O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонда қайси тил тийилиши керак?

Ўзбекистонда қайси тил тийилиши керак?
615 views
20 August 2021 - 10:42

Кун.уз журналисти Илёс Сафаровнинг кимлар учундир ноқулай саволи яна тил масаласини юзага чиқарди. Индамай тургандим, қарасам, ғирромликлар бошланяпти – унга карши кутилмаганда диний воизлардан бири асоссиз гаплар ва туҳматларни айтиб чиқибди, энди жим туролмадим, узр.

Воизнинг вазиятни Афғонистон, Қирғизистон ва яна қандайдир сиёсий масалаларга боғлаши ҳақида гапирмайман (ҳаёлнинг ҳар парвози муҳокамага арзийвермайди), оддийгина факт – рус тили ўқитувчисини гидрометерология мутахассиси деб, ваъзини шу ёлғон устига қургани ҳамма нарсани очиқ англатиб турибди. Ё депутатнинг мутахассислигини билмайдими (яхши гумон)? Билмаса, нега гапиради? Билса, нега алдайди?

Илёс қонундан ташқарида бир иш қилмади. Айримлар айтаётгандек, бемаврид ҳам гапирмади. Ҳар қандай тадбир тил воситасида амалга оширилар экан ва у ерда Давлат тили тўғрисидаги қонун талабига риоя этилмас экан, у ҳақида гапириш ҳеч қачон бемаврид бўлмайди. Чунки бу ҳолатга барҳам берилиши, Қонун талаблари бажарилиши керак. Буни талаб қилишда фитна кўрганларнинг ўзи фитнакордир.

Бизнинг давлат тили таълими ва мутахассислар бўйича муаммоларимиз ўзимизга маълум. Ўзбек тилида илмий тафаккур ривожланмаётгани ҳақида кўп вақтдан бери куюниб гапирамиз. Лекин бу масалалар ҳал бўлгунича тадбирлар ширу-шакар тарзида ўтавериши керакми? Таржимонлар хизматига нега мурожаат қилинмайди?

Гидрометерологлар ўз ишини қиляпти, журналистлар ҳам. Уларни бир жойга чақирганда, давлат тилида мулоқот қилишларини ташкилотчилар таъминлаши керак. Давлат тадбирига келаётган ҳар қандай масъул шахсга тадбирнинг давлат тилида ўтказилишини эслатиши, таржимон зарурати борми-йўқлигини билиши, умуман, тадбир тили деган талабни ҳеч қачон эътибордан қочирмаслиги лозим. Чунки давлат тадбирларининг давлат тилида ўтказилиши шартлиги – қонун талаби!

Бизда рус тилидан ўзбек тилига синхрон таржима қилиб тадбирларни ўтказиш анъанаси йўқ, ўйламаймиз бу ҳақида, рус тилида бўлса, таржима қилмаса ҳам бўлаверади деймиз. Қонунда давлат тилида ўтказилсин, заруратга кўра  таржима таъминлансин, халқаро тадбирларга фақат истисно дейилганми, шундай қилиниши керак! Илёс савол берган тадбир давлат тадбиримиди – ҳа! Халқаро тадбирмиди – йўқ!

Энди Илёсдан миллатчи, фитна қўзғовчи ва яна аллақандай олабўжи ясашга уринмаган маъқул. Бизга бу можаронинг узоқ давом этиши ҳечам керак эмас. Бу ҳодисадан сабоқ чиқарайлик, яшашда давом этайлик. Эшикда Мустақиллик байрами турибди, уни уйғун, тотув, якдил жамият ўлароқ муносиб кутиб олайлик.

Shahnoza Soatova

Манба: Facebook.com