O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистоннинг Бугуни ва Эртаси !

Ўзбекистоннинг Бугуни ва Эртаси !
151 views
27 January 2017 - 14:47

(Оммавий норозиликларни Тошкент шахрида пайдо бўлишидан кимлар манфаатдор ?)

Бугун орамизда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.Каримов йўқ. Динимиз ва миллатимизнинг улуғлари мархумларни ёмон сифатларини ёд этишни ман этадилар. Бироқ рахбарлар, шохларнинг ўлимидан тегишли ибрат олишни, кечаги кун тарихи сабоқларидан илм ўрганиш, тажриба орттиришни ва улардан тўғри хулосалар чиқаришни ўргатадилар.

Жонажон шахримиз азим Тошкент ахолиси ечимини кутаётган жуда қийин муаммоларга рўбарў келган.

Чуқур молиявий, иқтисодий ва маънавий инқироз оқибатлари олдида ёлғиз қолаётган Тошкент ахолисини ахволи бизни хавотирга солмоқда.

Муммолар ва инқироз кечаги кундан қолганлиги учун уларнинг сабабларини кечаги кундан изламоқ лозим.

Кечаги кунимиз эса эски Президент девони ва эски ўзбек хукумати фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.

Хавфсизлик, пул ва бахо сиёсатини асосан Марказдан, аниқроқ айтсак юқори турувчи саноқли амалдорлар томонидан белгиланиши ва амалга оширилиши хозирги инқироз ва муаммоларни келиб чиқишининг бош сабабидир. Ўз навбатида нима учун бундай сиёсат олиб борилганлигининг изохини мархум И.Каримов ўзи билан қаро ерга олиб кетди.

Янги Президент Аппарати ва янги хукумат амалдорлари юқоридаги сиёсат нима учун олиб борилганини изохлашдан ва унга бахо беришдан хозирча ўзларини олиб қочмоқдалар. Улар мавжуд муаммоларни эхтиётлик билан гапирмоқдалар, муаммоларнинг туғилиши сабабларини очиқлашга хозирча журъат қила олмаяптилар. Муаммоларга айбдор деб рахбар амалдорларни топиш сиёсатини олиб бормоқдалар. Шу ўринда рахбар амалдорларни тайёрлаш, тарбиялаш ва тайинлашда жиддий хатоларга йўл қўйилганлиги сезилиб қолмоқда. Амалдорлар ўз сиёсий қарашларига эга эмасликлари ва мустақил эмасликлари билиниб қолмоқда. Сўз эркинлиги, фикр эркинлиги, қарама-қарши фикрларга бепарволигининг, оммавий ахборот воситаларини тўртинчи хокимиятга айлана олмаётганлиги муаммолар устига яна муаммолар туғдирмоқда.

2015 йилдан бошлаб бизга мурожаат қилган Тошкент шахар бозорларида турли сохаларда фаолият олиб борувчи хусусий иншоатларга эга тадбиркорларнинг шикоятларини ўрганиб чиқмоқдамиз. Улар 100.000 га яқин фуқаролар манфаатларига дахлдордир. Шикоятлар ўринли ва асослидир. Тадбиркорларнинг имконияти, тоқатини инобатга олмасдан очиқдан очиқ молиявий талончиликдан иборат инфраструктура солиғи шикоятлар туғилишининг сабабчисидир.

2017 йилнинг дастлабки кунларида “Суил” хусусий корхонаси тадбиркорлари ва уларга ёнма-ён жойда тадбиркорлик қилаётган 67 нафар фуқаролар имзосини жамлаган очиқ хат мазмуни ва мохияти билан танишдик. Биз асосли, ўринли ва хақли норозилик билдираётган 67 фуқарога ўз хамдардлигимизни билдирамиз. Қўлимиздан келган барча имкониятларни уларнинг дардларига малхам бўлишига қаратамиз.

Уларга азоб бераётган давлат бошқарувидаги коррупцияни фош қилишда улар билан бирдамлигимизни билдирамиз.

Тошкент шахар прокуратураси прокурори З.Периева, шахар Прокурорининг 1 ўринбосари М.Мирзаев ва Тошкент шахар Хокими Р.Усмонов ўзбек давлатчилиги шаънига иснод келтирадиган харакатларни содир этдилар деб хисоблаймиз. Уларнинг содир этган харакатлари кимларнинг манфаатларига хизмат қилиши бизга хозирча номаълум. Шуни аниқ биламизки, улар қонунларга ва ахоли манфаатларига зиддир. Улар Ўзбекистон Конституцияси рухини ва мазмунини оёқ ости қилиб, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонун талабларини қўпол равишда бузиб, хусусий мулкдорларнинг молларига қўшиб жонларини хам суғуриб олмоқчи бўлаётган қора кучлар манфаатларига хизмат қилмоқдалар. Юқорида таъкидлаганимиздек тадбиркорларнинг имкониятларини, тоқатларини хисобга олмаган “солиқ” пардаси остида молиявий талончилик билан шуғулланишни истаётган амалдорларнинг ноқонуний харакатларидан панох излаган “Суил” хусусий корхонасини хужжатларидан айб топиб, уларнинг мол мулкларини яксон қилиб, ўзларини кўчага хайдовчи харакатлар содир этмоқдалар.

67 фуқароларни Ўзбекистон хукуматига бўлган ишончини йўқотиши ва бунга давлат бошқарувидаги коррупцияни сабаб қилиб кўрсатилиши катта сиёсий воқеадир. Инфраструктура солиғи бор-будидан махрум қилган бу норози инсонлар қаторига яна минглаб одамлар қўшилиши аниқ бўлиб турибди. Том маънода коррупция улар ва уларнинг оила аъзоларининг тинчлиги ва хотиржамлигига жиддий хавф солмоқда.

Президент Аппарати, Вазирлар Махкамаси ва бошқа тегишли давлат идоралари олдида Тошкент шахар фуқароларини тинчлиги ва хотиржамлигига масъул шахс -Тошкент шахар Хокими Р.Усмонов кимларнинг манфаатларига хизмат қилмоқда ? Очиқдан очиқ молиявий талончиликга учраган минглаб ўз фуқароларини нима сабабдан химоя қила олмаяпти, ёки уларнинг бошқа сиёсий сабаблари борми, ёки Тошкент шахринининг сиёсий мавқеи ачинарли ахволда қолганми?

Тошкент шахар ахолисини кўплаб норозиликларига сабаб бўлаётган навбатдаги ўта можароли масала бу нархларнинг кескин ўсиши, табиий газ, электр энергияси, иссиқ сув ва совуқ сув, ер ва мулк солиғидан тўпланиб қолган астрономик қарзлари муаммосидир. Айниқса табиий газдан ахолининг 0,5 триллион сўмча қарзи жуда хавотирлидир. Табиий газдан ахолининг қарзини қандай қилиб бўлса хам ундириш, хаттоки фуқароларнинг уй жойини соттириб бўлса хам ундириш истагида юрган амалдорларни ховурларидан тушишларини истаймиз. Аввало бу қарзларни қанчаси асослилигини, қанчаси асоссиз равишда қўшиб ёзилганлигини, газ нархларини паст баландлиги ахолини турли қатламларини сотиб олиш имкониятлари билан қандай боғланганлигини чуқур ўрганмоқ лозим. Акс холда ховурларини ўз вақтида боса олмаган амалдорлар ўзлари муаммога учраб қоладилар ва улкан норозиликларнинг сабабчисига айланиб қоладилар.

Юқоридагилардан ташқари чуқур молиявий, иқтисодий ва маънавий инқирознинг муаммолари бугун шахримиз ахолиси тинчлиги ва хотиржамлигига хавф солиб, халқнинг қуйидаги хақли норозиликларни туғдирмоқда:

1. Ўзбек сўмининг 1540 каррадан зиёд қадрсизланиши.

2. Асосий озуқа махсулотларини чакана нархларини 4000-7000 карра ошиши.

3. Ахолининг, Банкларнинг, давлат корхоналарининг нақд пулларини, айланма ва асосий маблағларини кескин қадрсизланиб йўқолиши.

4. Энг кам ойлик иш хаққининг инсонни камситувчи ва тахқирловчи даражада кам -130.000 сўм қилиб белгиланиши хамда шу сумма асосида нафақа олувчилар сонини ошиши.

5. Нафақа жамғармасига мажбурий тўловлар, товарлар, хизматлар тан нархини кескин ошириб юбориши, товарларни бозордаги рақобатга таъсир қилаётганлиги.

6. Прокуратура идораларига тақдим этилаётган Ариза ва Шикоятларни “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 7 моддаси талабларига зид холда прокурорлар тегишли Қарорлар қабул қилишдан бўйн товлаётганлиги.

Юқоридаги муаммоларни ва бошқа муаммоларни янги хукумат хеч бир эътирозсиз қабул қилиб олди.

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар, шу жумладар Ўз.Ли.ДеП нинг дастурларида ва амалий ишларида ушбу муаммоларни ечими тўғрисида бирон бир тайинли гап гапириш у ёқда турсин, муаммоларнинг сабаблари тўғрисида очиқ бир фикрнинг йўқлиги, юқоридаги муаммоларнинг ўз вақтида ечилмаслиги, чала ёки нотўғри ечилиши Тошкентда улкан норозиликлар келиб чиқиши сабабчиси бўлиши эхтимоли катта.

Юқоридаги холатлар Тошкент шахри аҳолисини нихоятда катта молиявий,
иқтисодий, маънавий инқироздан сиёсий инқироз сари жадал етакламоқда.

Тошкентдаги вазиятни беқарорлашиши Республикадаги вазиятни беқарорлашишига сўзсиз олиб келади. Бу эса Марказий Осиё давлатларидаги вазиятнинг беқарорлигига олиб келади.

(Давоми бор)

Мустақил иқтисодчи: Д.Шосалимов
Хуқуқ химоячиси: Ш.Рустамов

26.01.17й