O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистонлик таниқли адвокат Полина Браунерг 69 ёшида оламдан ўтди

Ўзбекистонлик таниқли адвокат Полина Браунерг 69 ёшида оламдан ўтди
179 views
20 May 2017 - 8:13

Қароргоҳи Францияда жойлашган “Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси тарқатган хабарга кўра, Полина Браунерг етти кун олдин мияга қон қуйилиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

“Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилган таниқли ҳуқуқшуноснинг тиббий кўрикка муҳтож бўлгани, даволаниш учун хорижга чиқишга ҳаракат қилганида ҳукумат расмийлари томонидан монеъликка дуч келганини хабар қилган.

Охирги вақтларда ҳатто Тошкент вилояти ҳудудидан ташқарига чиқишига қаршилик қилишгани ҳақида хабар беради “Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” гуруҳи.

Ассоциацияга кўра, Полина Браунергнинг хорижга чиқиш визаси аризасига 2014 йилдан буён рад жавоби бериб келинган.

“Ўзбек ҳукумати адвокат Полина Браунергнинг ўлими учун масъул”, деб ҳисоблайди инсон ҳақлари ташкилоти.

Марҳум Браунерг хоним 1999 йилги Тошкент портлашлари маҳкамасида мухолифатдаги “Эрк” Демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг адвокати бўлган.

Шунингдек, у Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Фахриддин Тиллаев ва Нураддина Жуманиёзовларнинг манфаатларини судда ҳиоя қилган.

Полина Браунерг 2002 йили Ўзбекистонга борган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен билан учрашган, Ўзбекистондаги қийноқлар, аёлларнинг мажбурий стерилизация қилиниши, сиёсий тутқунлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистларга бўлган таъқиблар ҳақида БМТ маърузачисини хабардор этган.

Полина Браунерг вафоти муносабати билан АҚШнинг Тошкентдаги элчилиги таъзия изҳор этган.

“Америка Қўшма Штатларининг Тошкентдаги элчихонаси Олмалиқ шаҳридан адвокат Полина Браунергнинг 69 ёшида хаётдан кўз юмганлиги муносабати билан оиласига, дўстларига ва ҳамкасбларига ўзининг самимий ҳамдардлигини билдиради. Браунерг хоним ўз фаолияти давомида Ўзбекистон инсон хуқуқлари химоячилари ва бошқаларнинг манфаатларини химоя қилиб ўтди. Полина Васильевнанинг хотираси мангу яшайди ва унинг ишлари унутилмайди. У бизнинг хотирамизда абадий қолади”, дейилади элчилик ўз расмий веб-сайтида эълон қилган таъзияда.

Манба: Би-би-си Ўзбек