O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда тақиқланган “Нафс”филмининг продюсери экстрадиция қилинмайди

Ўзбекистонда тақиқланган “Нафс”филмининг продюсери экстрадиция қилинмайди
220 views
10 August 2013 - 19:18

130810165926_hamodqoriev_464x261_bbc_nocredit

Ўзбекистон хавфсизлик ҳодимлари уни кутаётганларини эшитиб Ҳамидқориев кеча икки қўлидаги томирларни кесган.
“Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази билдиришича, 10 июл куни Россия полицияси Мирсобир Ҳамидқориевни Ўзбекистон сўровига биноан ҳибсга олган.
7 август куни Головинская туманлараро прокуратураси Ҳамидқориевни Ўзбекистонга топширишга асос йўқлиги боис ҳибсдан озод қилган.
Бироқ ўша куни кечқурун Войковский туман ИИБ ходимлари томонидан қайта ҳибсга олинади.
Айтилишича, унинг миграция ҳужжатларида қонунбузарликлар аниқланган.
Олдинроқ, 36 ёшли Ҳамидқориев ватанига депортация қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.
Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда 2011 йил диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланиб қидирувга берилган.
Ҳамидқориев ҳимоячиси Илларион Васильевнинг Би-би-сига айтишича, айни пайтда ҳужжатлар ўрганиб чиқилган, полиция томонидан тушунмовчилик бўлгани айтилиб, Ҳамидқориев озод қилинган.
Илларион Васильев: Уни хозир озод этишган, у машинага ўтириб номаълум томон жўнаган. У Войковский РОВД биносида чиқаётганида уни славян миллатига ўхшаш икки шахс кутиб олган. Назаримда, улар Россия хавфсизлик хизматларидан бўлишган. Изоляторда мен уни бориб кўрганимда, у ерда иккита номаълум ўзбекни кўрдим, эҳтимол улар Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимлари бўлишлари мумкин. Уларни Ҳамидқориев тақдири ўта қизиқтитиради, деб ўйлайман. Ўзбекистонда Ҳамидқориев икки эктремистик ташкилотнинг таъсис этилишида айбланмоқда. Лекин менинг наздимда у ҳақиқий ўзбек диссиденти, ижодий зиёлилар гуруҳига кирган шахс. У менда жуда ижобий тасаввур қолдирган. Шуни айтишим керакки, бошиданоқ прокуратурага топширилган ҳужжатнинг ҳақиқийлиги шубҳа туғдирган. Чунки унда миграция ҳужжат берган ташкилотнинг муҳри ҳам, ҳеч қандай рақам ҳам бўлмаган. Ўзбекистон ҳукумати шу тариқа сохта ҳужжат билан ўзига керакли қидирувдаги шахсни чақиртириб олмоқчи бўлган.
Би-би-си: Нима сабабларга асосланиб, унинг эктрадициясини Ўзбекистон томони талаб қилаяпти деб ўйлайсиз?
Илларион Васильев: Уни экстрадиция қилиш талаби Ўзбекистондан келган, менинг қўлимда барча ҳужжатлар жамланган. Ҳамидқориев Ўзбекистонни кутилмаганда тарк этган шахс сифатида Ўзбек хавфсизлик хизматларидан қўрқишига асос бор. У ўз ватанида диний экстремизмда айбланиб, гуёки у ўз тарафдорлари билан “Ислом жиҳодчилари” ташкилотини яратган ва мамлакатнинг иқтидорли элитаси билан конфликтга тушган. У Ўзбекистонда ҳозирда маън этилган “Нафс” филмини ишлашда иштирок этган. Унинг акаси ҳам ҳозирда қамоқхонада, бу фактларни билиб туриб ва Ўзбекистон хавфсизлик ҳодимлари уни кутаётганларини эшитиб Ҳамидқориев кеча икки қўлидаги томирларни кесган. Бу унинг ночорликдан бу амалга қўл урганини англатади.
Би-би-си: Сиз ҳимоячи сифатида энди қандай ҳаракатларни кутаяпсиз, Ҳамидқориев нима қилмоқчи?
Илларион Васильев: Жуда кўп ҳолатларда биз озодликка чиқарган Ўзбек фуқароларини кейин ўғирлашади ва Ўзбекистонга олиб кетишади. У Россиядан сиёсий бошпана сўраган бўлса ҳам, биз Ҳамидқориевни учинчи мамлакатга олиб чиқмоқчимиз. Чунки ишонишимизча, Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари орасида ёзилмаган шартнома бор. Россия ходимлари бизнинг мижозларимизни Ўзбек ҳамкорлари яширинча Ўзбекистонга олиб чиқишларига кўз юмадилар. Лекин халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари мунтазам равишда поймол этилаётгани тан олинган.
Режиссёр диний гуруҳга ҳақиқатдан алоқадорми?
Ўзбекистонда собиқ продюсерга 2011 йил 3 январда сиртдан жиноий иш қўзғатилган.
2011 йил 1 апрелда қидирувга берилган, 7 июнда Россия ИИВ федерал қидирув хизмати рўйхатига киритилган.
Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари ишонишича, 2009 йил Ҳамидқориев бир гуруҳ тошкентликлар билан “Ислом жиҳодчилари” террористик гуруҳини тузади.
Уларга кўра, гуруҳ таркибига таниқли спортчилар, санъаткорлар, киночилар, тадбиркорлар кириб, қидирувдаги Нурилло Саидхўжаев томонидан бошқарилган.
2011 йилда интернетда эълон қилинган мақолада айтилишича, гуруҳ таркибида киноактёр Фаррух Соипов, бастакор Азиз Холмуротов, мусиқачи Сурат Қосимов, кинооператор Темур Примқулов ва бошқа кишилар бўлган.
Ўзбекистондан чиқиб кетишга улгурган Ҳамидқориев ва спортчи Улуғбек Шукуровга қидирувга берилади.
“Мемориал”га кўра, “Ислом жиҳодчилари” диний гуруҳига алоқадорлик билан жами 40 киши ушланган, кейинчалик уларнинг 30таси пора эвазига озодликка чиқарилган, қолган 9 киши, жумладан Ҳамидқориевнинг акаси ҳам узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.
Айбланганларнинг бир қанчаси Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилган “Нафс”филмининг ижодкорлари бўлишган.
Ҳамидқориев ҳимоячисининг айтишича, 40 киши, жумладан Ҳамидқориевни “экстремистик ташкилот” га алоқадорликда айблаш сохта бўлиб, айбланганлардан бири президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан жуда яқин алоқада бўлиб келган.
Дўстларининг маслаҳати билан у Гулнора Каримова билан алоқани узганидан сўнг, бу диний айбловлар ўйлаб топилган.
Ҳимоячи Илларион Васильевнинг келтиришича, Ҳамидқориев Тошкентда 1,5 миллион долларлик мол-мулкидан айрилган. Унга тегишли “Мир электроники” дўкони олиб қўйилган.
Ҳамидқориевнинг хотини “Мемориал”га айтишича, эри намоз ўқиса ҳам унинг диний гуруҳга алоқаси “умуман ақлга сиғмайдиган гап”

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/08/130810_cy_hamidqariyev_deportation_russia.shtml