O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон: Адлия вазирлиги ходимлари ва блоггерлар фермерлар ўрнига пахта тераяптилар

Ўзбекистон: Адлия вазирлиги ходимлари ва блоггерлар фермерлар ўрнига пахта тераяптилар
180 views
18 September 2012 - 11:38

Ўзбекистонлик таниқли блоггер, “Письма о Ташкенте” альманахининг муаллифи Евгений Скляревский душанба куни ёзишича, “Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Лангар” гуруҳидаги блоггерларни пахта теримида иштирок этишга таклиф қилди. Эрта тонгда вазирлик ходимлари билан иккита автобусда шаҳардан 30 чақирим нарида жойлашган Тўйтепага қараб йўл олдик. Пахта кўп, далага қараб кетгинг келмайди… Туман пахтакорлари режани 62 фоизга бажарганлар. Теримчиларга ҳар килограмм пахта учун 154 сўм тўланмоқда. Шахсан ўзим 10 килограмм териб қўйдим. Тушликка палов, шакароп, торвуз бердилар. Қўшни далада (маҳаллий раҳбарларнинг айтишича) Адлия вазирлигининг ходимлари пахта тераётган экан. Вақтни яхши ўтказдик, гурунглашдик, айниқса Лондондаги Паралимпиада ўйинларидаги делегациямиз раҳбари билан суҳбатимиз мароқли бўлди…”

Шундан кейин блоггер пахтани “мазза қилиб” тергани, 1982 йилда, шўролар даврида “пахтада янги йилгача қолиб кетганлари”ни эслади.

“Фарғона” аввал хабар берганидек, жорий пахта терим мавсумида, Ўзбекистоннинг тарихида илк бор мактаб ўқувчиларининг ўрнига катталарни пахта тершга олиб чиқаяптилар. Бу йил аввалги йиллардан фарқли ўлароқ пахта теримига олиб чиқишга нафақат бюджет ташкилотларининг ходимларига, балки тижорат дўконларининг сотувчиларига ҳам квота ажратилган.

Евгений Скляревскийнинг ёзувлари остига “J Silver” номи остида шундай шарҳ қолдирилган: “Советлар даврида пахтага чиқиш одатий ҳол эди, аммо замонлар ўзгарди, у пайтда пахта умумхалқ бойлиги эди, энди бўлса ҳар бир чиғаноқнинг ўз эгаси бор. Шунинг учун вазирлик ва маҳкамаларнинг ходимларини пахтага ҳайдаб, уларга 50 килограммдан норма белгилаш ва терилган пахта учун бор-йўғи 7700 сўм тўлаш ўта кетган тутуриқсизлик. Бориб еган овқатингни қопламайди, йўлкира ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Бундан кўра, теримчиларга кўпроқ пул тўлаш ҳақида ўйлаб кўрсалар бўлмайдими? Балки ўшанда одамлар ўз ихтиёрлари билан пахта теримига чиқарлар? Айтгандек, даланинг кўриниши расво. Буни шу ерга жойлаштирилган фотосуратдан ҳам кўрса бўлади. Экин майдони қўл учида қайта ишлангани билиниб турибди…”

Блоггерларни пахтага олиб чиқиш ғояси кимнинг калласига келгани номаълум. “Фарғона” таҳририятида бу сафардан нима мурод бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ.

 

fergananews.com