар экан. Баъзиларни пахта теришдан бош тортгани учун қамаб ҳам қўяётган экан. Холам,13 ёшдаги неваралари мажбур пахта теримида. Ўзига тўқ оилалар пул бериб, пахтадан қутилиб қолаяпти, лекин камбағаллар нима қилсин. Касалми, қарими кучи бор ёки йўқ пахтани териб беришга мажбур, дейди Наргис.

Жаҳондаги энг репрессив мамлакатлар қаторидан ўрин олган Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилгани боис ҳуқуқ ҳимоячилари хориж ширкатларини бу мамлакат пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилишга чақириб келади.

Зулфия