(“Азия плюс”га суҳбат)
Ўзбекистон армияси нақадар кучли? Қўшниларда халқ қўзғолони юз бериши мумкинми? Тожик чегарасида ўзбек қуролли кучларининг, зирҳли техниканинг пайдо бўлишига сабаб нима?
Ўзбекистон орқали ўтадиган наркотик трафигини ким назорат қилади? “Азия плюс” газетасининг бу саволларига Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Мухаммад СОЛИҲ жавоб берди.
– Яқинда Тошкентда махбуслар қўзғолони хақда хабар чиқди, гуёки бу қўзғолон кувват тизимлари тарафидан
шафқатсизларча бостирилган. Кейин бунинг антитеррор машқлари бўлганлиги маълум бўлди. Тошкент шаҳрининг марказида, одамлар яшайдиган маҳаллалар ичида бундай машқлар ўтказиш сизнингча нормалми?
– Бу машқлар МХХ тарафидан ташкил қилинган тадбирдир. Каримов ҳокимиятини ушлаб туришда асосан куч тизимларига суянади. Қизиғи шундаки, бу қувватларнинг ҳаммаси – жумладан армия ҳам – ички душман билан курашга мўлжаллангандир. Ички душман эса битта – ўзбек халқи. 2005 йил май ойида Андижонда бу “душман” ўққа тутилди.
Бугунги “машқлар” хам МХХ ва Ички Ишлар Вазирлиги энг аввало “ички душман” билан, халқ қўзғолони ва митингларни бостириш учун тайёргарликдир. Ислом Каримов ташқаридан бирор ҳужум кутаётгани йўқ. У халқнинг қўзғолишидан қўрқади ва буни кутади. Бу “машқлар” халққа “агар қўзғолсанг сенга зарба беришга тайёрман”, деб мускулларини кўрсатишдан бошқа нарса эмас. Шу боис, бу “машқлар” эълон қилинмасдан, халқни қўрқитиш учун, шахарнинг қоқ марказида ўтказилмокда.
– Кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистон армияси минтақадаги энг кучли ва кўпсонли армиядир. Сиз бу фикрга қўшиласизми?
– Туғри. Бу армия минтақадаги бошқа ўлкалар армиясига нисбатан кўп сонли ва яхши қуролланган. Аммо бу армия ҳали жиддий ва яхши ташкилотланган харбий куч билан юзма-юз келгани йуқ. Аскарларда маънавий-ахлоқий тамал йўқ. Душман билан курашиш учун мафкуравий мотив(туртки) йўқ. Уларда бу режим учун жангга кириш истаги йуқ.
– Тошкент ва Душанбе орасидаги муносабатларнинг навбатдаги совуш босқичида Ўзбекистон қўшинларини Тожикистон чегарасига олиб келаркан, муҳтамал қуролли конфликт хақда сўз юритила бошланди. Бу тахминлар нақадар ҳаётий сизнингча?
– Каримовнинг бу стратегияси Имомали Раҳмонни қўрқитиш ва уни ўзига бўйсундиришга йўналтирилгандир. Кейинги йилларда Тожикистон президенти мустақил ҳаракат қилиб, мустақил қарорлар қабул қила бошлади, айниқса, Рогун ГЭСи масаласида. Тожикистон чегарасига қўшин тўплаш акцияси, менимча, Россиянинг ижозати билан ташланган қадамдир. Кремлнинг изнисиз Каримов бу ҳаракатни қилишга журъат этолмасди. Россия ҳам Тожикистонни ўз жандарми (Каримов) воситасида тобе ҳолда тутишдан манфаатдордир. Тошкент бир тарафдан Вашингтон билан яқинлашса, иккинчи тарафдан Москва билан ҳам мулоқот қилиб қўйишни унутмаяпти, айниқса, Тожикистон режимини заифлаштириш масаласида.
– Сиз яқинда ВВС радиосига берган интервьюингизда Ўзбекистонда халқ қўзғолон кўтариши мумкинлиги хақда гапирдингиз, бу билан нима демоқчи эдингиз?
– Ўзбек халқида бу чириган, порахўрлар ҳокимияти билан курашишнинг бошқа йўли қолмади. Халқ қўлига қурол олиши мумкин. Бошқа усуллар ўзини оқламади. Сайловлар билан режимнинг ўзгариши хақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
– НАТО кўшинлари Афғонистондан чиқса, “Толибон” кучларининг Ўзбекистонга хужум қилиш тахликаси борми?
– Шундай бир эҳтимол бор. 90-йилларнинг охирида Ислом Каримов дунёни “Толибон” билан мулоқотга чақирганди, аммо НАТО қўшинлари Афғонистонга киргандан сўнг Каримов АКШ тарафга ўтиб, “Толибон”га қарши чиқа бошлади. Агар “Толибон” ҳокимиятга келса, Каримовдан ўч олишга уриниб кўриши аниқ.
– Нега қуролли гуруҳларнинг ўзбек-афғон чегарасидан наркотик олиб ўтишга уринишлари ҳақда хабарлар кўринмаяпти? Ўзбекистон чегараси шу қадар яхши қўриқланаяптими ёки ўзбек ҳукумати бу хусусдаги фактларни яшираяптими?
– Ўзбек ҳукумати наркотик ташувчи гуруҳлар билан ҳамкорлик қилади ва наркотикни қабул қилиб, бошқа ўлкаларга ўтказиб юборишади. Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати доим бу гуруҳлар билан бирга ишлаган. Улар наркотрафикдан катта пул қилишган. Бу иш бугун ҳам давом этмоқда. Шу боис, “наркотикчи қуролли гуруҳларнинг ўтишга уринишлари” хақда хабар ҳам бўлмайди. Улар узларига боғлик бўлмаган якка наркотикчиларни ушлаши мумкин, аммо асосан, “наркотик дахлизи” ҳамиша Ўзбек Махфий хизмати назорати остида бўлган.
– Ислом Каримов МХХнинг бу кирдикорларини билмайдими?
– Каримовнинг ўзи бу ишни назорат қилади. У бу дахлизнинг доим МХХ назоратида бўлишини текшириб туради.
– Кўп йиллардан бери халқаро таҳлилчилар Фарғона водийсида (водийга Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳудудлари ҳам киради) муҳтамал конфликт хақда башорат қилишади. Бундай конфликтга сизнингча нима сабаб бўлиши мумкин?
– Диктаторлар ҳоким бўлган минтақада қавмиятчиликка (этник асосга) таянган низолар юзага келиш таҳликаси доим бўлади. Чунки бу раҳбарларнинг ўзлари ахлоқан бузуқ инсонлар, этник жиҳатдан муаммоли кишилар. Уларда этник комплекс бор. Бу ўлкаларнинг раҳбарлари мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий бўхронларни “майда миллат”ларни сабаби қилиб кўрсатишга ўрганиб қолишган. Бу шахслар хокимиятда экан, минтақада этник низолар таҳликаси яшайверади.
“Азия плюс” газетасидан таржима
12.05.2012
(166)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (540-542-саҳифалар.)