O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақининг қанча экани расман маълум қилинди

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақининг қанча экани расман маълум қилинди
203 views
15 December 2017 - 17:02

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўртача иш ҳақи бугунда 1 миллион сўм 346 сўмни ташкил қилади.

Қўмитага кўра, ойлик иш ҳақининг айни кўринишдаги ўртача миқдори жорий йилнинг январидан сентябригача бўлган даврни кўзда тутади.

Бу каби тафсилотлар Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси вакиллари иштирокида 14 декабрь куни Халқаро Пресс-клубнинг Тошкентда бўлиб ўтган йиғини чоғида маълум бўлган.

Расмий хабарларга кўра, эълон қилинган мазкур рақамлар Ўзбекистонда ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан ўртача иш ҳақининг 14.2 фоизга ошганига далолат қилади.

Сўнгги янгиликка муносабат билдирган риштонлик фаол ва журналист Баҳодир Элибоевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, “бунча миқдордаги ойликка яшашнинг имконсизлигини уларнинг ўзлари ҳам билишади”.

Ўртача ойлик…

“Мисол учун, ўртача иш ҳақи оладиган бир давлат ишчисини оладиган бўлсак, ҳисоблагични олиб ташлаб, ойлик тўловига ўтган бўлса, 250 минг сўм газга тўлайди. 100 минг сўм атрофида “свет”га тўлайди. Ахлатга, сувга 20 минг сўм тўлайди. Бир қоп унни ўзингиз кўраяпсиз, баҳоси 100 минг сўмдан ошиқроқ бўлиб турибди. Кийим-кечакларни кўраяпсиз, нархи осмонда… Албатта, бу битта ўзига. Яна у пластик: Бу “подоход”дан кейин, яна обуна, деган нима бор, ундан кейинги юкланмалар яъни…”профсоюз” ва ҳоказо…Ушланмалардан қўлингизга тегадигани 1 миллион 900 минг сўм бўлиб қолади, у 1 миллион 300 сўм бўлган тақдирда ҳам…”, – дейди бу суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, “ҳозирда давлат ишида ишлаётганлар, айниқса, шифокорлар, ўқитувчилар, боғча тарбиячилари ростдан ҳам танг аҳволда қолишган”.

“Лекин нима қилишсин, қўлларидан бошқа бир иш келмайди”, – дейди у.

“Кейин бизда яширин иқтисодимизни кучайтириб берадиган бир табақа бор. Уларнинг олдида мен, керак бўлса, доимо бош эгиб келаман. У – “россиячилар”. Қўлидан бир ҳунар, иш келадиган одам Россияга бораяпти ва уйига ойида камида, йўқ деганда, 300-400 доллар жўнатаяпти. Ташқарига бориб, ишлаб келаётганларнинг ҳисобига ҳам, халқимиз анча яхши яшаяпти”, – дея қўшимча қилади бу суҳбатдошимиз.

Унга кўра, ҳозир “агар 3 миллион сўм ойлик маоши олса, бу Ватан ростдан ҳам ўзимизники бўлибди, дея ҳамма фахрланиб гапира олади”.

Ўзбекистонда маошлар, нафақалар, стипендиялар ва имтиёзлар сўнгги бор 1 декабрда оширилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрда имзолаган фармонига кўра, бу миқдор ўртача 15 фоизни ташкил этган.

Бу – Мирзиёев президент этиб сайланган ўтган декабрь ойидан буён Ўзбекистонда маошларнинг илк бор оширилиши бўлганди.

Аммо

Ўзбекистонда аҳоли маошларнинг ошиши ҳақидаги янгиликни кўпинча хавотир билан қарши олади, сабаби нарх-навонинг ошиб кетишидир.

Маошлар билан бирга, баъзан эса маошлардан аввалроқ нафақат бозордаги маҳсулотлар, балки коммунал тўловлар ва жамоат транспорти нархлари ҳам кўтарилади.

Қиш мавсумида эса газ ва электр тақчиллиги оилалар зиммасига хонадонларни иситиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни ҳам юклайди.

Мутахассисларга кўра, сўнгги йилларда Россиядан меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолган.

Аммо рублнинг қадрсизланиши Ўзбекистонга юборилаётган маблағларнинг камайишини англатади.

Ҳукумат бу каби вазиятда сўмнинг қийматини ушлаб туриш учун қандай чоралар кўришни режалаётгани маълум эмас.

Россия иқтисодининг секинлашиши ва ғарбнинг Москвага қарши жазо чоралари Ўзбекистондаги аҳоли даромадлари ва инфляцияга қандай таъсир кўрсатиши борасида расмий ҳисоб-китоб ва башоратлар ҳам мавжуд эмас.

Юз минглаб ўзбек оилалари кундалик тирикчилик учун Россияда ишлаб топилаётган пулларга қараб қолган.

Федерал Муҳожирлик Хизматининг билдиришича, ҳозир Россиядаги ўзбек муҳожирларининг сони расман икки миллионга яқин.

Бу МДҲ давлатлари орасида энг катта рақамлардан бири бўлади.

“Яшаш учун энг қиммат”

Numbeo портали тузган 2016 йилги “Cost of Living Index” рейтингида Ўзбекистон яшаш қиммат бўлган давлатлар рўйхатидан ўрин олган.

112 давлатдаги истеъмол нархлари, турар-жой ижараси ва озиқ-овқат ҳамда аҳолининг харид қобилияти сингари омиллар ҳисобга олинган рўйхатда Ўзбекистон 51-ўринни эгаллаган.

Шу тариқа Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида яшаш учун энг қиммат мамлакат деб топилган.

Тадқиқотга Нью-Йоркдаги нархлар асос қилиб олинган.

Унда масалан, Нью-Йоркдаги нархлар 100 фоиз деб ҳисобланса, 70 фоизлик индексни эгаллаган мамлакатдаги нарх-наво Нью-Йоркка нисбатан 30 фоизга арзон деганидир.

120 фоизлик индекс эса харажатлар 20 фоиз кўплигини англатади.

Рейтингга мувофиқ, Ўзбекистондаги нархлар Нью-Йоркдаги умумий нархларнинг 44,67 фоизини ташкил этган.

Мисол учун, Қозоғистонда бу нисбат 26,82, Озарбайжонда эса 28,93 фоизга тенг.

Ўтган йилги рейтингда Ўзбекистон 55,92 фоиз кўрсаткич билан 59-ўринни эгаллаганди.

“Cost of Living Index” га кўра, дунёнинг яшаш энг арзон бўлган давлатлари Ҳиндистон, Молдова ҳамда Покистондир.

ЎХҲ хабарлар бўлими