Кейинги кунларда Фейсбукдаги ёпиқ гуруҳлардан бирида Тошкентда яшовчи аёлнинг Ўзбекистон президенти в.б. Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ёзган мурожаати ҳақидаги пост кенг муҳокама қилинмоқда. Мурожаатда пойтахтдаги 64-мактабда ўқитувчиларнинг етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш сўралган. Пост муаллифи – ўқувчи онасининг ёзишича, ўқув йили айрим ихтисослашган ўқитувчилар, жумладан, алгебра, геометрия ва физика ўқитувчиларисиз бошланган. Бошқа ўқитувчилар 2-3 ой ишлаб, ўқув йили ўртасида ишдан бўшамоқда. Шикоят халқ таълими Тошкент шаҳар бошқармасига “туширилган”, аммо мактабдаги вазият ҳали ҳам жиддийлигича қолмоқда.
Тошкентлик бу онанинг постига бир неча кун ичида мингдан фикр-мулоҳаза билдирилди. Бунинг ортидан Ўзбекистондаги мактабларда ўқитувчиларнинг етишмаслиги ҳамда таълим тизимида ўзбекистонликларни хавотирга соладиган бир талай муаммоларнинг борлиги ошкор бўлиб қолди. Уларни муҳокама қилишда ўқувчиларнинг ота-онаси билан бирга ўқитувчилар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўқитувчилар – бир бор, бир йўқ
Ўзбекистонликлар мактабларда асосий фанлар бўйича ўқитувчиларнинг йўқлиги шароитида фарзандлари олаётган таълим сифатидан хавотирга тушмоқда.
“Бизда жисмоний тарбиячи параллел тарзда бошланғич синфни бошқаради. Иккинчиси эса географияни”, – деб ёзади Н.Н.
“151-мактаб. Ўқитувчилар етишмайдигина эмас, балки улар умуман йўқ дейиш мумкин. 6-синфлар эса биринчи ёки иккинчи смена эмас, умуман қўшимча сменада ўқишади. Ҳеч ким қўшимча смена вақтида ўқитгиси келмайди. Болалар кўчада юради”, – деб нолийди С.А.
“Бизда ҳам шу аҳвол. Ўтган йили асосий фанлар– алгебра, геометрия, рус тили ва адабиёти, география бўйича ўқитувчи йўқ эди. Бу йили топишди шекилли. 145-мактабдаги гап бу”, – дейди Н.К.
“Мен ўқитувчилик қиладиган мактабда ҳам, афсуски, ўқитувчилар етишмайди – эълон ҳам берилди, деярли уйма-уй юрилди. Одамлар мактабда ишлагиси келмайди, дипломи бўлса чанг босиб ётибди. Ҳатто институтга бориб, талабаларга тажриба тўплаш учун бир неча соатдан ишлашни таклиф қилдик. Йўқ, ҳеч ким хоҳламайди!” – деб маъқуллайди Л.И.
Гуруҳ қатнашчиларининг гувоҳлик беришича, педагогик кадрларнинг етишмаслиги ўрта махсус ўқув юртларида ҳам мавжуд. “Коллежимиздаги “европейский” (русийзабон – “Фарғона” изоҳи)гуруҳларда иқтисодиёт, инглиз тили, рус тили, информатика, ҳарбий таълим бўйича ўқитувчилар йўқ”, – дейди Н.И.
Кўпчилик фикр билдирувчиларнинг ёзишича, айниқса русийзабон ўқитувчилар етишмайди. Бунинг устига ҳозирда рус тилида ўқитиладиган синфларга бораётган ўзбек болалари жуда кўпайган. Олий ўқув юртларида эса ғалати “ислоҳотлар” ўтказилаётгани туфайли ўқитувчиларнинг етишмаслиги муаммоси ечилмаяпти, балки баттар жиддийлашмоқда.
“Педуниверситетда талабалар сонини икки баравар қисқартиришди, демак кадрлар ҳам икки баравар кам бўлади… Бюджетда ўқийдиган талабалар контрактчилардан 3 баравар кам. Контрактчилар эса диплом учун ишлаб бериши шарт эмас. Европотокка квоталар қисқарди. Илгари гуруҳга 20 та талаба олинарди, энди 10 та бўлди. Тўлай оладиганлар ўқишга кирмоқда. Ўқиб, ишлаш истагида бўлганлар четда қолмоқда”, – дейди В.У.
“Бу йили барча олийгоҳларда магистратурада “европейский” группаларни ёпишди. Нимага? Сабаби ўша-ўша – ўқитадиган одам йўқ. Бакалавриатда ҳам бир нечта фан ўзбек тилида ўқитилмоқда, чунки русийзабон ўқитувчилар йўқ”, – деб нолийди И.Р.
Маош кам, йиғимлар кўп
Ижтимоий тармоқ аъзоларининг қайд этишича, Ўзбекистондаги педагогик олийгоҳларнинг аксарият битирувчилари мутахассислиги бўйича ишга кирмайди. Бунинг сабаби кўп, булардан бири – ўқитувчиларнинг маоши камлигидир. Битта ставкага 600-700 минг сўм (“қора” бозор курси бўйича $100 атрофида) тўлашади. Аммо ёш мутахассисларга фақат 0,5-0,75 ставка берилади. Қўшимчалар ҳам бор: 5 йил ишлагандан сўнг тоифа учун қўшимча, синф раҳбари бўлганлик учун, қўшимча соатлар, кун узайтирилгани учун қўшимчалар бор. Бу қўшимчалар билан ҳам тажрибали ўқитувчи кўпи билан 1-1,2 миллион сўм олади. Барча ўқув юртларида маош пластик карточкага ўтказилади, улардан фақат дўкон ва терминалларда фойдаланиш мумкин. Аммо улардан нақд пул олишнинг деярли иложи йўқ.
Бундан ташқари, ўқитувчилар мажбурий тартибда газетага ёздирилади, канцелярия молларини сотиб олиши керак ва мактабнинг турли эҳтиёжлари учун пул йиғилади, шу зайлда маошнинг деярли 10 фоизи ушлаб қолинади.
“Мана, олийгоҳни тугатиб, мактабга ишга кирдим, менинг фаним учун туманимизда фақат 0,5 ставка бор экан, бошқа туманга бориш ўзини оқламайди, бошим оғриб уйга қайтаман, доимий асабийлашиш… яна пахтага, обунага пул йиғишлар. Ҳали бирор марта маош ҳам олганим йўқ, униям 70 фоизи пластикка, ёзув-чизув ишлари кўп, навбатчилик, тозалаш, шанбаликлар, дам олиш куни йўқ, иш куни соат 16 гача, аммо барибир уйда ҳам дафтарларни текшириш керак. Шундай қилиб, 23 ёшга кирганда ўйлаб қоласан: шу нарса менга керакми – 300-400 минг учун соғлиқни йўқотиш, шахсий ҳаётдан маҳрум бўлиш, шу мактаб ғамида яшаш?” – деб ёзади Т.К.
“Сиз бир кунгина ишлаб кўринг! Ҳозир ҳамма мактабдан қочяпти! Қанча қоғоз чиқариш керак, унга йиғ, бунга йиғ, ҳаммаси маошдан кетади. Қанақадир фондга йиғилса, ўқитувчилар ҳам четда қолмайди. Очиқ-ойдин айтишади: маошни олдингми, анавинга тўла, манавинга тўла. Нимага ўқитувчи маошини қолдириши керак, нимага шунча қоғозга сарфлаши керак?.. Арзимаган маошга бир дунё нарсани талаб қилишади. “Педнагрузка”ни айтинг, маҳаллаларда юрамиз, ўқувчиларни ортидан чопамиз”, – деб нолийди Г.Ф.
“Биздан фото ҳисоботлар, презентацияли дарс ўтиш талаб қилинади, аммо давлат мени фотоаппарат, компьютер, телевизор, электрон доска билан таъминлаганми? Директор буларни ота-оналар ёрдами билан сотиб олишга мажбурлайди. Қандай қилиб? Биз учинчи марта тилхат ёздик, ота-оналардан пул йиғмаймиз, акс ҳолда ишдан бўшаймиз, деган маънода… Демак, техникани ўқитувчи ўз маошига сотиб олиши керак. Буниси ҳам майли, дарсга ўз ноутбукимни олиб келувдим, хўжалик бўлими мудири дарҳол уни мактаб балансига ўтказиб қўйди”, – деб аччиғи чиқади А.Н.
Яна бир иштирокчи қўшимча қилади: “Мен ўқитувчи эмасман, аммо олийгоҳда дарс бераман. Биз республика форматидаги ҳар бир мақола учун 50 минг [сўм] берамиз, халқаро форматдаги мақолага эса – $200. Бир йилда 5-6 та мақола чиқариш керак. Мен ўқув-услубий мажмуаларни айтмаяпман, уларнинг ҳажми 200-400 саҳифадан ошади, уларни ўз ҳисобимиздан чиқаришимиз керак”.
“Муайян” мажбуриятлар
Кўпчилик фикр билдирувчилар Ўзбекистонда ўқитувчиларга юкланадиган қўшимча мажбурият ва топшириқлар ҳақида ёзишган – буларга пахта теримига чиқиш, шанбаликлар, мактаб ҳудудини ва атрофдаги ҳовлиларни тозалаш ва ҳоказолар киради. Ёз пайтида ўқитувчиларга таъмирланган биноларни тозалаш мажбурияти ҳам юкланади.
“Таътил пайтида ҳаммасини ўзимиз қилдик, ҳаттоки ҳомиладор ходимимизни ҳам директор ойна ювишга жўнатди”, – дейди К.С.
“Бизни эса узумни бутоқ қилишга жўнатишди! Дарслар қолиб кетгани билан ишлари йўқ. Нима қилсангиз қилинг, керак бўлса уч сменада ишланг”, – қўшимча қилади Ю.Х.
Ўқитувчилар бундан ташқари кўплаб ҳисоботлар, режалар ёзиши, услубий ва тарқатма материаллар ишлаб чиқиши, тўгарак ва қўшимча дарслар ўтказиши, дам олиш ва таътил кунларида турли навбатчиликларда туриши керак. Бунинг эвазига раҳмат ҳам эшитишмайди. Бунинг устига, ҳар қандай вазиятда ҳам ўқитувчи айбдор қилинади:
“Болани ўз вақтида олиб кетишмаса, ўқитувчи қараб ўтириши керак.Суткасига 24 соат, йилига 365 кунлик тўхтовсиз масъулият юкланган. Бит ёки гижжа топилса, ота-онани эмас, ўқитувчини жаримага тортишади. Сариқ касали ёки эпидемиями – ҳамма жарима ўқитувчидан”.
“Бола ўз уйининг ҳовлисида ким биландир муштлашиб қолдими, ўқитувчига ҳайфсан берилади, энди ўқитувчи участка милиционери кабинети ёки РОВДда соатлаб ўтириши керак. Ота-онадан талаб қилишмайди, негадир ўқитувчидан талаб қилишади!”.
Текширув устидан текширув
Шу билан бирга ўқитувчиларнинг фаолиятини мунтазам равишда турли текширувчилар – Молия вазирлигидан, Халқ таълими вазирлигидан келиб текшириб туришади ва жарима солиш учун иложи борича “қилдан қийиқ ахтаришади”.
“Бизни атайлаб мактабдан сиқиб чиқаришаётгандай тасаввур уйғонади. Қаерга қарасанг ҳисобот, протокол кўчирмасидан протколларнинг протоколи сўрашади. Сентябрдан бошлаб кунора текширувчилар келиб турибди, ҳаммасига пора бериш керак. Мактабда болалар ортиқчалик қилиб қолган. Дафтар текширишга вақт йўқ – ота-оналар билан, ўқувчилар билан алоҳида суҳбат протоколлари, синфдан ташқари тадбирлар протоколларини ёзиш керак, яна дарс режалари, соатлар бўйича ҳисобот ва бошқалар бор. Яна икки-уч йилдан кейин фалокат бошланади. Услубий ёрдам бериши керак бўлган саводсиз текширувчилар ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ўрнига босим ўтказмоқда. Бундан мақсад майда хатоларни топиб, пул олишдир”, – тахмин қилади А.Н.
“Мактабдан қочишнинг яна бир сабаби шуки, текширувлар, кераксиз ҳисоботлар билан қийнаб юборишди. Текширувчилар келади, уларга сен дарсни қандай ўтишингнинг аҳамияти йўқ, уларга қоғозлар керак! Осмондан олиб ёзиш мумкин бўлган ҳисоботларни сўрашади, замонавий тарздаги дарслардан фото-ҳисобот сўрашади, уларга синф хоналари жиҳозланганми, ўқитувчилар зарур нарсалар билан таъминланганми, қизиғи йўқ! Мактабдаги ўқитувчи бу фаррош, хизматкор, пул йиғувчидир”, – дейди алам билан Т.П.
Ким ўқитувчи бўлмоқчи?
Ўзбекистонда ўқитувчи касби ўз обрўсини йўқотиб бормоқда, дейишмоқда интернет фойдаланувчилари. “Ўқувчилар болалигиданоқ ўқитувчиларнинг ночор аҳволини кўришади – улар кейин педагог бўлишга қаердан интилишсин?” – дейди улардан бири.
Шуниси равшанки, Ўзбекистондаги таълим тизими носоғлом ва самарасиздир. Унинг устига, ўқитувчиларнинг айтишича, вазият жар ёқасида турибди. Амалдорлар шу пайтгача буни пайқамасликка ҳаракат қилмоқда. Улар уқувсиз қарорлар қабул қилиб, ўқитувчиларга ўз фаолиятидан ташқаридаги топшириқлар бериб, тизим эҳтиёжини ўз чўнтагидан қоплатиш учун безбетларча уларнинг ҳамёнига қўл урмоқда.
“Ўқитувчи камситилган ҳолатда бўлмаслиги керак – ўшанда уни ҳеч ким ҳақорат ва хафа қила олмайди. Ўқитувчиларни пастга уриш – бугунги таълим тизимининг тактикасидир. Маошни кечиктиришади ва қисқартиришади, доим тўлов квитанцияларини талаб қилишади, бир қарасанг психиатр кўриги, бир қарасанг мактабни таъмирлаш. Форма талаб қилинади. Ким киймаса – ишдан ҳайдалишгача жазоланади. Бунақа аҳмоқликни ким ўйлаб чиқарган бўлса, ўша таълимнинг барбод бўлганига жавоб берсин”.
“Супуришни хизматкор қилса, қоровул – қўриқласа, деҳқон пахта етиштирса, статистлар уйма-уй юриб маълумот йиғса, ота-оналар ўз болаларига тарбия берса, ўшанда ўқитувчилар ҳам топилади. Бунақада, кечирасиз-у, ҳам тикувчи, ҳам ўроқчи, ҳам сурнайчи бўлиш учун ҳеч қандай маънавий ва жисмоний соғлиқ етмайди. Маошлар ҳозиргидан кўпроқ бўлган тақдирда ҳам”.
Бу сўзларга қўшимча қилишга гап йўқ. Ўзбекистон таълим тизимининг эртанги куни, демак, бутун мамлакатнинг эртанги куни бу сўзларга қулоқ солиш-солмасликларига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Манба: “Фарғона”АА