Процессуал қонунчиликка кўра агар фуқаро бирор бир даъво юзасидан суд чиқарган қарорга норози бўлса ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун адвокат иштирокида айни судга ёки юқори инстанциядаги судга аппелаяция ва кассация тартибида шикоят қилиши мумкин. Бу барча ҳуқуқ тизимлари учун таълуқли бўлган норма саналади ва қарор чиқаришда биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тўғирлаш имконини беради.
Ўзбекистон маҳаллий ОАВ ёзишича, 2000 йилда шикоят қилинган суд қарорларининг деярли ярмида хатолар аниқланиб назорат тартибида тўғирланган бўлса, 2013 йилда суд хатоларининг аппелаяция ва кассация тартибида тўғирланиши билан боғлиқ ҳолатлар 83%ни ташкил қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Суди раиси Бўритош Мустафоев маълум қилган.
Эътиборли томони аппелаяция ва кассация тартибида кўриб чиқилаётган ишларнинг гўёки биринчи инстанция судига нисбатан янада адолатлироқ тарзда кўриб чиқилиши ва бунинг ижобий ҳолат сифатида кўрсатилишидир. Ҳар ҳолда Олий Суд раиси Мустафоев назарида шундай.
Бироқ, суд хатолари деганда нима тушунилишига аҳамият бериладиган бўлса келтирилган кўрсаткич моҳияти тубдан ўзгаради. Хусусан, юқорида таъкидланган суд хатолари сифатида қонунчиликка кўра – биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриб чиқиш вақтида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши тушунилади. Мазкур нормаларнинг бузилиши ҳолати эса ўз-ўзидан биринчи инстанция суди чиқарган қарорнинг ноқонунийлигини англатади. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Бўритош Мустафоев таъкидлаётган 2013 йилдаги 83% суд хатоларининг аппеляция ва кассация тартибида тўғирланиши, аслида ўтган йили аппелаяция ва кассация тартибида шикоят қилинган биринчи инстанция судлари қарорларининг 83%и ҳақиқатан ноқонун нормаларига зид деганидир. Бошқа сўз билан айтганда, 2013 йилда шикоят қилинган 100 та қарордан атиги 17 таси қонуний бўлган.
Олий Суд раиси иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишларида озодликдан маҳрум қилиш ўрнига яраштирув имкониятларининг кенгайтирилгани, жиноят учун жазолар тизимидан мол-мулк мусодара қилинишининг жазо чораси сифатида чиқариб ташланишини, 2013 йилда озодликдан маҳрум қилинганлар сони 2000 йилдагига нисбатан икки баробардан ортиқ қисқарганини Ўзбекистондаги олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида эришилган ижобий ютуқ сифатида баҳолайди. Бироқ, таъкидлаш жоизки ҳар қандай жиноят ишида энг муҳими суд қарорининг ёки ҳукмининг қонун нормаларига зид бўлмаслигидир, зеро енгиллаштирувчи ҳолатлар ёки турли хил инсонийлик тамойилларига таълуқли нормаларнинг киритилиши ноқонуний чиқарилган ҳукм моҳиятига унчалик катта таъсир кўрсатмайди.
ЎХҲ ахборот бўлими